Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тилида бехато ва тез ёзиш имкониятларини синовчи “ТезЁз” сайти ишга туширилди
10:20 / 2020-02-10

Ушбу сайт ҳар бир фойдаланувчининг ўзбек тилида бехато ва тез ёзиш имкониятларини синовдан ўтказади.


Президентимизнинг Ёшларга оид 5 ташаббуси доирасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Халқ таълими вазирлиги томонидан янги “ТезЁз” лойиҳаси ишга туширилди. 2020 йилнинг 8 февраль кунидан бошлаб нафақат ёшлар, балки ўзбек тилида мулоқот қилувчиларнинг барчаси мазкур платформанинг қулайликларидан унумли фойданиш имкониятига эга бўлди. Ёшлар энди ш, ч ва ў ҳарфларини w, 4 ва 6 тарзида ёзмасликлари мумкин.

Ушбу сайт ҳар бир фойдаланувчининг ўзбек тилида бехато ва тез ёзиш имкониятларини синовдан ўтказади. Жараённинг ўйинга мослаштирилгани (геймификатсиялангани) кенг аудитория, асосан, мактаб ўқувчилари орасида тез вақт оралиғида оммалашишини таъминлайди.

Синов режими

“ТезЁз” сайтининг бош саҳифасида сайт имкониятлари келтириб ўтилган. Фойдаланувчилар “Синов режими”1ни танлаб, маълум вақт чегараси давомида тўғридан-тўғри матн (матнлар бирор асардан парча ёки якка сўзлардан иборат бўлиши мумкин) ёзиб кўришлари мумкин. Матнда сўзлар тўғри ёки нотўғри ёзилаётгани, вақт сарфи кўриниб туради.

Белгиланган вақт охирига етгач, фойдаланувчи ушбу сониялар давомида тўлиқ матндан нечта сўз ёзгани, уларнинг қай бири тўғри ёки нотўғри эканлиги маълум бўлади. Тезлик ўзига хос — сўз/вақт ўлчовида аниқланади.

Онлайн беллашув

Сайтда бошқа фойдаланувчилар билан ҳам ўзаро беллашиш мумкин. Кимнинг қайси ўринда эканлиги реал вақт давомида кўриниб туради. Натижалар (тўғри ва нотўғри сўзлар, тезлик) эса ўйин сўнгида эълон қилинади.

Танловлар

“ТезЁз” платформасида танловлар ҳам ташкил этилади. Уларда сайтда рўйхатдан ўтган фойдаланувчилар қатнаша оладилар. Танлов иштирокчиси синов режимидаги каби матн ёзиб, кейинги уринишларда ҳам ўз тезлигини яхшилаб бориши мумкин.

Юқори ўриндаги иштирокчиларнинг рўйхати натижаларга қараб, янгиланиб туради ва барча учун очиқ бўлади. Танлов муддати тугагач, рўйхат пешқадами эʼлон қилинади ва тақдирланади (танловлар мукофоти эълон қилиб борилади).

Илк танлов Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд кунлари оралиғида ташкил этилиши режалаштирилган. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи жамоаси “ТезЁз” патформаси орқали аҳоли ва ёшлар орасида ўзбек тилида бехато ёзишни ўзига хос ҳаракатга айлантириш ва натижада давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг софлигини сақлашни янги босқичга кўтаришни ўз мақсадларидан бири сифатида илгари сурмоқда.