Ўзбекистон-Франция: янги босқичдаги муносабатлар арафасида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига расмий ташрифи доирасида Парижда икки мамлакат ишбилармон доиралари, илм-фан, маданият намояндаларининг қўшма тадбирлари бўлиб ўтди. Қуйида ушбу тадбирларда Франция жамоатчилиги вакиллари билдирган фикрлар билан танишасиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига расмий ташрифи доирасида Парижда икки мамлакат ишбилармон доиралари, илм-фан, маданият намояндаларининг қўшма тадбирлари бўлиб ўтди. Қуйида ушбу тадбирларда Франция жамоатчилиги вакиллари билдирган фикрлар билан танишасиз.Фергал ГОЛДИНГ, “Sofrecom” компаниясининг минтақавий директори:
– Ўзбекистон жадал суръатларда ривожланмоқда. Бу жараёнда мамлакатда ишбилармонлик муҳити яхшиланиб, хорижлик инвесторлар учун яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар яхши самара бериши табиий, албатта.
Компаниямиз телекоммуникация ва консалтинг хизматларини амалга оширади. Биз Ўзбекистондаги қулай ишбилармонлик муҳитидан фойдаланган ҳолда, “Ўзбектелеком” компанияси билан телекоммуникация соҳасида ҳамкорлик қилишни режалаштирганмиз. Албатта, режаларимиз улкан, янги ғоя ва таклифларимизни ҳаётга татбиқ этиш ниятидамиз. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ҳамкорларимизнинг тажрибаси ҳам биз учун ғоят қадрлидир.
Эммануэль ДЮПЮИ, Европада истиқболли таҳлил ва хавфсизлик институти президенти:
– Ўзбекистон Президентининг Францияга илк расмий ташрифи тарихий воқеадир. Бу ташриф икки мамлакат ўртасида иқтисодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли.
Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати очиқлик, дўстлик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш тамойилларини ифода этади. Бу жиҳат Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида ўз нуфузига эгалиги ва позициясини мустаҳкамлаб бораётганида ҳам кўзга ташланади.
Ўзбекистон ва Франция ҳамкорлигининг янги босқичи бошланмоқда. Бу борада нафақат савдо-иқтисодий, балки бошқа жабҳаларда ҳам алоқалар мустаҳкамланаётгани эътиборга молик.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг расмий ташрифи доирасида Францияда Буюк ипак йўли давлатлари маданият кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Бу тадбир нафақат Шарқдан Европага йўл очиш, балки Ўзбекистон билан Франция ўртасида бутунлай янги муносабатларни шакллантиришга асос бўлади.
Арно САРЕД, “Natixis” инвестиция банки экспортни молиялаш бўлими раҳбари:
– Ўзбекистон Президентининг Францияга расмий ташрифи иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали бўлиши кутилмоқда. Биз Ўзбекистоннинг йирик молия муассасалари билан муносабатларни йўлга қўйиб, қайта тикланувчи энергия манбаларига оид лойиҳаларни молиялаштиришни режалаштирганмиз. Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биз бу соҳадаги тажрибамизни Ўзбекистонга ҳам татбиқ қилиб, тажриба алмашишдан манфаатдормиз.
Президент ташрифи доирасида жуда муҳим ва салмоқли ҳужжатларни имзолаш арафасида турибмиз. Ишонамизки, келажакда бизни биргаликда катта лойиҳаларни амалга оширишдек мақсадлар янада яқинлаштиради.
Наталья ХАНЖЕНКОВА, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқаруви директори:
– Кейинги йилларда ЕТТБ билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик муносабатлари янада мустаҳкамланди. Ўтган йили дастлабки олтита лойиҳа устида иш бошладик. Айни пайтда иқтисодий ислоҳотларни ривожлантириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш, давлат-хусусий шериклигини қўллаб-қувватлаш жараёнида иштирок этаяпмиз.
Яқинда Ўзбекистонда келаси беш йилга мўлжалланган фаолият стратегиямизни тасдиқладик. Бу, албатта, мамлакатингиздаги фаолиятимизни янада самарали йўлга қўйишга асос бўлади.
Марк БОННЕЛЬ, Франциядаги Авиценна ассоциацияси президенти:
– Ўзбекистоннинг очиқ, конструктив сиёсати унинг халқаро миқёсдаги имкониятларини кенгайтирмоқда. Президентингизнинг бу борадаги ташаббусларини қадрлаймиз. Абу Али ибн Сино нафақат улуғ ҳакими ҳозиқ, балки кўплаб нодир асарлар ёзиб қолдирган буюк алломадир. Катта мамнуният билан айтиш мумкинки, дунё Ўзбекистонни буюк шахслар ва боқий дурдоналар мамлакати сифатида қайта-қайта кашф қилиши учун сабаблар жуда кўп. Франция ҳам бугун ана шундай янги босқичдаги муносабатлар олдида турибди.