Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон БМТнинг глобал ташаббусини қўллаб-қувватлайди
17:30 / 2020-06-18

Ўзбекистон билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш йўлидаги ҳамкорлиги масалалари 26 июнь куни бўлиб ўтадиган халқаро онлайн-форумда муҳокама қилинади.


Ўзбекистон билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш йўлидаги ҳамкорлиги масалалари 26 июнь куни бўлиб ўтадиган халқаро онлайн-форумда муҳокама қилинади.

Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.

Халқаро онлайн-форум Ўзбекистон томонидан «БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» мавзуида уюштириладиган глобал мунозаралар туркумининг дастлабки анжуманидир.

Тадбирда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева, Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва бошқалар ўз маърузалари билан иштирок этиши кутилмоқда.

Мунозараларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги серқирра ҳамкорлик истиқболи, Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш борасида мамлакатимиз эришган натижалар, БРМни амалга оширишнинг инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалалари ва бу борадаги муаммолар ечими ҳақида фикр юритилади.

«БМТ 75 ёшда: келажакка нигоҳ» туркуми Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил топганига 75 йил тўлиши муносабати билан эълон қилинган «БМТ-75» глобал ташаббусининг узвий қисмидир. Мазкур глобал ташаббус бугунги кунда инсоният кўплаб муаммоларга дуч келаётганига қарамай, истиқболда ер юзида тинч ва фаровон ҳаётга эришиш учун қандай омиллар муҳим аҳамият касб этиши юзасидан халқаро мулоқот доирасида мунозаралар ўтказишни назарда тутади.

Шу муносабат билан БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш баёнот бериб, жумладан, олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмаслигини, шунинг учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурлигини қайд этди. Жаҳон жамоатчилигига мурожаат қилар экан, жаноб Гутерриш «Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим. Мулоқотда ҳар бирингизнинг иштирок этишингиз жуда муҳим. Биз сизнинг муносабатингизни билишни истаймиз, дунёдаги барча одамлар ҳаётини қай тариқа яхшилаш мумкинлигига оид фикрларингиздан хабардор бўлишни хоҳлаймиз», дея алоҳида таъкидлади.

Мулоқот иштирокчилари томонидан илгари суриладиган ғоялар 2020 йил сентябрда давлат бошлиқлари ва БМТ раҳбарияти муҳокамаси учун тақдим этилади. Ўзбекистон томонидан ташкил этилаётган глобал мунозаралар туркуми БМТ Бош котиби чорловига ўз вақтида берилган жавоб, БМТ Глобал ташаббусига қўшиладиган муносиб ҳисса ҳисобланади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази
матбуот хизмати