Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий тенденциялари нималардан иборат эди?
18:08 / 2020-01-09

Мамлакатнинг равнақи ва келажаги унинг иқтисодий муваффақиятлари билан боғлиқ.


Макроиқтисодий сиёсат ва иқтисодий ўсиш

Мамлакатнинг равнақи ва келажаги унинг иқтисодий муваффақиятлари билан боғлиқ. Шу боис, йил якунида қилинган ишлар сарҳисоб қилиниб, кейинги режалар белгиланиб олинади.

Хўш, республикамизда ўтган йилда эришилган ютуқларда қандай тенденциялар муҳим роль ўйнади?

2019 йил якунларига кўра, ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиш суръати 5,4 фоиз белгиланган прогноз кўрсаткичи ўрнига 5,5 фоизни ташкил этди ҳамда 2018 йилда эришилган 5,1 фоиз кўрсаткичидан юқори бўлди.

ЯИМ ўсиш суръати асосан саноатнинг 6,4 фоизга (прогноз – 5,2 фоиз), қурилиш 11,8 фоизга (8,4 фоиз) ва хизматларнинг 6,1 фоизга (6,3 фоиз) ошиши ҳисобига таъминланди.

Аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми 1 741 долларни ташкил этиб, 2018 йилга қараганда 13,6 фоизга ошди (2018 йилда – 1 533 доллар). 2017 йилда миллий валютанинг икки марта қадрсизланишига қарамасдан, 2019 йилда доллар эквивалентидаги ЯИМ ҳажми деярли девальвация амалга оширилган даврдаги кўрсаткични қайд этди.

Маълумот учун айтиш жоизки, номинал ЯИМнинг доллар эквивалентидаги ҳажми 2017 йилда 59,1 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2019 йилда қарийб 58,3 миллиард долларни ёки 99 фоизини ташкил этди. 2018 йилда бу кўрсаткич 
50,5 миллиард доллардир.

ЯИМ умумий ўсишида 1,9 фоиз банди хизматлар, 1,5 фоиз банди саноат, 0,9 фоиз банди қишлоқ хўжалиги, 0,6 фоиз банди қурилиш ва 0,6 фоиз банди маҳсулотга соф солиқлар ҳиссасига тўғри келди.

Иқтисодий ўсишнинг барқарорлиги иқтисодиёт тармоқлари томонидан ялпи таклиф ва ички талаб ўртасидаги ўзаро мувозанати, инвестицияларни юқори суръатда яъни 28,6 фоизга ҳамда аҳоли реал даромадларини 10 фоизга ўсишини қўллаб-қувватлаш ҳисобига таъминланди.

Бу каби эришилган натижаларга қарамасдан, аҳоли жон бошига ЯИМ ҳажми жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичидан анчагина орқада қолмоқда ва демографик ҳолатни инобатга олганда иқтисодиёт қамров даражасининг пастлиги, аҳоли даромадлари ва жамғармаларининг чекланганлигидан далолат беради.

Меҳнат бозорида кучли демографик босимнинг сақланиб қолиниши ва натижада етарли миқдордаги иш ўринларини яратиш муаммоси ишсизлик даражасини камайтириш масалаларини ҳал этишни мураккаблаштиради.

Мураккаб вазиятнинг асосий сабаблари

Бу биринчидан, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш жараёни жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, узоқ муддатни талаб этади. Иккинчидан эса бозор иқтисодиётини шакллантиришда фундаментал характерга эга бўлган муаммолар хусусан, мулкчиликка бўлган муносабат, товар ва хизмат бозорларини монополиядан чиқарилиши, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва унинг натижаларини тақсимлаш ҳамда фуқаролик жамиятини бошқариш жараёнларига имкони борича кўпроқ аҳолини жалб қиладиган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда инклюзив институтларни шакллантириш тўлиқ ҳал этилмади.

Инфляция даражаси

2019 йилда инфляция даражаси 15,2 фоизни ташкил этди ва бу прогноз бўйича 15,5 фоиздир.

Йил давомида озиқ-овқат товарлари 18,6 фоизга ошди, хусусан, нархларнинг эркинлаштирилиши натижасида 1-навли буғдой унидан тайёрланган нон ўртача 44,6 фоизга ҳамда гўшт маҳсулотларидан мол гўштининг нархи 26,6 фоизга қимматлашди.

Ноозиқ-овқат товарлар нархлари 10,9 фоизга ўсиб, улар орасида инфляция даражасининг ўсиши автотранспорт воситаларига ёнилғи нархларининг 20,8 фоизга ошиши билан боғлиқ.

Хизматларга тарифлар 15,2 фоизга ўсиб, бунда асосан тартибга солинадиган тарифлар яъни уй-жой коммунал тўловлари ўртача 17,8 фоизга, Олий таълим муассасаларида тўлов шартнома асосида ўқиш 30,6 фоизга ошган.

Инфляция даражасининг юқори бўлишига йўл қўймаслик учун чекловчи қатор чоралар кўрилди. Бунда товарлар бозорида рақобат муҳитини чекловчи, манзилли ва индивидуал характердаги солиқ имтиёзлари ва преференциялар бериш амалиёти бекор қилинди.

2019 йилда юқори инфляция даражасини сақланиб қолинишининг асосий сабаблари, тартибга солинадиган нархларнинг эркинлаштирилиши (3,6 фоиз), миллий валюта курсининг девальвацияси (3,7 фоиз), иқтисодиётга кредит қўйилмаларининг ўсиши, давлат бюджети тақчиллиги ва иш ҳақи (4,1 фоиз), инфляция кутилиши (2,1 фоиз) ва бошқа омиллар (1,7 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Инфляцияга таъсир этувчи таркибий омиллардан келиб чиқиб, 2020 йилда нархларнинг ўсиши прогноз параметрларини таъминлашнинг асосий йўналишлари қандай бўлади?

Бу тариф сиёсати билан биргаликда иқтисодиётнинг асосий тармоқларини монополиядан чиқариш ва таркибий ўзгариш жараёнларини фаоллаштириш, кредитларнинг ўсишини (25 фоиз) прогноз доирасида таъминлаш ва ҳаддан ташқари давлат бюджети тақчиллигининг ўсишига йўл қўймасликни талаб этади. Бундан ташқари, банк тизимида директив кредитлаш амалиётидан воз кечиб, молия бозорида рақобат муҳитини яратишга қаратилган ислоҳотлар давом эттирилади.

Шунингдек, иқтисодиётда меҳнат унумдорлигини ўсишига мувофиқ иш ҳақи миқдорини оширишга ўтилишини таъминлаш, бизнес ва аҳоли ўртасида энергия ресурслари тарифларининг ўсиши тўғрисида хабардорликни ошириш чораларини кўриш лозим.

Умуман олганда, ваколатли органлар инфляцияни пасайтириш тамойилига таянган ҳолда, самарали таркибий ўзгаришларни, инвестиция фаоллигининг ўсиши ва иқтисодий ўсишдан олинган даромадларни инклюзив тақсимлаш омиллари орқали амалга оширади.

Давлат бюджетининг ижроси

2019 йилда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 137 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 26,1 фоиз) ёки 2018 йилга нисбатан 27 фоизга кўпайди (2018 йилда даромадлар 108 триллион сўмни ташкил этган).

2019 йилда Давлат бюджети даромадлари ижроси 112,1 трлн. сўмни ташкил этиб, йил давомида белгиланган прогноз 9,5 трлн. сўмга ошириб бажарилган.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг даромадлари 24,3 трлн. сўмни ташкил этиб, белгиланган 19,0 триллион сўм прогноз, 5,4 триллион сўмга ошириб ижро этилди.

Давлат бюджети ва Пенсия жамғармаси даромадларининг кўпайишига қуйидаги асосий омиллар таъсир этган:

иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмининг реал ўсиши;

олиб борилган солиқ ислоҳотларига мувофиқ ҚҚС, юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи, мулк солиғи ва ер солиғининг солиқ базалари кенгайиши;

жисмоний шахслар даромад солиғида ягона 12 фоизли ставканинг жорий этилиши ва Пенсия жамғармасига суғурта бадалининг бекор қилиниши ҳисобига иш ҳақининг сезиларли ўсиши ҳамда солиқ маъмуриятчилигини кучайтириш муносабати билан иш ўринларини ташкил этиш ва легаллаштириши;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб, импорт қилинган товарлар учун бир қатор божхона имтиёзлари бекор қилинди.

Импорт қилинадиган товарларга қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзларнинг бекор қилиниши муносабати билан қўшимча даромад 828 млрд. сўмни ташкил этди. Бунда асосан, ёғоч маҳсулотлари - 220 млрд. сўм ва автомобилсозлик саноати - 213 млрд. сўмни ташкил этди.

2019 йилда Консолидациялашган бюджетнинг (Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари) харажатлари 144,7 триллион сўмни (ЯИМга нисбатан 27,6 фоиз)ни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 37 фоизга кўпайди. Улардан давлат бюджети харажатлари 117,8 триллион сўмни (ўсиш 49 фоиз) 
ёки тасдиқланган харажатларга нисбатан 12,2 триллион сўмга ортиқни ташкил этди.

Давлат бюджетининг қўшимча харажатлари асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси, давлат ҳокимияти органларининг қарорларига мувофиқ “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурларини амалга оширишга, ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш ва реконструкция қилиш (капитал таъмирлаш) учун сарф-харажатлар ҳажмини оширишга ҳамда давлат сектори ходимларига иш ҳақи тўлашга йўналтирилган.

Ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатлар, жумладан капитал харажатлар ҳисобга олган ҳолда 61,3 триллион сўмни ёки давлат бюджети харажатларининг 52 фоизини ташкил этди. Давлат сектори ходимларига иш ҳақини тўлаш харажатлари ҳажми 52,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 39 фоизга кўпайди.

Давлат қарзи билан боғлиқ хизмат харажатлари (фоиз харажатлар) 1,1 триллион сўмни ташкил қилиб, 2018 йилга нисбатан 3 бараварга кўпдир.

Консолидациялашган бюджет (Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари билан бирга) тақчиллиги 2019 йилда 7,7 трлн. сўмни ёкида ЯИМга нисбатан 1,5 фоизни ташкил қилди. Бунда давлат бюджетининг тақчиллиги ЯИМга нисбатан 1,1 фоизни ташкил этди.

Шу билан бирга, бюджет тақчиллиги ҳамда 2,1 триллион сўм асосий қарзни қоплаш харажатлари қуйидаги молиявий манбалар:

2019 йил бошига нисбатан республика бюджети ва Пенсия жамғармасининг қолдиқ маблағлари - 3,1 триллион сўм;

давлат томонидан чиқарилган облигациялар - 1,1 триллион сўм;

бюджетни қўллаб қувватлаш учун Халқаро молия институтларининг қарз маблағлари - 5,6 триллион сўм ёки 621 миллион АҚШ доллар эквиваленти ҳисобига қопланади.

Таркибий ислоҳотларни жадаллаштириш ва тармоқларни молиялаштириш

2019 йилда марказлашмаган инвестициялар биринчи навбатда иқтисодиёт тармоқларида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштиришга олиб келадиган ёқилғи-энергетика, тўқимачилик ва тикув-трикотаж, кимё, электротехника, заргарлик, металлургия ва бошқа саноат тармоқларини ривожлантириш дастурларини амалга оширишга йўналтирилди. Натижада, 145 та йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, иқтисодиётда саноатлашув даражаси ўсиш тенденцияси кузатилиб, ЯИМ таркибида саноатнинг улуши 2018 йилдаги 26,3 фоиздан 2019 йилда 29,0 фоизга ошди.

Йил якуни билан иқтисодиётга инвестициялар ҳажми 128,6 фоизга ўсиб, қарийб 21 миллиард долларни ташкил этди.

Бироқ бугунги кунда инвестициялар таркибида саноатга йўналтирилган инвестицияларнинг улуши 33,4 фоизини ташкил этганлиги юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган рақобатбардош тармоқларни яратиш учун етарли эмас.

Шу ўринда, инвестиция ва экспортга йўналтирилган тармоқларни ривожлантириш ўртасида ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлмай қолмоқда. Хусусан, инвестицияларнинг катта оқими, жумладан хорижий ва республиканинг тижорат банклари маблағлари кончилик тармоқларига (нефт хом-ашёси, табиий газ ва металл рудаларини қазиб олиш) тўғри келади. Қайта ишловчи саноат тармоқларида енгил саноат ва қурилиш материаллари асосий ўрин эгаламоқда.

Таъкидлаш жоизки, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг ўтган йилга нисбатан кескин ўсиши асосан нефт хом-ашёси ва табиий газ қазиб олиш, қурилиш материаллари ва енгил саноат тармоқларига йўналтирилган бўлса, юқори экспорт салоҳиятига эга бўлган машинасозлик, электротехника, металлургия, кимё ва фармацевтика каби саноат тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш нисбатан паст даражада бўлди.

Шунингдек, нефт ва газ, электр энергия ва ҳаво транспорти каби базавий тармоқларда бошланган таркибий ўзгартиришлар ҳали якунига етказилмади.

Тарифларни ошириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини яхшиламайди балки, соҳага қўшимча инвестициялар жалб қилишни таъминловчи нефт-газ 
ва электр энергия тармоқларида таркибий ўзгаришларга қаратилган 
чора-тадбирларни кечиктирмасдан ўз вақтида амалга оширишни талаб қилади.

Иқтисодиётда саноатнинг диверсификация жараёни паст даражада сақланиб қолмоқда, бундан келиб чиқиб, ҳолатни яхшилаш учун саноат тармоқларини ривожлантириш бўйича қабул қилинган 13 та тармоқ дастурларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш лозим.

Айрим маҳсулотлар бозорида (нефт маҳсулотлари, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқалар) талаб ва таклиф ўртасида номутаносибликлар кузатилмоқда.

Иқтисодиётнинг қатор тармоқларида таннархнинг юқорилиги ва меҳнат унумдорлигининг пастлиги маҳаллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозордаги рақобатбардошлигини пасайтирмоқда.

Асосий товар ва хизматлар бозорида давлат корхоналарининг монопол мавқеи сақланиб қолинмоқда. Жумладан, Озиқ-овқат, ёғ-мой ва пахта тозалаш саноатини бошқариш тизимида уларнинг иқтисодиётдаги монопол мавқеини пасайтиришга қаратилган ислоҳотлар якунланмади.

Марказлашган инвестициялар ҳажми ижтимоий ва саноат инфратузилмалари, шунингдек, бошқа давлат объектлар лойиҳаларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлиб, 2018 йилга нисбатан 66 фоизга ошди.

Вазирлик, идора ва маҳаллий бошқарув органлари капитал қўйилмаларнинг юқори ўсиш суръатларига қарамасдан, келгуси молиявий давр учун ажратилган бюджет маблағлари ҳажмига мос келмайдиган ва белгиланган муддатлар инобатга олинмасдан киритиладиган, инвестиция аризаларни тақдим этиш бўйича бюджет интизоми мавжуд эмас.

Шунингдек, айрим ижтимоий йўналишлардаги тармоқларни ривожлантириш стратегия ва концепцияларининг мавжуд эмаслиги, лойиҳа ташаббускорларига ажратилган капитал қўйилмаларни комплекс ва самарали ўзлаштиришини таъминламаяпти.

Вазирликлар, идора-буюртмачиларда лойиҳа ҳужжатларини техник тавсифларни ишлаб чиқиш тизими мавжуд эмас, бу эса бажариладиган ишлар харажатларининг асоссиз ўсишига, шунингдек, тасдиқланган ҳужжатларни ўзгартиришга олиб келади.

Бундан ташқари, алоҳида лойиҳалар (объектлар) бўйича ишларни бажариш билан лойиҳа ҳужжатлар бир вақтда ишлаб чиқиш амалиёти сақланиб қолмоқда, бу эса бюджет ажратмаларини режалаштиришда зарур бўлган капитал қўйилмалар миқдорини аниқ белгилашга имкон бермайди.

Ишларни бажариш вақтида лойиҳа ҳужжатларининг мавжуд эмаслиги бажарилган иш ҳажми нархининг ошишига, ишлаб чиқариш ва қурилиш жараёнларини ташкил этиш сифатини зарурий назоратини заифлашишига олиб келади.

Ташқи иқтисодий фаолият

Саноат ўсишининг рағбатлантирувчи муҳим омилларидан бири ташқи талаб бўлиб, у экспортнинг ўсиши билан ифодаланади. 2019 йилнинг 11 ойи натижаларига кўра, товарлар ва хизматлар экспорти (қимматбаҳо металлар ва табиий газдан ташқари) 122,7 фоизга ва экспортёр корхоналар сони 1 138 тага ошди.

Шу билан бирга, умумий экспорт таркибида хом-ашёга йўналтирилганлик даражаси сақланиб қолмоқда (57,2 фоиз), ёки товарлар экспортида ушбу кўрсаткич 70,8 фоизни ташкил этмоқда.

Хорижий сармоя иштирокидаги корхоналар томонидан товарлар ва хизматлар экспорти 2,3 млрд.долларни (умумий экспортнинг 14,1 фоиз), шундан хизматлар экспорти 54,1 млн.долларни ташкил этди.

Экспортнинг хом-ашёга йўналтирилишининг асосий сабаблари:

- тайёр маҳсулот таннархининг юқорилиги натижасида рақобатбардош эмаслиги (масалан қўшни давлатлардан маиший электр техникаларини импорт қилиш, божхона тўловлари ва транспорт харажатини инобатга олган ҳолда ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан арзонга тушади);

- миллий сифат стандартларини халқаро сатандартларга номувофиқлиги ёки уларни кўплаб хорижий мамлакатларда тан олинмаслиги ҳисобланади.

Мева ва сабзавотлар улуши жами экспортда 7 фоизни ташкил этиб ўтган йилга нисбатан 137,9 фоизга ўсди. Бунда асосий улушни сабзавотлар (38,7 фоиз) эгаллади. Ушбу маҳсулотларни экспорт қилинишига тўсқинлик қилувчи омиллар:

мазкур маҳсулотларнинг сифати импорт қилувчи мамлакатнинг фитосанитар талабларига мос келмаслиги; сақлаш қувватларининг етарли эмаслиги; хорижий улгуржи ва чакана савдо тармоқлари билан алоқаларнинг йўқлиги ҳисобланади.

Қайта ишлаш тармоқларида экспортнинг энг юқори ўсиш кўрсаткичи тўқимачилик маҳсулотларига (124,6 фоиз) тўғри келди. Шу билан бирга, ушбу маҳсулотлар экспортида ип калава экспортининг юқори улуши сақланиб қолинмоқда. Бунда, тармоқда GSP+ тизимига қўшилиш жараёнлари якунланмаганлиги, аралаш газламанинг йўқлиги тайёр маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, металлургия, чарм-пойабзал саноатида ишлаб чиқариш ҳажмлари ўсишига қарамай, ушбу тармоқлар бўйича экспорт ҳажми пастлигича қолмоқда.

2019 йилнинг январь-ноябрь ойларида экспортдан тушган валюта тушуми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизга ўсиб, табиий газ экспорти билан бирга 8,4 млрд.долларга етди. Бунда, 2019 йилнинг 1 декабр ҳолатига экспорт амалиётлари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи 501,7 млн.долларни ташкил этди.

2019 йилнинг 11 ойида товарлар импорти ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,5 млрд.долларга ўсиб, 19,8 млрд. долларни ташкил этди.

Унинг таркибида асосий улушни машина ва ускуналар, шу жумладан бутловчи ва эҳтиёт қисмлар (44,1 фоиз), кимё ва ундан тайёрланган маҳсулотлар (13 фоиз), шунингдек озиқ овқат маҳсулотлари (7,6 фоиз) эгаллади.

2019 йилнинг январь-ноябрь ойларида импорт тўловларининг суммаси 18,6 млрд.долларга етиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизга ўсган. Бунда, 2019 йилнинг 1 декабр ҳолатига импорт амалиётлари бўйича муддати ўтган дебиторлик қарзи 490,8 млн.долларни ташкил этди.