Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон ЕИ бозорларига 6200 дан ортиқ турдаги товарларни божхона тўловисиз етказиб бериши мумкин
15:44 / 2019-06-19

Европа кенгаши 17 июнь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиë давлатлари билан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги стратегиясини қабул қилди.


Европа кенгаши 17 июнь куни Европа Иттифоқининг Марказий Осиë давлатлари билан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги стратегиясини қабул қилди. Кенгаш расмий сайтидаги баëнотда айтилишича¸ Европа Иттифоқининг Марказий Осиëга оид янги сиëсати минтақада пайдо бўлган янги имкониятларга асосланган. Кенгаш баëнотида¸ Марказий Осиëга оид янги стратегияси минтақадаги барқарорлик ва тараққиëт¸ шунингдек минтақавий ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилгани айтилади. Савол туғилади, нега янги стратегияга эҳтиёж туғилди? Бу борада 2007 йилги стратегиядан фойдаланса бўлмасмиди? Албатта, йўқ. Гап шундаки, 2016 йил Ўзбекистонда бошланган янгиланишлар, ўзгаришлар минтақада янги имкониятларни, янгича шароитларни юзага келтирди. Ўша пайтгача Европа минтақа давлатлари билан шунчаки, енг учида ҳамкорлик қилиб келди. Минтақа давлатларининг тарқоқлиги, улар ўртасида чегараларнинг ёпиқлиги, давлат раҳбарларининг ноаҳиллиги ЕИни Марказий Осиёдан совушига олиб келган эди. Айнан Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари билан, бошлаб берган сиёсий, иқтисодий, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги соҳасидаги ислоҳотлари туфайли Марказий Осиё ва Европа муносабатларини мустаҳкамлаш учун йўл очилди. ЕИ Ўзбекистоннинг бу интилишларини юксак баҳоламоқда, қадрламоқда. Чунки, бу ислоҳотлар Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни ҳам янгиланишлар сари илҳомлантирмоқда. Бунинг учқуни сифатида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказилишини эълон қилиниши, Қирғизистонда коррупцияга қарши бошланган кураш ва бошқа ислоҳотлар режаларини мисол тариқасида келтириш мумкин.

Бундан кейин Европа Кенгаши минтақанинг ислоҳотларга хоҳиш билдирган давлатлари билан кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик доирасида улкан ва ўзаро манфаатли келишувларга эришиш ниятида. Бунинг учун ҳамкорлик ниятидаги давлат ислоҳотлар ўтказиши ва демократияни мустаҳкамлаши, қонун устуворлиги ва суд мустақиллиги томон илдамлаши, иқтисодиётини замонавийлаштириши ва диверсификация қилиши, хусусий секторни, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарни қўллаб-қувватлаши шарт. Шу билан бирга Кенгаш Марказий Осиёнинг Евроосиё алоқаларини илгари суришдаги глобал саъй-ҳаракатлардаги стратегик ролини тан олган ҳолда, Афғонистонда тинчликни қарор топтиришда минтақа ва Европа ҳамкорлигини фаоллаштиришни муҳим деб билади. Eвропа томони Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш борасидаги, жумладан, тинчлик жараёни бўйича глобал ва минтақавий консенсусни ишлаб чиқиш, трансафғон транспорт ва савдо йўлларини жорий этиш ташаббуси, афғон аёллари учун таълим дастурини ишлаб чиқиш каби саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлади.

Шубҳасиз, Европа Иттифоқи билан муносабатларда индивидуал битимни имзолаш муҳим ўрин тутади. Бизга яхши маълум, ўтган йили 23 ноябрь куни Брюсселда Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов учрашганди. Мазкур учрашувда ЕИ ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим юзасидан расмий музокаралар бошланди. “Ўтган ўн икки ой ичида Ўзбекистонга икки бора ташриф буюриб, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий тараққиётдаги конструктив ролига шахсан ишонч ҳосил қилдим”, – деган эди Федерика Могерини хоним ўша музокаралар жараёнида.

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатлар ҳозирга қадар 1999 йил 1 июлдан амалга кирган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим асосида тартибга солинади. Мазкур битим сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, сармоя, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, қонунчилик ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик, маданий-гуманитар робиталар каби жабҳаларни қамраб олади. Аслида 2017 йилда Ўзбекистон раҳбарияти Брюсселга шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни янгилаш таклифи билан мурожаат қилган. 2018 йил 16 июлда расмий Брюссель янги битим бор
асида музокараларни бошлаш ҳақида қарор қабул қилган. Янги битим бўйича музокараларнинг бошланиши ЕИнинг Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратаётгани ҳамда мамлакатда турли соҳаларда, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ижобий баҳолаётганидан далолат беради. Янги битим қарийб 20 йилдан бери амалда бўлган ҳужжат ўрнини босади.

ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Федерика Могерини айтганидек, “янги битим бизга олиб борилаётган ислоҳотларни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлаш, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, Европа ва Ўзбекистон аҳолиси фаровонлиги йўлида ижобий ўзгаришларни амалга оширган ҳолда, умумий таҳдидларга қарши биргаликда курашиш имконини беради”.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатга Европа бизнеси ва инвестициясининг янада кенгроқ киришига йўл очади. Қолаверса, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо-сотиқ айланмасини оширишга имкон беради. Олайлик, 2019 йилда Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги савдо айланмаси нари борса 3 миллиард долларни ташкил этган. Бу рақамлар на Ўзбекистон ва на ЕИнинг салоҳиятига жавоб беради. Янги шерикчилик ва ҳамкорлик шартномасининг имзоланиши яқин ва узоқ истиқболда Ўзбекистон учун Европадек улкан бозорлар эшигини очади.

Янги битимда сиёсий ҳамкорлик, савдо ва сармоя, ўзаро барқарор муносабатлар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва бошқарувга алоҳида эътибор қаратилиши кутилмоқда. Янги битим бўйича асосий музокараларга 2019 йил бошида киришилди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг 2018 йил 21-23 ноябрь кунлари Брюсселга ташрифи чоғида Eвропа Иттифоқи Ўзбекистонга “Асосий имтиёзлар тизими плюс“ доирасида бир томонлама тариф имтиёзларини олишда ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади. Келишув Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида тўқимачилик маҳсулоти савдоси учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади. Ҳужжатда ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг тўқимачилик товарлари учун ЕИда транзит, божхона ва солиқ тўловлари борасида энг қулай шароитлар яратилишини, шунингдек мазкур турдаги маҳсулот савдосида миқдорий чекловларни бекор қилишни кўзда тутади. Ҳужжат асосида Eвропа Иттифоқи Ўзбекистонга бир томонлама тариф имтиёзларини олишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ўзбекистон ЕИ бозорларига 6200 дан ортиқ турдаги товарларни божхона тўловисиз етказиб бериши мумкин. 2018 йил 22 ноябрда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи-Ўзбекистон ҳамкорлик кенгаши йиғилиши ҳам мамлакатимиз ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов айтганидек, аввалги йиллардагига нисбатан ўзаро илтифотли муҳитда ўтгани бежиз эмас.

“Бунга Ўзбекистонда ўтказилаётган ислоҳотлар сезиларли таъсир кўрсатди. Бу инсон ҳуқуқлари ва умуман олганда демократик сиёсий ислоҳотлар нуқтаи назаридан олиб қаралганда, тўпланиб қолган саволларга жавоб топиш йўналишидаги олға силжишдир, - деган эди Абдулазиз Комилов. Европа Иттифоқи вакиллари эса Ўзбекистонда сўнгги икки йилда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланганини эътироф этган. Ўша кезларда Европа Иттифоқига раислик қилаётган Австриянинг ташқи ишлар раиси Карин Кнейссл Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан Брюсселда ўтган матбуот анжуманида “Мен Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида инсон ҳуқуқлари вазияти умуман олганда яхшиланганини айтмоқчиман”, деди ва сўзида давом этар экан:

- Ўзбекистон амбицияли ислоҳотлар дастурини бошлади, бундан мамнунмиз. Бизга ҳар томонлама тақдим этилган тафсилотлар ислоҳотлар амбицияли эканини тасдиқлади. Биз Ўзбекистон ҳукуматига ислоҳотларни самарали амалга оширишда муваффақият тилаймиз. Европа Иттифоқи бу жараённи, зарурат туғилган пайтда, қўллаб-қувватлашга тайёр, - деди Карин Кнейссл.

2019 йилда Брюсселда бўлиб ўтадиган юқори даражадаги Ўзбекистон-Европа учрашуви, Ўзбекистон раҳбарининг жорий йилда Бельгияга амалга ошириши кутилаётган расмий ташрифи мисли кўрилмаган алоқаларга йўл очиши, шубҳасиз.

Европа Иттифоқи билан муносабатлар биз учун яна нима учун керак? Албатта, ЕИ билан яқиндан ҳамкорлик Марказий Осиё давлатларига жаҳон сиёсий ва иқтисодий тизимига интеграция қилиш имкониятини очиб беради. Шу нуқтаи назардан ҳам Ўзбекистон Европа Иттифоқини халқаро саҳнадаги муҳим ҳамкорлардан бири деб билади.

Бир нарсани ёддан чиқармаслик керак, евродепутатлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза этиш, гендер тенглигини таъминлаш ва матбуот эркинлиги йўлида кўпроқ қадамлар ташланишини истайди. Европарламент Ўзбекистон ҳукуматига тавсия этган ҳисобот шу йил 26 март куни Евродепутатлар томонидан маъқулланган. Бу ҳисоботда Европа қонун чиқарувчилари Иттифоқ раҳбариятини Ўзбекистондаги ислоҳотларни диққат билан кузатиб боришга чақиради. Евродепутатлар Ўзбекистондаги суд тизимининг чиндан ҳам мустақиллигига олиб келадиган сиёсий ва демократик ислоҳотлар тўла ижро этилиши устидан мониторинг олиб боришни маслаҳат берган эди. Шунингдек, чин рақобатга асосланган сайлов натижасида Ўзбекистонда ҳақиқий мустақил парламентни барпо этиш лозимлиги урғуланган Европарламент ҳисоботида. Европа Парламенти Ўзбекистонда сиёсий тутқунлар озодликка чиқарилганини олқишлаганлиги ҳаммамизга маълум.

Биз Европа Иттифоқи ва унга аъзо мамлакатларнинг Марказий Осиё бўйича ўтган йиллардаги ташқи сиёсатига эътибор берадиган бўлсак, минтақада уларнинг эътибори асосан Қозоғистонга қаратилганини кўришимиз мумкин. Чунки, ушбу мамлакат минтақанинг бошқа давлатларига қараганда кўпроқ очиқлик касб этган бўлган. Ўзбекистонда бошланган сиёсий, иқтисодий ўзгаришлар ва бу жараённинг тез суръатда давом этаётгани мамлакатни жаҳонга тобора очиб бормоқда. Эндиликда, Ўзбекистон айни шу жиҳати билан ҳам Европа Иттифоқи эътиборини ўзига кўпроқ жалб қилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, Европа Иттифоқининг Марказий Осиë давлатлари билан қатор соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган янги стратегияси минтақалараро ҳамкорликни чуқурлаштириш учун янги “Йўл харитаси” вазифасини ўтайди.