English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек тили миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли
18:00 / 2020-10-20

Фарғона давлат университетида “Давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.


Фарғона давлат университетида “Давлат тили нуфузи ва мавқеини ошириш: муаммо ва ечимлар” мавзуидаги халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда онлайн тарзда ташкил этилган тадбирда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар, ижодкорлар, шунингдек, Туркия, Россия, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан тилшунос олимлар иштирок этди.

Тил халқнинг, миллатнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган буюк хазинадир. Ўз она тилига эга бўлиш ва унинг ривожланиши миллатнинг маънавий ўзлигини ифодалайди.

Мамлакатимизда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганлиги ҳамда бу йил илк марта мазкур сана катта шодиёна сифатида нишонланиши барчамизга фахр-ифтихор бағишлайди. Зеро, бу бутун дунёдаги 50 миллиондан ошиқ ўзбеклар ва она тилимиз ихлосмандларининг байрамидир.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ф. Қосимов, Ўзбекистон халқ шоири Э. Сиддиқова, Фарғона давлат университети ректори Р. Мақсудов ва бошқалар ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик эканлигини таъкидлашди.

Анжуманда давлат тилининг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш, ўзбек тилини софлигини сақлаш, уни бойитиб бориш ва аҳолининг нутқ маданиятини ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, хорижлик тилшунослар туркий тилларнинг умумий ва ўзига хос хусусиятлари, ўзбек тилини жозибадорлиги, хориждаги олий ўқув юртларида ўзбек тилининг ўрганилиши ҳақидаги маърузалари билан иштирок этди.

– Фарғона давлат университетида ҳам ўзбек тили, ўзбек адабиёти ва уни ўқитиш борасида бир қатор амалий ишлар йўлга қўйилган, – дейди филология факультети декани Зокиржон Раҳимов. – 2017 йилдан бошлаб Фарғона давлат университети ҳузурида илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолият олиб бормоқда. Мазкур илмий кенгашда шу кунга қадар 60дан ортиқ докторлик (DSc ва PhD) диссертацияларининг ҳимояси ўтказилди. Ҳозирги кунда ўзбек тили йўналишида 8 нафар фан доктори, профессорлар, йигирмадан ортиқ нафари фан номзоди, доцентлар ҳамда ўндан ортиқ фалсафа докторлари фаолият олиб боришмоқда.

Анжуман давлат тилида иш юритиш, тилшунослик ва адабиётшуносликнинг долзарб муаммолари асосида 8 та шўъбада иш олиб борди. 9 та хорижий давлатдан 20 дан ортиқ етакчи олимлар, республикамизнинг 150 нафарга яқин профессор-ўқитувчиларнинг мақола ва тезислари тақдим этилиб, материаллар тўплам ҳолида чоп этилди.