Ўзбекистон 2021 йилдан молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтади
Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари «Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари - ХМҲС (ИФРС) замонавий бизнес ва инвестицияларда» II халқаро онлайн-анжуманида иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳамда мутасадди ташкилотлар вакиллари «Халқаро молиявий ҳисобот стандартлари - ХМҲС (ИФРС) замонавий бизнес ва инвестицияларда» II халқаро онлайн-анжуманида иштирок этди. Бу ҳақда Молия вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Ушбу анжуман халқаро молиявий ҳисобот стандартлари соҳасида билим алмашишга қаратилган энг йирик платформалардан бири ҳисобланади. У Ўзбекистон, Россия, Беларус, Литва, Қозоғистон, Грузия каби 8 давлатдан 50 минг мутахассисни ўзида жамлади.
Унда молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, тартибга солиш, ишончлилиги ва ошкоралиги, унга коронавирус пандемиясининг таъсири ва корпоратив ҳисобот соҳасида глобал тадқиқотлар ўтказиш масалалари таҳлил этилди.
Мамлакатимиз учун мавзунинг долзарблиги 2021 йилдан бошлаб йирик солиқ тўловчилар бўлган маҳаллий акциядорлик жамиятлари, тижорат банклари, суғурта ташкилотлари ва юридик шахслар халқаро молиявий ҳисобот стандартларига ўтиши шарт эканлиги билан изоҳланади. Бу Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги «Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан белгиланган.

Aнжуман доирасида асосий мавзуларидан бири мамлакатимизда ХМҲСни жорий этиш масаласига қаратилди. Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов «Ўзбекистоннинг ХМҲС асосида бухгалтерия ҳисобини ислоҳ қилиш» мавзусида тақдимот қилди.
– Ҳукумат глобал иқтисодиётга интеграцияни жадаллаштириш курсини амалга оширмоқда. Ушбу мақсадга рақобатбардош иқтисодиётни яратиш орқали эришиш мумкин. Бу йўлда муҳим таркибий қисмлардан бири хорижий шериклар ишонадиган юқори сифатли молиявий маълумотларнинг мавжудлиги. Бундай ишончга ХМҲС асосида ҳисобот бериш орқали эришилади. Уларни жорий етиш бўйича ваколатли орган сифатида Молия вазирлиги белгиланиб, ХМҲСга босқичма-босқич ўтиш ва ушбу соҳада кадрлар тайёрлашнинг замонавий усуллари бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Ихтиёрий равишда ўз ҳисоботларини ХМҲСга мувофиқ ташкил этадиган тадбиркорлик субъектлари бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартларига мувофиқ ҳисоботларни тақдим этишдан озод қилинади. Вазирлик ХМҲС билан миллий бухгалтерия стандартлари ва бошқа ҳисобот шаклларига мувофиқлаштириш, ХМҲС матнларини таржима қилиш ва уларни давлат тилига ўгириш ишларини олиб бормоқда.
Таъкидланганидек, бу йил ХМҲСни қўллашга тайёрланаётган хўжалик юритувчи субъектлар учун ўтиш даври ҳисобланади. Уларни тегишли тайёргарликка эга бўлган малакали мутахассислар билан таъминлаш талаб этилади ва ҳозирда мамлакатдаги атиги 4 та ўқув маркази Халқаро сертификатланган бухгалтерлар халқаро ассоциациясининг (ACCA) зарур аккредитациясига эга. Молия вазирлиги ACCA билан бошқа институтларни босқичма-босқич аккредитация қилиш бўйича музокаралар олиб бормоқда ва очиқ кириш имконияти бўлган махсус ўқув платформасини яратиш кўриб чиқилмоқда. Молия вазирлиги, Ўзбекистон аудиторлар палатаси ва ACCA ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш режалаштирилган. Жумлада, қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш ҳам кўзда тутилган.
Эртага анжуман иши www.msfoconf.com сайтида давом этади.