Ўзбекистон – Буюк Британия: дўстлик алоқалари ривожланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Британия – Ўзбекистон“ жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Британия – Ўзбекистон“ жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу муносабат билан онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда қўмита раиси Рустамбек Қурбонов, Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов ҳамда “Британия – Ўзбекистон” жамияти раиси Луи Скинер иштирок этди.
Учрашувда иштирокчиларга қўмитанинг таркибий тузилиши, мақсад ва вазифалари ҳамда фаолияти ҳақида қисқача маълумот берилди.
– Мамлакатимизда ҳозирги пайтда 130 дан зиёд миллат вакиллари бир оила аъзоларидек иноқ ҳаёт кечирмоқда. Улар ўзларининг фидокорона меҳнати билан Ўзбекистон равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда, – деди қўмита раиси Р. Қурбонов.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон дунёнинг турли давлатлари билан ўзаро манфаатли муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган сиёсат олиб бормоқда. Бу жараёнда, жумладан, халқ дипломатиясидан ҳам унумли фойдаланилмоқда. Мамлакатимизда барча миллат вакиллари учун ўз маданияти, урф-одатини асраб-авайлаш, миллий қадриятларни ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда 36 та дўстлик жамияти фаолият олиб бормоқда, 143 та миллий-маданий марказ ишлаб турибди.
Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад эса мазкур қўмита билан “Британия – Ўзбекистон” жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандумини имзолаш ҳамда келгусида икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга қаратилган.
Шунингдек, учрашувда Луи Скинер “Британия – Ўзбекистон” жамиятининг 20 йиллик тарихида ўзаро халқ дипломатиясини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жамиятнинг мақсад ва вазифалари, фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Таъкидлаш жоиз, Буюк Британия Ўзбекистонни Марказий Осиёда энг барқарор ривожланаётган, улкан иқтисодий-ижтимоий салоҳиятга эга ҳамкор давлат сифатида кўради. Кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида турли соҳалар, жумладан, маданият, санъат йўналишидаги ҳамкорлик алоқалари янада ривожланаётгани таҳсинга сазовор. Бунда икки мамлакат халқлари ўртасидаги халқ дипломатиясига асосланган алоқалар муҳим аҳамият касб этаётир. Шу боис, томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни келгусида ҳам кенгайтириб бориш долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, шундай тадбирлар ҳам халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Учрашув якунида қўмита ва “Британия – Ўзбекистон” жамияти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга келишиб олинди.