Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон – Германия: Ҳамкорликнинг янги босқичи бошланаяпти
12:44 / 2019-11-19

Ўзбекистон билан Германия ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик тарихга эга. Кейинги йилларда олий ва ўрта махсус таълим тизимида икки томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда.

Ўзбекистон билан Германия ўртасида фан ва таълим соҳасидаги ҳамкорлик узоқ йиллик тарихга эга. Кейинги йилларда олий ва ўрта махсус таълим тизимида икки томонлама алоқалар жадал ривожланмоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда 19 мингдан зиёд талаба немис тилини ўрганмоқда. 800 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба ва илмий тадқиқотчи Германия олий таълим муассасаларида таҳсил олмоқда.

Жорий йилнинг ўтган даврида 89 нафар профессор-ўқитувчи Германия Федератив Республикасида малака оширди ва стажировка ўтади. Шу билан бирга 22 нафар талаба магистратура ва 5 нафар изланувчи докторантура дастурлари бўйича таҳсил олиш учун юборилди. Германиядан 81 нафар профессор-ўқитувчи ва мутахассислар талабаларга ўқув машғулотлари ҳамда мастер класслар ўтиб бериш учун юртимизга келди.

Урганч давлат университети ва Германиянинг Гёте институти ўртасида 2018-2021 йилларга мўлжалланган немис тили ўқитишнинг ўқув-услубий жараёнини яхшилаш бўйича ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Эразмус+ дастурининг RENES лойиҳаси доирасида Урганч давлат университети ва Берлин техника университети билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган.

Жорий йилда Вайенштефан-Триздорф амалий фанлар университети президенти Эрик Вауллет билан Урганч давлат университетида “Агро менежмент” мутахассислигини очиш бўйича қўшма таълим дастури ташкил қилиш бўйича меморандум имзоланди. Айни вақтда имзоланган меморандум асосида 2019-2020 ўқув йили учун “Агро менежмент” мутахассислиги бўйича қўшма таълим дастури асосида 5 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ҳузуридаги Чет тилларини ўқитишнинг инновациявий методикаларини ривожлантириш республика илмий-амалий марказида немис тили профессор-ўқитувчиларининг малака ошириш курсларида DLL-Deutsch lehren lernen (немис тили ўқитишни ўргатиш) дастури Гёте институти билан ҳамкорликда жорий этилмоқда.

Дастур АҚШ, Европа ва Осиё мамлакатларида немис тили ўқитувчиларининг касбий маҳоратини ошириш, хорижий тилларни ўқитиш методикаси соҳасида билимларни янгилаш, замонавий таълим технологияларини ўзлаштириш ҳамда тайёр мультимедиа материалларидан ўқув жараёнида фойдаланиш мақсадида немис тили етакчи мутахассислари томонидан яратилган ўқув-услубий адабиётларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда Берлин техника университети билан Тошкент давлат техника университети ҳамда бир қатор олий таълим муассасалари Европа Иттифоқининг Эразмус+ дастурлари доирасида “Космик тизимлар ва алоқалар бўйича янги ўқув дастури” мавзусида 2019/2022 йилларга мўлжалланган лойиҳа амалга оширилмоқда.

Германиянинг Бонн университети билан ЮНЕСКО ҳамкорлигида 2001-2011 йилларда “Хоразмда ер ва сув ресурсларидан фойдаланишни иқтисодий ва экологик жиҳатдан такомиллаштириш” мавзусида қиймати 10 миллион евро бўлган ЗЕФ/ЮНЕСКО халқаро илмий лойиҳаси амалга оширилди. Лойиҳа давомида Ўзбекистондан 54 нафар тадқиқотчи Германияда таълим олиб илмий-тадқиқот ишларини олиб борди. Уларнинг 32 нафари Германияда PhD илмий даражасига эга бўлган.

2019/2020 ўқув йилидан бошлаб ТДТУнинг Авиакосмик технологиялар факультетида “Амалий коинот технологиялари” бакалавриат таълим йўналиши ҳамда “Амалий космик технологиялар” магистратура мутахассисликларига талабалар қабул қилинди. Уларнинг ўқув режалари Берлин техника университети мутахассислари билан келишилган ҳолда шакллантирилди.

Германия олий таълим муассасалари билан авиация ва космик технологиялар бўйича қуйидаги бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари – ҳаво кемаларидан техник фойдаланиш, авиасозлик, амалий космик технологиялар, радиоэлектрон қурилмалар ва тизимлар (саноат/авиация), ҳаводаги харакатни бошқариш, учувчисиз авиация мажмуаларидан техник ва технологик фойдаланиш, дизайн (саноат) ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилган.

Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш ишлари давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олин
ди.