Ўзбекистон – болажон ўлка
Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Мамлакатимизда БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Ўзбекистонда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг баркамол авлод бўлиб етишишини таъминлаш борасидаги фаолиятнинг институционал ва ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу мақсадда қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларида назарда тутилган болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мақсадида, шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ қабул қилинган қарор билан болалар учун янги имкониятлар яратилди.
Ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилди.
Болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилади.
Болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланади ва бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.
Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
2019 йил 1 сентябрдан Ўзбекистон Республикасида эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёшини ўн саккиз ёш этиб белгиланди.
Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақлидир.
Бунда қарор қабул қилишга ваколатли органлар (шахслар) боланинг манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, жиддий омил сифатида кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларини назарда тутувчи қарорни қабул қилиши шарт.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси академиясида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.
БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва Вояга етмаганлар ишлари бўйича Республика идоралараро комиссияси ҳамкорлигида ташкил этилган конференцияда Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар яна бир бор таҳлилдан ўтказилди.
ЮНИСЕФнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича минтақавий офисининг болаларни ҳимоя қилиш бўйича мутахассиси Фенни Какама Ўзбекистоннинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция нормаларини имплементация қилиш соҳасидаги фаол иштирокини ижобий баҳолади. Шу билан бирга, ушбу соҳада академия билан ҳамкорликни кенгайтириш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаб ўтди.
Адлия вазирлиги, Ёшлар иттифоқи, “Юксалиш“ умуммиллий ҳаракати вакиллари, шунингдек, Бош прокуратура академияси, юридик соҳага ихтисослашган олий ўқув юртлари магистратура тингловчилари иштирок этган тадбирда Конвенция нормаларини амалга татбиқ этиш билан боғлиқ янги ёндашувлар бўйича фикр алмашилди.
Тадбир доирасида ёш муаллифларнинг тасвирий санъат ва бадиий асарлари кўргазмаси, шунингдек, нашриёт уйларининг маҳаллий ва хорижий адабиётларидан иборат китоб ярмаркаси иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.