Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик қонун ҳимоясида
12:04 / 2019-12-23

Бугун дунёнинг мафкуравий манзараси соат сайин эмас, ҳар лаҳзада ўзгариб бормоқда.


Бугун дунёнинг мафкуравий манзараси соат сайин эмас, ҳар лаҳзада ўзгариб бормоқда. Худдики, дайди шамолни қўлга ўргатиш дунёдаги айрим миллатпараст гуруҳлар фаоллашуви, сунний ва шиа ўртасидаги мазҳабпарастлик, муросасизлик каби беқарор вазиятнинг ким ва қайси томонга оғиб кетаётгани билишдан кўра осонроқдек.

Ўзбекистон ўзининг неча минг йиллик бағрикенглик анъанаси шарофатидан нафақат минтақада балки дунё халқларининг тинчлиги ва омонлиги учун намуна бўлиб келмоқда.

Хўш, Ўзбекистонда қандай бағрикенглик анъанаси мавжуд? Бу юрт қандай тарихий қадриятлар лабораторияси? Авесто таълимотини тарихнинг не-не синовлари-ю, офатларидан омон сақлаб келган Хоразмнинг тилсимли қальалари…

Жануби-Шарқий Осиё эмас, қадим Сурхоннинг Айритом, Далварзинтепа манзилгоҳларидан топилган уд чалаётган будда ҳайкалчасидан япон археологлари ҳайрати…

Бутун Марказий Осиёда христиан дини учун бағрикенглик қадриятларига содиқ қолиб, қадимий черков қўнғироғи овозларини фитна шамолларидан асраб келаётган улуғвор Ургут тоғлари...

Тарихчи Абул Ҳаким Самарқандий “Самарқандда бир чашма борким, жаннат чашмаларидандур ва у Оби Раҳмат ариғи яқинидадур. Машойихлардан баъзиларининг айтишларига қараганда, ушбу сув Дониёр пайғамбар қабрлари ёнидан ўтади...” дея таърифлаган Ҳазрати Дониёр зиёратига шошаётган мусулмон бўлсин, христиан бўлсин, келинг яҳудий бўлсин зиёратчилар иноқлиги...

Арабистон ярим оролида таваллуд топган ислом дини Моворауннаҳр илм бешигида Ал-Бухорийнинг “Ал-жомеъ ас-Саҳиҳ”, Аз-Замахшарийнинг “Ал-Муфассал”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарларидан топган камоли…

“Қайси миллат боласи бўлмасин, бошига бир лаган тилла билан сарҳадимнинг у бурчагидан то бу бурчагигача юрса ҳам ҳеч ким унинг омонатига хиёнат қилмайди", дея адолат ва бирликни кафолатлаган Соҳибқирон донолиги-ю, “Темур салтанатга фақат бир маданиятни мажбуран киритмасдан, аксинча турли маданиятларни қўшиб бугунгача яшаб келаётган Евроосиё ғоясини шахсан ишлаб чиққан жаҳондаги биринчи шахс эди” деган америкалик олим Р.Нельсон иқрори…

Дунё тарихида энг узоқ 332 йил ҳукмронлик қилган Бобурийлар сулоласи асосчиси Заҳириддин Бобурни эсланг. Ҳиндистон озодлиги намоёндаси Жавоҳарлал Нерунинг унга нисбатан босқинчи эмас, “дилбар шахс”, дея эътирофи…

Урушнинг қаҳрли кунлари қаддимизни букиб қўйган бўлса-да, “Сен етим эмассан” шиорини қалбига муҳрлаган темирчи ота Шомаҳмудовлар жасорати…

Ўзбек заминида камол топган қрим-татар ўғлони Фебзи Якубов дунё халқлари ҳақида жадвал тузишни таклиф этиб: “Айтайлик Сингапур микротехнология, Германия саноат техникаси, Нидерландия қишлоқ хўжалигида энг илғор ўринда туради десак, унда шак-шубҳасиз Ўзбекистон бошқа миллат ва элатларнинг шаъни ва қадр-қимматини қадрлашни энг олий ўринда туради”, дея фахрланиши...

Собиқ Исроил элчисининг “Бу мамлакат (Ўзбекистон) яҳудийлар қувғин қилинмаган дунёдаги ягона мамлакатдир. Ҳамма ерда яҳудийлар қувғинга учраганда бу юрт уларни кўксидан итармади. Хўрламади”, дея ташаккур билдиргани-ю, темирчи Шомаҳмудов хонадонидан паноҳ топган яҳудий бола Аврам қувончи...

Пак Николаевич, Қонунчилик палатаси депутати, “Корейс” миллий маданият маркази раҳбари “Бизни 38 кун деганда Корея ярим оролидан Ўзбекистонга олиб келишди. Поезддан тушдик. Ҳамма ёқ оппоқ қор. Изғирин. Мени шундай изғириндан ўзбек аёли Муяссар холанинг қайноқ кулчалари асраб қолди. Умримнинг охиригача шу кулчалар ифори билан яшайман”, дея дахлдорлик ҳиссида яшаётган Пак Николаевич шкуронаси...
1989 йилнинг май ойида Фарғона вилояти Қувасой туманида месхети турк ва ўзбеклар ўртасидаги олдиндан режалаштирилган қонли воқеаларни тинч йўл билан ҳал этишдан бошланганди.

Портлаш ҳолатидаги вазиятга масъул раҳбарлар “Бир тарелка қулупнай” можароси қабилида бефарқликка берилган бир пайтда ўзидан воз кечган истиқлолимиз асосчисининг фидокорлигини эсланг.

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойили ижобатидан 2005 ҳамда 2010 йилги “Андижон воқеалари” фонидаги миллий низо ва фожиалари демократия “доҳийлари” ўйлагандек инқилобга айланмади. Грузия, Украина, Қирғизистонда ўхшаган “Лолақизғалдоқ сценарийси” юртимизда ўхшамади.

Мусаффо осмонимиз калхатлар эмас, қалдирғочлар учун асраб қолинди. Бугунги янгиланиш, шиддатли тараққиёт учун пойдевор ўрнатилди.

ЯНГИЛАНАЁТГАН ЎЗБЕКИСТОН

Бугун барча соҳаларда ривожланишнинг янги босқичига чиққан Ўзбекистоннинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам тотувлик ва бағрикенглик масаласига алоҳида урғу берилган.

Айнан бешинчи йўналишнинг диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани давлат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътиборининг намунаси бўлди.

Ўзбекистоннинг қардош давлатлар билан муносабатлари янада ривожланди. Юртимиз томонидан дунё дипломатия оламида “Афғонистон нотинчлик макони эмас, имкониятлар мамлакати” деган эзгу шиор ўртага ташланди. Минтақа хавфсизлиги, миллатлараро тотувлик қадриятларига содиқлик исботи ўлароқ, “Обод қишлоқ” дастури “Манас” массивидан бошланди, Термиз шаҳрида диний маърифатсизликдан азият чекаётган 100 нафарга яқин афғонистонлик йигит-қизлар таълим олишидек имконият яратилди.

Ўтган 2018 йилнинг 12 декабр куни БМТ томонидан Ўзбекистон ташаббуси асосида “Маърифат ва диний бағрикенглик” Резолюцияси қабул қилинди.
Энди диний муросасизлик, исломий жаҳолатдан азият чекаётган юртларда асл ислом маърифатини тарғиб этишдек ҳуқуқий ҳужжатга асос солинди.

Башариятнинг таълим олиш ҳуқуқи, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинлигини таъминлаш кафолатланди.

БУ НИМА ДЕГАНИ?

Бу дунё сиёсатчилари бугунги чигал ва мураккаб бир замонда “Дунёни ҳақиқатдан ҳам гўзаллик қутқарармикан?” деб боши қотиб турган бир пайтда бу ҳужжат уларга “Дунёни маърифат қутқаради” деган ҳаётий ҳақиқат тикланди дегани.

Бу кеча адашган, бугун ўз юртига нисбатан адоватда бўлган юртдошларимиздан душман ясагандан кўра, уларни афв этиш, юртига қайтариб, ҳам имкон ҳам назорат қилишдек самарали усулдан халқ таскин топяпти дегани.
Тожикистонда Имомали Раҳмон, Тошкентда Режеп Таййип Эрдўғон Ўзбекистон Президенти нутқини тинглаб олқишлаган халқига қарата “Шавкат Миромонович, қалбингизни забт этишидан қўрқаман”, дея халқини қизғанаётганини кўриб, юртдошларимизнинг келажакка бўлган ишончи ортяпти дегани.

Зиёрат туризми учун келаётган сайёҳлар учун Ўзбекистонда “Ҳалол” стандарти жорий қилинди, Ўзбекистонда илк бор исломий “AzonFM” онлайн радиоси фаолият бошлади, “Маданият ва маърифат” каналида “Сўраган эдингиз”, “Қуръони каримни ўрганамиз”, “Олтин силсила”, “Битиклар мутолааси” деб номланган диний кўрсатувлар эфирга узатила бошланди, “Ҳадиси шариф билимдони” танлови ўтказилди, Ўзбекистоннинг яқин 20 йиллик тарихида илк марта Ўзбекистон Республикаси Президенти халқни расман ҳайит байрами билан табриклади, экстремизм фаолиятига адашиб жалб қилинган шахслардан 16 мингдан зиёди “қора рўйхат”дан чиқарилди, ҳаж квотаси 7200 нафар (олдин 5200 эди), умра квотаси 10000 нафар (олдин 6000 эди) қилиб белгиланди, масжидларда илк бора кар-соқовлиги бўлган диндорлар учун жума маърузаларида сурдо тилидан фойдаланиш йўлга қўйилди дегани.

Тожикистонда концерт дастури, Тошкентда турк тадбиркорлари билан учрашувда Ўзбекистон Президентининг оташин нутқи-ю, юксак олқишлардан сўнг Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон, Туркия президенти Режеп Эрдўғоннинг “Менда ҳозир шундай фикр пайдо бўлди. Ўзбекистон Президенти қалбингизни ром этишидан хавотирдаман”-деган ҳазиломуз жумлалари юртимиздаги бағрикенглик, тотувлик сиёсатига берилган баҳо бизнингча!

ХУЛОСА ЎРНИДА

Сизни билмадим-у, тотувлик ва бағрикенглик ҳақида ўйласам “Сен етим эмассан” фильмидаги тарелкадан қора нон бўлакларини олаётган, охирида эса ушоқларни териб олаётган чуваш миллатига мансуб болакай Самуғнинг қўллари кўз олдимда намоён бўлаверади.

Урушдан сўнг Шомаҳмудовлар оиласига келиб, оиланинг кенжа қизи Олга Шомаҳмудовани олиб кетмоқчи бўлган акасига “Энди кетмайман“ деб туриб олган, бугун чеварасини қучиб соф ўзбек тилида дуо қилаётган Олга-Холида бувининг нурли сиймоси гавдаланаверади.

Аҳмад Шаҳиндек БМТ дин ва эътиқод эркинлиги бўйича махсус маърузачининг юртимизга ташрифи-ю, Ўзбекистоннинг виждон эркинлиги хавфлилигидек қора рўйхатдан чиқаришдек фидоийлик сабаб хорижий инвесторлар ҳам юртимизга талпинаётгандек бўлаверади.

Албатта, бу каби тенглик принципининг асоси мамлакатимизда қайси миллат ва элат вакили бўлмасин, унинг барча ҳақ-ҳуқуқлари ва эзгу орзу-умидлари қонун билан кафолатлаб қўйилганлигидадир.

Жумладан, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтган сайлов жараёнларининг ўзбек ва рус тилларида, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида чоп этилгани, республика миқёсидаги газеталар томонидан номзодларга ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларида ташвиқот учун “Народное слово”, “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида бепул нашр майдони яратиб берилганлиги ҳам яққол далилдир.

У.Ҳатамов​, 

Навоий вилоят адлия 

бошқармаси бўлим бошлиғи