Ўзбекистон – Ҳиндистон: тиббиёт йўналишидаги қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди
Ўзбекистонда тиббиёт тизимини такомиллаштириш, уни илғор стандартлар асосида ташкил этиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистонда тиббиёт тизимини такомиллаштириш, уни илғор стандартлар асосида ташкил этиш, соҳага хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан Ҳиндистоннинг “Pratiksha Hospitals Group” компанияси бошқаруви директори Нишант Бажаж билан ўтказилган учрашув ҳам шу йўналишдаги ишлардан бўлди.
Ҳиндистонлик тадбиркор “Pratiksha Hospitals” клиникаси билан Самарқанд шаҳрида кардиологияга ихтисослашган замонавий тиббиёт маркази қуриш лойиҳаси амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
“Қарийб 6 ойдан буён бутун дунёда давом этаётган пандемия туфайли юзага келган қийинчиликларга қарамасдан ўзбекистонлик ҳамкорлар билан қўшма лойиҳамизни жадал давом эттираяпмиз. Режага кўра биринчи босқичда 80 ўринли шифохона ўз фаолиятини бошлайди. Лойиҳани 2020 йил охирига қадар тўла якунлашни режалаштирганмиз”, – деди Н.Бажаж.
“Pratiksha Hospitals Group” томонидан Самарқанд шаҳрида яқин келажакда яна бир қўшма лойиҳа – замонавий кўп тармоқли шифохона қуришга тайёргарлик кўрилмоқда. Бундан ташқари, ҳинд компанияси Термиз шаҳрида замонавий диагностика маркази ва клиника ташкил қилиш бўйича маҳаллий ҳамкорлар билан ишларни давом эттирмоқда.