Ўзбекистон фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатларга оид ҳужжатга қўшилмоқда
Ўзбекистон фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатларга оид ҳужжатга қўшилмоқда
Сенаторлар “1993 йил 22 январдаги Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга доир Баённомани (Москва, 1997 йил 28 март) ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини маъқуллади.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати 2019 йил 24 август куни “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенцияга (Кишинев, 2002 йил 7 октябрь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонунни маъқуллади.
Бу Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси, Арманистон, Украина, Тожикистон, Грузия ва Молдова ваколатли органлари бир-бири билан ўзларининг марказий, ҳудудий ва бошқа органлари орқали ҳамкорлик қилиши учун ҳуқуқий асослар яратишга кўмаклашади.
Бироқ, ушбу қонун талаблари Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатларга татбиқ этилмайди, чунки Россия Федерацияси 2002 йил 7 октябрда Кишиневда имзоланган Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланмайди.
Шу билан бирга, Минск конвенцияси доирасида кўриб чиқиладиган ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги сўровларнинг кўпчилиги Россия Федерацияси улушига тўғри келади. Қонун Минск конвенцияси иштирокчи мамлакатлари ваколатли органларининг ўзаро муносабатларини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.