Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон делегациясининг Парижга ташрифи доирасида Франциянинг атом соҳаси бўйича тақдимоти ўтказилади
16:07 / 2020-01-23

Учрашувда Франция томони Ўзбекистоннинг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида“ги қонуни қабул қилинганини ижобий баҳолади.


“Ўзатом” агентлигида Франциянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Изабель Сервоз-Галлуччи раҳбарлигидаги элчихона делегацияси ва Россия Федерациясидаги Франция элчихонасининг Атом энергияси бўйича минтақавий маслаҳатчиси ҳамда республикамиздаги вакили Александр Горбачев раҳбарлигидаги делегация билан учрашув ўтказилди. 

Учрашувда Франция томони Ўзбекистоннинг “Атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш тўғрисида“ги қонуни қабул қилинганини ижобий баҳолади. Таъкидландики, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш ва жамоатчилик назорати шаффофлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилган ушбу қонун барча халқаро меъёрларга тўла мос келади.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон делегациясининг Францияга ташрифи давомида эришилган икки томонлама келишувлар, шунингдек, француз компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси иштирокида Франциянинг “Orano Mining S.A.” компанияси билан уран қидириш ва қазиш бўйича қўшма корхонаси ҳамда “Assystem” компанияси билан ҳамкорликда барча турдаги электр тармоқлари ва энергетика объектларини инновацион технологиялар қўлланган ҳолда лойиҳалаштиришга ихтисослашган “Uzenergoengineering–Assystem” қўшма корхонаси ташкил этилгани қайд этилди.

Икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш доирасида Ўзбекистон томони энергетик соҳа бўйича ускуналар ишлаб чиқариш бўйича Франциянинг йирик компаниялари билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиш ва уларни бу ишга жалб этиш, саноат кооперацияси йўли билан ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни жадаллаштириш таклифини билдирди. Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон Республикаси делегациясининг 2020 йил 21-24 январь кунлари Парижга ташрифи давомида Франциянинг атом соҳаси бўйича маҳсулотлари тақдимотини ўтказиш таклиф қилинди.

Учрашувда кадрлар тайёрлаш соҳасидаги ҳамкорлик, атом энергетикаси соҳасидаги мутахассисларнинг профессионал салоҳияти, атом энергетикасидан фойдаланиш соҳаси бўйича асосий халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш каби юртимиздаги мавжуд қонунчилик асослари ва меъёрига доир масалалар кўриб чиқилди.