French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси тўғрисида ахборот
19:43 / 2016-03-31

2016 йил 31 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси очилди.

2016 йил 31 март куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи мажлиси очилди. Унда Вазирлар Маҳкамасининг таклиф этилган аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Н.Йўлдошев бошқарди.

Сенаторлар ўз ишини «Парламент назорати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқишдан бошлади. Таъкидланганидек, охирги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган ва парламент томонидан қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ парламентнинг давлат ҳокимияти тизимидаги ролини оширишга кўмаклашган чора-тадбирлар кўрилди, ҳокимият тармоқларини бўлиш конституциявий принципини босқичма-босқич рўёбга чиқаришга, Олий Мажлис, маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари ваколатлари ва назорат функцияларини кенгайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилди.

2014 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига парламент назорати институтини конституциявий тарзда мустаҳкамлашга, қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг назорат функцияларини янада кенгайтириш ҳамда кучайтиришга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қонун ҳужжатлари ижро этилиши учун жавобгарлигини оширишга қаратилган тузатишлар киритилди.

Мамлакатимиз Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросимда «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Кўриб чиқилаётган қонуннинг асосий мақсади Конституция ва қонунлар талабларининг ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ягона ва бир тизимга солинган қонунчилик базасини яратишдан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг зиммасига юклатилган вазифалар ҳамда функцияларнинг, шунингдек, муҳим давлат дастурларининг рўёбга чиқарилиши юзасидан ушбу давлат органлари фаолиятининг самарадорлигини ҳамда жавобгарлигини оширишдан иборат.

Қонунда парламент назорати субъектлари ва объектлари белгилаб берилган, унинг шакллари мустаҳкамланган, парламент назорати натижалари бўйича кўриладиган чора-тадбирлар тартибга солинган.

Жумладан, Олий Мажлис палаталари, палаталар қўмиталари (комиссиялари), сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар гуруҳлари, депутатлар ва сенаторлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) парламент назорати субъектлари қаторига киритилган.

Парламент назорати шакллари аниқ мустаҳкамлаб қўйилди. Қонунда мамлакат давлат бюджети ижро этилишини кўриб чиқиш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари юзасидан Бош вазирнинг ҳисоботини, ҳукумат аъзоларининг ахборотини, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Марказий банк ҳисоботларини эшитиш назарда тутилган. Парламент сўрови, депутат ва сенатор сўрови, Олий Мажлис палаталари қўмиталари томонидан қонун ҳужжатлари ижро этилаётганлигини ўрганиш, қабул қилинган қонунларни ижро этиш мақсадида қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини мониторинг қилиш, парламент текшируви сингари янги, бироқ амалиётда синалган парламент назорати шакллари мустаҳкамлаб қўйилган.

Мажлис чоғида қайд этилганидек, қонунда парламент назорати натижалари бўйича қабул қилиниши мумкин бўлган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларнинг, шунингдек, парламент назоратини амалга оширишда парламент назорати субъектлари ва давлат органлари мажбуриятларининг мустаҳкамлаб қўйилиши муҳим аҳамиятга эга.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши ҳокимият тармоқларини бўлиш конституциявий принципини рўёбга чиқаришни давом эттиришда, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимини яратишда, Олий Мажлиснинг давлат ҳокимияти органлари тизимидаги ролини кучайтиришда, қонун устуворлигини, қонунийликни, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунлари ижросини таъминлашда, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари зиммасига юклатилган вазифаларни ижро этиш учун уларнинг жавобгарлигини оширишда муҳим омил бўлади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан Олий Мажлиснинг қуйи палатасига киритилган «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини (янги таҳрири) кўриб чиқдилар. Қонун бухгалтерия ҳисобини тартибга солиш тизимини халқаро принциплар ва стандартларга мувофиқ такомиллаштиришга, бухгалтерия ҳисоби ошкоралигини оширишга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига аниқлик киритишга, бухгалтерия ҳисоби субъектлари раҳбарларининг ҳамда бухгалтерия хизматлари раҳбарларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ фарқлаб қўйиш орқали уларнинг жавобгарлигини оширишга қаратилганлиги таъкидланди.

Қонунда бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш тизимида уни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш натижасида аниқланган амалдаги қонун ҳужжатларидаги эскирган нормалар ва бўшлиқлар бартараф этилди. Айрим нормалар миллий қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишларга ва халқаро амалиётдаги бухгалтерия ҳисобини ривожлантириш тамойилларига мувофиқлаштирилди. Хусусан, бухгалтерия ҳисоби хизматининг раҳбарларига, унинг малака кўникмаларига, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва молиявий ҳисобот тузишга доир ишларга, бухгалтерия ҳужжатларини сақлаш муддатларига, шунингдек, ушбу соҳада ташқи ва ички назоратни ташкил этишга доир фаолиятга қўйиладиган талаблар аниқ белгилаб берилди. Хусусий мулк ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш юзасидан мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ишларни инобатга олган ҳолда қонунда кичик корхоналар ва микрофирмалар молиявий натижалар тўғрисида бухгалтерия балансидан ва ҳисоботдан иборат бўлган тайёр молиявий ҳисоботни тақдим этиши белгиланмоқда.

Бухгалтерларнинг жамоат бирлашмаларини тузиш имконияти тўғрисидаги норманинг қонунчилик йўли билан мустаҳкамланиши, сенаторларнинг фикрича, бухгалтерларнинг умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун зарур шарт-шароитлар яратади. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Сенаторларнинг фикрича, қонунда янги қоидаларнинг мустаҳкамлаб қўйилиши бухгалтерия ҳисобини юритиш принципларини, унинг мақсадлари ва вазифаларини тўлиқроқ очиб беришга, ушбу соҳада ошкоралик ва хавфсизликни оширишга, ички назорат тизимини мустаҳкамлашга, бухгалтерларнинг ва хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарларининг касбий фаолиятини кучайтиришга кўмаклашади.

Ялпи мажлис чоғида парламент юқори палатаси вакиллари «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунини кўриб чиқдилар. Ушбу қонуннинг асосий мақсади ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги амалдаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришдан иборат.

Ушбу қонун билан Жиноят кодексига, Жиноят-процессуал кодексига, Фуқаролик кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Техник тартибга солиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларга ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ҳамда қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, ушбу қонун билан қулай инвестиция имкониятларини ва ишчанлик муҳитини янада яхшилашга, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелда қабул қилинган «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини ижро этиш мақсадида «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштиришга, улар фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонунда белгиланган тартибга кўра акциядорлик жамиятининг устав капитали фақатгина қўшимча акцияларни чиқариш ва жойлаштириш йўли билан амалга оширилади. Боз устига хусусий акциядорларнинг камида учдан икки қисмининг розилигисиз солиққа оид ёки давлат олдидаги бошқа қарздорлик ҳисобига акциядорлик жамиятларининг устав капиталидаги давлат улушини шакллантириш ёки ошириш тақиқланади.

Мазкур қонун билан «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Сенаторларнинг фикрича, ушбу ўзгартишлар геологик-тадқиқот ишларининг самарадорлигини янада оширишга ва ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида рақобат муҳитини яратишга, шунингдек, республика минерал хомашё базасидан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини яхшилашга кўмаклашади.

Қонунда суд-ҳуқуқ соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонун билан Жиноят кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга жисман ишлатиб бўлинган ҳамда маънавий эскирган асбоб-ускуна ва технологияларни олиб кирганлик ҳамда ўрнатганлик учун жавобгарликнинг янада кучайтирилишини назарда тутувчи тузатишлар киритилди. Бу тармоқларни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, иқтисодиётни ислоҳ қилиш бўйича мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг самарадорлигини оширишга, шунингдек, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт салоҳиятини, рақобатбардошлигини юксалтиришга кўмаклашади.

Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш тартибини, паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Фуқаролик кодексига киритилган тузатишларга мувофиқ турар жойларни ижарага бериш, текинга фойдаланишга бериш, улардан мақсадли фойдаланилаётганликни назорат қилиш тартиби такомиллаштирилди.

11.jpg

Сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Мустақиллик йилларида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича мамлакатда қонун устуворлигини, қонунийликни таъминлашга, фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги таъкидланди.

Қонунчилик базасини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва қонунларни сўзсиз ижро этиш, фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш – демократик ҳуқуқий давлатни шакллантириш, хусусий мулк ва тадбиркорлик ривожланишини жадаллаштириш ҳамда унинг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни янада кучайтиришнинг муҳим шартларидан биридир.

Прокуратура органлари ушбу чора-тадбирларни самарали бажаришда муҳим роль ўйнайди. Прокуратура органларининг зиммасига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига мувофиқ қонунларнинг аниқ ва бир хилда ижро этилаётганлигини назорат қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш вазифалари юклатилган.

Шу билан бирга мажлисда таъкидланганидек, мамлакатимиз Конституциясида белгиланган «прокуратура органларининг Олий Мажлис Сенати олдида ҳисобдорлиги»ни таъминлаш ва рўёбга чиқаришда Бош прокуратура ва унинг маҳаллий органлари фаолияти устидан парламент назоратининг таъсирли механизмини йўлга қўйиш зарур.

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 23 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишдаги маърузасида парламент назоратини ва прокуратура органлари фаолиятининг қонунийлигини кучайтириш заруратига алоҳида урғу берилганди.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини янада такомиллаштириш, мамлакатда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш бўйича прокуратура органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида жорий йилнинг 19 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссиясини тузиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ Комиссиянинг зиммасига қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ва уларнинг ишлаш усулларини янада такомиллаштириш юзасидан прокуратура органлари фаолияти, уларнинг зиммасига юклатилган вазифалар самарали бажарилаётганлиги устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш вазифалари қўйилди.

Қарорда Комиссия аъзолари сенаторлар орасидан уларнинг ваколатлари муддатига республиканинг барча минтақаларидан вакил бўлган ўн беш кишилик таркибда Сенат томонидан сайланиши белгиланган.

Шу муносабат билан батафсил ва ҳар томонлама муҳокамадан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг прокуратура органлари фаолияти устидан назорат қилувчи комиссияси таркибини туздилар ва тасдиқладилар.

Прокуратура органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, қонун устворлигини ва қонунийликни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, прокуратура органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳар томонлама ўрганиш ва умумлаштириш, прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ҳамда уларнинг ишлаш усулларини янада такомиллаштиришга доир таклифлар ишлаб чиқиш бўйича прокуратура органлари зиммасига юклатилган функцияларнинг самарали бажарилиши устидан мунтазам парламент назоратини амалга ошириш вазифалари Комиссия зиммасига юклатилди.

Шундан сўнг сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар. Омбудсманнинг ўтган йилдаги фаолияти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилаётганлиги устидан парламент назоратини амалга ошириш, бу соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга кўмаклашиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганлиги таъкидланди.

Ҳуқуқий маданиятни ошириш ва фуқарорлик жамияти институтларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда суд тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, уларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолияти устидан жамоат назорати механизмини такомиллаштириш юзасидан қатор тадбирлар ўтказилди.

Омбудсман томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилаётганлиги тўғрисидаги мурожаатлари кўриб чиқилишига, уларни тиклаш бўйича қонуний чоралар кўришга алоҳида эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданият ва ҳуқуқий саводхонлик ошиб бораётганлиги қайд этилди.

2015 йилда омбудсман социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва суд-ҳуқуқ соҳаларидаги демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор қонунларни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди. «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида»ги Сенат қарорини рўёбга чиқариш юзасидан катта ишлар амалга оширилди.

Муҳокама чоғида сенаторлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қатор таклиф ва тавсиялар билдирди.

Шундан сўнг сенаторлар ўз конституциявий ваколатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2015 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитди. Мамлакатимиз давлат бюджетини ижро этиш бўйича ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан парламент назорати кучайтирилаётган бир шароитда Ҳисоб палатасининг профессионал фаолият кўрсатиши бюджет маблағларининг аниқ мақсадда ва самарали сарфланишини назорат қилиш ва таъминлашнинг таъсирли механизмларидан бири эканлиги таъкидланди. Ҳисоб палатасининг фаолиятини ҳар томонлама ва комплекс таҳлил қилиш, унинг ишларини янада такомиллаштириш бўйича сенаторлар томонидан тавсиялар ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш Олий Мажлис Сенатининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

Ҳисоб палатасининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 16 январда бўлиб ўтган ҳамда 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига ва 2015 йилдаги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар асосида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг 2014 йилдаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот ташқи аудитдан ўтказилди ва баҳоланди, Ўзбекистон Республикаси давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсати асосий йўналишларининг лойиҳаси экспертизадан ўтказилди. Аудит ва экспертизалар натижалари бўйича Вазирлар Маҳкамасига Ҳисоб палатасининг тегишли хулосалари киритилди.

Ҳисобот йилида Ҳисоб палатаси томонидан мамлакатнинг 90 та муассасасида 30 та назорат йўналиши бўйича назорат тадбирлари ўтказилди.

Мамлакатнинг айрим минтақаларида биргаликда олиб борилган текширувлар натижалари бўйича маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кўпайтириш ва харажатларини мақбуллаштириш юзасидан қўшимча захиралар белгилаб олинди, шунингдек, давлат дастурларини рўёбга чиқариш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга баҳо берилди.

Назорат тадбирлари якунларига кўра текширилган вазирликлар ва идоралар манзилига Ҳисоб палатасининг 28 та кўрсатмаси юборилди. Ушбу кўрсатмалар текширув давомида аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини бартараф этишга доир тадбирлар рўйхатидан, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга доир таклифлардан иборат. Ҳисобот даврида кўрилган чора-тадбирлар натижасида 75,9 миллиард сўм давлат фойдасига ундирилди.

Ҳисоботни муҳокама этиш чоғида сенаторлар Ҳисоб палатасининг назорат тадбирларини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга, молиявий ҳуқуқбузарликларни камайтириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўришга ҳамда келажакда уларнинг олдини олишга қаратилган ўз тавсияларини берди. Давлат бюджети ижро этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириш соҳасида Ҳисоб палатаси ва Олий Мажлис ҳамкорлигини кучайтиришга доир таклифлар ишлаб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати бешинчи ялпи мажлисининг биринчи куни ниҳоясига етди.


Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Ахборот хизмати