Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес-форуми
16:39 / 2015-03-10

Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика компаниялари вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Тошкентда Ўзбекистон ва Ҳиндистон фармацевтика компаниялари вакилларининг бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистон давлатлари ўртасидаги самарали ҳамкорлик фармацевтика тармоғида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда фармацевтика саноатини ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, мамлакатимизда импорт ўрнини босадиган товарлар турини кенгайтириш ва соҳа корхоналарининг экспорт салоҳиятини юксалтиришга доир самарали чора-тадбирлар амалга оширилаётир. “Ўзфармсаноат” давлат акциядорлик концерни бу борада алоҳида ўрин тутмоқда. Концерн томонидан дори-дармонлар, биопрепаратлар ва ташхис ускуналарини ишлаб чиқариш кенгайтирилиб, аҳолини зарур доривор препаратлар билан таъминлаш тизими ривожлантирилмоқда.

Ўзбекистон фармацевтика компаниялари вакиллари мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги салоҳияти ҳақида сўз юритди. Юртимизда 1150 га яқин турдаги доривор ўсимликлар ўсади. Ана шу доривор ўсимликлардан 1400 дан ортиқ замонавий дори-дармон воситалари ишлаб чиқарилаётир. Ушбу йўналишда фаолият кўрсатаётган саккизта илмий-тадқиқот институти олимлари янги препаратлар яратиш устида ишламоқда. Бу эса ишлаб чиқарувчиларни кўпайтириш, маҳаллий препаратлар тайёрлашни кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Соҳага инвестициялар жалб этилаётгани самарасида дори-дармон ва тиббиёт ускуналарини ишлаб чиқариш муттасил кенгайиб бормоқда. Хусусан, 2014-2016 йилларга мўлжалланган инвестиция дастури доирасида элликдан ортиқ бизнес-лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон фармацевтика компаниялари Германия, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Россия, Туркия, Польша, Болгария, Чехия ва бошқа мамлакатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ҳиндистон ишбилармонлари Ўзбекистон фармацевтика саноатида эришилаётган ютуқларни юқори баҳолади ва бу борадаги ўз тажрибаси билан ўртоқлашди.

– Ушбу бизнес-форумнинг ўтказилиши ҳар икки мамлакат учун катта аҳамиятга эга, – дейди Ҳиндистон фармацевтика воситалари экспортини ривожлантириш кенгашининг (Pharmexcil) минтақавий директори Абхай Сингх. – Биз тажриба алмашишдан ташқари, келажакдаги ҳамкорлик йўналишларини ҳам белгилаб олдик.