Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбекистон Америка учун нега муҳим?
14:44 / 2019-10-11

ВАШИНГТОН — АҚШ Вакиллар палатасининг республикачи аъзоси Трент Келли демократ шериги Висенте Гонзалез билан яқинда бир резолюцияни тасдиқлатди.


ВАШИНГТОНАҚШ Вакиллар палатасининг республикачи аъзоси Трент Келли демократ шериги Висенте Гонзалез билан яқинда бир резолюцияни тасдиқлатди. Ҳужжат Ўзбекистон ва АҚШ орасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга чақиради. “Бу – Конгресс позицияси”, дейди Келли. Бу қонунчилар нима учун Ўзбекистон билан яқиндан ишлаш пайида? Ўзбекистон Америка учун нега муҳим? АҚШ Миллий Гвардиясида бригада генерали унвонига эга конгрессмен Келли билан Капитолийдаги идорасида суҳбат қилдик.

Навбаҳор Имомова: – Конгрессмен Трент Келли, сиз билан Ўзбекистон ҳақида гаплашгани келдик.

Трент Келли: – Хуш келибсиз! Бу мен учун жуда севимли мавзу, агар ҳарбий ҳамкорликни ҳам назарда тутсак. Уч кун олдин Миссисипи штати губернатори билан гаплашдим. У яқинда Ўзбекистонга бориб келди. Ўзбекистон ва Миссисипи орасида ўхшашликлар кўп.

– Ўзбекистон ва Миссисипи орасидаги ҳамкорлик қандай бошланган? Сиз Конгрессга 2015 йилда сайлангансиз. Лекин Ўзбекистонни анча яхши биласиз. Бу давлат билан қандай қилиб тил топишгансиз?

– Биласизми, ўзи эзгу ниятли одамлар ҳар доим бир-бирини топади. Миссисипи Миллий Гвардияси аъзосиман. Бу кучлар Ўзбекистон ҳарбийларини тренингдан ўтказиб келади. Бу узоқ йиллик дастур (Пентагон дастури). 2016 йилда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонга бордим. Конгресс делегацияси билан. Ўшанда Шавкат Мирзиёев билан танишганман. Ажойиб инсон. Дўстлашиб кетдик. Орада мулоқот авж олди, алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдик ва ишга киришдик.

– Миссисипи штати аҳли Ўзбекистон давлати ва халқи ҳақида қанчалик билади?

– Ўрганишяпти, била бошлаган. Жуда кўп нарсаларни гапириб беришим мумкин. Конгресс делегациясини ўзим олиб борганман. Саккиз вакилдан иборат эди. Ўзбекистонга узоқ йиллар мобайнида Конгрессдан бундай катта қонунчилар гуруҳи бормаган эди. Бошқаларни ҳам Ўзбекистонга қизиқтира бошладик. Доим гаплашамиз. Мен ўзим Миссисипида Ўзбекистон ҳақида кўп сўзлайман. Губернаторимиз, иқтисод ва ҳарбий масалалар билан шуғулланадиган бош расмийларимиз бориб келишди. Гап бу ерда фақат ҳарбий ҳамкорликда эмас. Биз бошқа соҳаларда ҳам Ўзбекистон билан ишлашни хоҳлаймиз. Ҳамжиҳатмиз.

3.jpg

– Вакиллар палатасидаги Ўзбекистон гуруҳи ҳақида гаплашайлик. Мақсади нима бу гуруҳнинг?

– Мақсад – Ўзбекистон ва АҚШ орасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш. Вакилларимиз Ўзбекистондаги жараёнлардан бохабар бўлсин. Ўзбекистон узоқ давр мобайнида ёпиқ эди. Ҳозир очилди. Улар энди минтақавий лидер. Улар дунё бўйлаб шерик ва ҳамкорларга эга. Президент келиб мудофаа вазиримиз, президентимиз, шунингдек, сенаторлар билан учрашди. Бу мулоқотлар жуда муҳим. Айтганимдек, бир-биримизни яқиндан танияпмиз. Ўзбекистон гуруҳидаги демократ шеригим Висенте Гонзалез билан резолюция лойиҳасини таклиф қилдик. Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз.

– Ҳар икки партия аъзолари борми бу гуруҳда?

– Албатта.

– Конгрессда узоқ пайт Ўзбекистондаги сиёсат вазиятни танқид қилиб келганлар бор. Улар билан ҳам гаплашиб турасизми?

– Гаплашамиз. Мен Ўзбекистон элчиси Жавлон Ваҳобов билан мунтазам алоқадаман. Жуда, жуда фаол элчи. Яқин дўстдек бўлиб қолдик. Мен учун бу қийин эмас, чунки Ўзбекистон ҳукуматида яқин ўртоқлар топганман. Улар билан яқинлигимнинг ва бу ришталар сабаби - самимийлик. Дардимизни бир-биримизга очиқ айтамиз, бир-биримизни эшитамиз. Муаммоларни муҳокама қиламиз. Ечим излаймиз, топамиз.

– Ўзбекистон томон Америкадан кўп нарса кутмоқда. Улкан умидлар боғланган бу ҳамкорликка, жуда кўп соҳаларда. Фақат ҳарбий эмас, ўзингиз қайд этганингиздек, бизнес ва сармоя, тараққиёт, инсон ҳуқуқлари ва техник ёрдам. Америка ҳам Ўзбекистонда кўп ишлар қилмоқчи, кўмаклашмоқчи. Сиз учун энг долзарб масалалар нима?

– Ҳарбий ҳамкорлик биринчи ўринда. Минтақавий барқарорлик. Афғонистон ҳам бунинг ичида. Ўзбекистон бу жараёнларда муҳим роль ўйнаяпти, Толибон ва Афғонистон ҳукумати тил топишиши учун ҳаракат қилмоқда. Ўзбекистон – минтақавий лидер. Биз шунга қараб ҳаракат қилаяпмиз. Иқтисодий жиҳатдан, штатимдаги ерёнғоқ фермерлари билан гаплашаяпман. Маҳсулотларимиз учун Ўзбекистонда омборхона, таъминот маркази очмоқчимиз. Фермерлар тажриба ва билим алмашадиган жой бўлсин. Қишлоқ хўжалиги ниҳоятда муҳим соҳа биз учун. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон билан ҳамкорликни кучайтириши борасида мулоқотдаман.

– Вашингтонда ва бошқа жойларда, ҳатто Тошкентда ҳам Америка Ўзбекистон билан ҳамиша «сендан угина, мендан бугина» қабилида ҳамкорлик қилган, деган таҳлил чуқур илдиз отган. Яъни сиз Ўзбекистон билан муайян мақсадлар учун, масалан, Афғонистон борасида ишлайсиз. Минтақа сизга қаергадир ўтиш ёки етиш учун керак. Ёндашув жуда прагматик, узоқни кўзламайди, дейишади.

– Шундай фикрлаганлар мен билан гаплашсин. Бу нотўғри таҳлил. Мен уч йилдан бери ҳар ноябрь ойида Ўзбекистондаман. Доимий алоқадамиз. Висенте Гонзалез билан таклиф қилган резолюциям ҳам узоқ муддатли ҳамкорликка ундайди. Биз улкан тизиммиз. Конгрессда 535 нафар аъзо бор. 435 вакил, 100 сенатор. Балки айрим ҳолларда қисқа муддатли мақсадлар ҳам бордир, лекин Ўзбекистон бугун Конгрессда ишончли дўстларга эга. Қолаверса, мана штатларнинг раҳбарлари ҳам алоқа ўрнатмоқда. Штатлар сиёсати ва ҳамкорлиги алоҳида. Улар Афғонистон учун бораётгани йўқ. Мақсад – иқтисодий ҳамкорлик. Миссисипи, масалан, Ўзбекистон билан чуқур алоқа истайди. Бизни танқид қилаётганлар ҳақиқатни кўрмаяпти, назаримда.

– Президент Мирзиёевни ўтган йили бу ерда илиқ кутиб олдингиз. Капитолийни айлантирдингиз.

1.jpg

– Ҳа, айлантирдик. Линколн хонасини кўрсатдик. Линколн президентлик пайтида жуда яхши кўрган жой бор, шуни кўрсатдик. Учрашув учун жуда мос зал.

– Шундай экан, нима учун Ўзбекистон ҳукумати ва хусусан Президент Мирзиёев сиз учун ишончли тараф?

– Биринчидан, биз ҳамкорлик хоҳлаймиз. Ўзбекистон президенти ҳам шуни истайди. Бунинг исботи кўп. Конгрессдан борганимизда, президент Японияда эди, вазирлари билан. Катта делегация эдик. Кунимиз бир-бирига тўғри келмади. Президент Тошкентда бўла олмасди, чунки бошқа раҳбарлар билан учрашувлари режалаштирилган эди. Вазирларининг ҳаммасини биз билан музокара қилишга юборди. Бу унинг иродаси кучли эканидан далолат эмасми? Диний маҳбуслар масаласида ҳам, махсус элчимиз Браунбек ва Давлат департаменти билан музокара қилинди. Пахта терими, болаларни теримга олиб чиқиш масаласи ҳам муҳокамада эди. Албатта. бу муаммолар ҳал бўлди. Бу нимадан далолат? Ўзбекистон тўғри йўлдан бормоқчи. Ўзбекистон мунтазам равишда олдинга қадам ташламоқда. Яқинлашаётган сайловлардан ҳам умидлар катта. Мени таклиф қилишди, келинг кузатинг, деб. Фақат унинг вақти Рождество байрамига яқин. Ёш болам бор, кетиш қийин бўлади. Лекин Ўзбекистон ҳукумати эшикни очиб, келинг, жараённи кузатинг, деяпти халқаро ҳамжамиятга. Ўзбекистонда ошкоралик даври бошланган. Бу жуда яхши. Ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслиги мумкин, лекин тузум очиқ эканини кўрсатмоқчи. Ишонч ва узоқ муддатли ҳамкорлик ортидаги асосий омил шу.

– Кўплар назарида президент ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгач, арқонни қаттиқроқ торта бошлаши мумкин.

– Аксинча, у ишончни кучайтириб, тузумга таянса бўладиган, халқ учун ишлайдиган одамларни олиб киришни хоҳлайди. Сайловлар ҳам шуни кўрсатиши керак.

– Борсангиз, ҳар икки партия вакиллари борадими?

– Балки... Ё мен ўзим, ё иккала партия вакилларидан иборат гуруҳ. Кўрамиз. Халқаро ташкилотларни ҳам таклиф қилишган, БМТ ва бошқаларни. Бу сайлов олдингиларидан эркин ва янгича бўлади, шундай эмасми? Сиз нима дейсиз?

– Биласизми, Конгрессмен Келли, бу сайлов – Ўзбекистон сиёсий тизими учун тарихий синов. Система қанчалик янгилангани, ислоҳ қилинганини кўрсата олиши керак. Давлатнинг асосида янгилик бор, дея кўрсатиши керак. Сиёсий ислоҳотлар бўлаётганидан дарак бериши керак. Нафақат халқаро ҳамжамият, балки Ўзбекистон халқининг ўзи буни кўриши керак.

– Гап шундаки, тўрт йил олдин Ўзбекистонга хорижий ҳарбийлар кира олмаган бўлар эди. Ҳатто тренинг учун ҳам қўйишмас эди. Ҳозир биз тренинглар ҳақида гаплашаяпмиз, мудофаа вазири билан. Президент хабардор. Минтақавий машқлар қилмоқчимиз. Чет эллик ҳарбийлар боради, бирга машғулотлар ўтказилади. Зилзила ёки бошқа табиий офатларга қарши тайёргарлик.

– Ўзбекистон қонунлари хорижий ҳарбийларга база очишга рухсат бермайди.

– Биз тренинг учун борамиз. Олдинлари ҳатто тренинг учун ҳам амалда рухсат йўқ эди. Ўзбекистон ҳозир бунга очиқ. Чегаралар ҳам очилди. 3-4 йил ичида вазият анча яхшиланди. Ҳамма нарса аъло, демаяпман. Албатта, ундай эмас. Бизнинг чегараларимизга қаранг. Ишлашимиз керак. Лекин ижобий ўзгаришларни ҳам тан олиш керак.

– Ўзбекистон мудофаа вазири, хавфсизлик бўйича раҳбарлар билан гаплашиб турасиз-а?

– Ҳаммаси билан. Ўзбекистон ҳарбий академияларида бўлдим. Бир неча марта бордим. Бизнес ва иқтисод бўйича ҳам мулоқотлар қилдик. Ҳукумат билан алоқадаман. Улар жуда очиқ. Муаммоларни бемалол муҳокама қилишади. Фикримиз ҳар доим ҳам бир эмас ва бу табиий.

– Бу имкониятларга сиз Россия таъсирига қарши жавоб бериш йўли деб ҳам қарайсизми? Марказий Осиёга, биласиз, кўплаб сиёсатдонлар буюк ўйинлар майдони, деб қарайди. Биламан, Вашингтонда кўплар бундай қарамайди. Сиз-чи? Россия, қолаверса, Хитой таъсиридан хавотирдамисиз?

Хавотирда эмасман. Уч оёқли стулни тасаввур қилинг. Бири Россияники ва беш йилча олдин анча узун эди. Хитойники калта эди. Американики эса деярли йўқ эди. Ўзбекистонда, хусусан. Ҳозир биз бормиз. Оёғимиз унча узун эмасдир, лекин тенглашиб қоламиз. Бу жуда муҳим. Мувозанат керак. Ўзбекистон учун бу яхши. У– қадим Ипак Йўлидаги бой давлат. Буюк халқ. Катта таъсирга эга ҳудудда жойлашган. Ўзбекистон ҳеч кимнинг ўйинчоғи эмас.

Ўзбекистон халқи ўз ҳолича буюк ва биз уни қувватлаймиз. Мамлакат ўз фойдасини ўйлаб, ўзи қарор қилади. Биз унга ёрдамлашамиз.

– «Дўстлик» ордени муборак бўлсин. Бу ҳақда қандай хабар топдингиз?

– Элчи менга хабар берди. Мукофот мен учун шараф. Қандай инсон эканлигимни сизга айтдим: ким билан дўстлашмай, мен чин дўстман. 15-20 йил олдин шаҳримда прокурор эдим. Ўша пайтда орттирган дўстларим, полициячилар ҳамон қадрдонларим. 10-15 йил олдин бирга хизмат қилган ҳарбийлар билан ҳозиргача яқинман.

– Сиз ўзингизни халқ деб биласизми?

– Ҳа, мен халқман. Вакиллар палатаси аъзоси - Америка халқининг энг муҳим овози. Бизни халқ сайлайди. Мен бу ерда халқ ишонгани учун ўтирибман. Халқ ва давлат – бир нарса. Президент Шавкат Мирзиёев ҳам шунга интилмоқда. Парламент халқ овози бўлсин, вакиллар унинг учун курашсин, дея ҳаракат қилмоқда. Энг кучли ҳокимият, бу – халқ иродаси ва хоҳишини акс эттира оладиган ҳукумат. Республика деб шуни айтишади. Шу боис ҳам бизнинг давлатимиз кучли. Ўзбекистонда яқинлашаётган сайловлар ҳам шу томон йўл, деб умид қиламиз.

– Суҳбат учун раҳмат.