French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон экспорт салоҳияти жаҳон кўргазмасида намойиш этилди
19:06 / 2015-11-11

Жорий йилнинг май-октябрь ойларида Италиянинг Милан шаҳрида “Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси бўлиб ўтди.

Жорий йилнинг май-октябрь ойларида Италиянинг Милан шаҳрида “Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 29 декабрдаги қарорига мувофиқ ушбу кўргазмада мамлакатимиз компания ва ташкилотлари ўз маҳсулотлари ва хизматлари билан иштирок этди.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида саноат тармоқлари изчил модернизация қилинаётгани, иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги оширилаётгани натижасида мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти юксалиб бормоқда. Ўзбекистон жаҳон бозорига замонавий машина ва техникалар, кийим-кечаклар, тайёр ип-газламалар, озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа кенг турдаги товарларни етказиб бераётир. “Made in Uzbekistan” ёрлиғи туширилган бу маҳсулотлар юксак сифати билан хорижликларга манзур бўлмоқда, жаҳон бозорида кенг ўрин эгалламоқда.

Мамлакатимиз иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, ташқи бозорда харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар самарасида жорий йил бошидан буён яна 830 корхона экспорт фаолиятига жалб қилинди. 2015 йил бошидан буён автобус, оқ цемент, суюқ ва газсимон аргон, травертин ва сопол кошинлар, маиший газ, электр ва комбинацияланган плиталар, автомобиль деталлари, пайвандлаш ускуналари, янги турдаги консерваланган маҳсулотлар ва бошқа турдаги қиймати 102 миллион доллардан зиёд 200 га яқин турдаги янги товарлар экспортга етказиб берилди.

Ишбилармонларимизнинг турли мамлакатларда ўтказилаётган халқаро ярмарка ва кўргазмалардаги фаол иштироки мамлакатимиз экспорт салоҳиятини янада оширишга хизмат қилмоқда. “Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этди.

Кўргазмада 500 квадрат метр жой эгаллаган Ўзбекистон миллий павильонида мамлакатимиз тарихи ва тараққиёти, улкан иқтисодий салоҳияти, эркин индустриал-иқтисодий зоналари ва қулай инвестициявий муҳити, ривожланган транспорт ва туризм инфратузилмаси, тарихий ва замонавий шаҳарларимиз, бой маданиятимиз намойиш этилди. Миллий колорит билан безатилган стендлар ўзига хос дизайни ва мазмунан бойлиги билан кўргазма иштирокчиларининг эътиборини тортди. Ўзбекистон миллий павильонига 700 мингга яқин одам ташриф буюрди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, “Дунёни озиқлантириш, ҳаёт учун қувват” шиори остида ўтказилган кўргазмада мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, ғалла мустақиллигига эришиш, биологик соф мева-сабзавотлар етиштириш, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш борасидаги ишлар ҳам намойиш этилган. Озиқ-овқат тайёрлаш, гўшт, сут, узум ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноати, зираворлар ва доривор ўсимликлар, шунингдек, ўзбек миллий таомларига оид маълумотлар ҳавола қилинган. Ҳар бир бўлим мавзуси бўйича қизиқарли фильмлар ва роликлар кўрсатилган.

Мазкур халқаро кўргазмада мамлакатимизнинг сармоя, экспорт-импорт, консалтинг ҳамда транспорт хизматлари кўрсатиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик каби соҳаларга ихтисослашган муассасалар, шунингдек, пахта толаси, енгил ва кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, қурилиш материаллари, машинасозлик, металлургия, тўқимачилик, фармацевтика, мева-сабзавот, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмол моллари ва мебеллар савдоси билан шуғулланувчи компания ва корхоналар иштирок этди. Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, “Ўзмарказимпэкс”, “Ўзинтеримпэкс”, “Марказсаноатэкспорт”, “Ўзпроммашимпэкс”, “Ўзтадбиркорэкспорт”, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Ўзулгуржисавдо инвест”, “Ўрта Осиё Транс”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” каби ташкилот ва компаниялар шулар жумласидандир.

“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси мамлакатимиз компания ва корхоналари учун хорижий давлатлар ишбилармонлари билан савдо-иқтисодий ҳамкорлик ўрнатиш, мавжуд алоқаларни янада кенгайтириш, маҳсулот ва хизматларни экспорт қилиш бўйича келишувларга эришиш, юртимизга инвестициялар жалб этиш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга кенг имконият яратди. Ўзбекистон компаниялари турли мамлакатларнинг нуфузли фирма ва компаниялари билан ҳамкорликка оид шартномалар имзолади.

Жумладан, АҚШ, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Италия, Туркия ва бошқа мамлакатлар компания ва ташкилотлари билан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспортини кенгайтиришга келишиб олинди. Италиянинг “NeLanka Group”, “Asso Development”, “AIGO”, “Eco Turism Toscana” каби компаниялари билан сайёҳлик соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш, “Lupo Studio Tecnico” ва “Telecom Design” ташкилотлари билан илмий-техникавий соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга оид ҳужжатлар имзоланди.

“Expo Milano 2015” жаҳон кўргазмаси мамлакатимизнинг улкан иқтисодий салоҳиятини дунёга кенг намойиш этиш баробарида халқаро бозор талабларини ўрганиш, янги ҳамкорлар топиш имконини берди. Унинг доирасида имзоланган ҳужжатлар ва эришилган келишувлар экспорт ҳажмини ошириш ва жўғрофиясини кенгайтиришга хизмат қилади.