Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек олий таълимининг олти асри
15:05 / 2020-07-07

Ректоримиз ўзбек таълим тарихи учун тамоман янги бўлган ғояни кўтарган.


“Халқ сўзи”нинг 3 июль сонида Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор, Ўзбекистогн Республикаси Олий Мажлиси сенатори Рустам Холмуродовнинг “Тамаддун дарёси ҳамон оқмоқда равон. Ўзбекистонда илм-фаннинг янги Реснессанс даври бошланмоқда” сарлавҳаси остида газета мухбири Дилшод Каримов ёзиб олган суҳбати чоп этилди. 7 июль куни у Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида ҳам эълон қилинди.

Ректоримиз ўзбек таълим тарихи учун тамоман янги бўлган ғояни кўтарган. Бу ‒ Самарқанд давлат университети 1420 йили темурий ҳукмдор, буюк аллома Мирзо Улуғбек Самарқандда қурдирган олий мадрасанинг бевосита вориси экани масаласи.

Бу ғоя ўз-ўзидан ёки бирданига пайдо бўлгани йўқ. 2001 йили Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб келганидан кейин СамДУни замонавий талаблар даражасида ривожлантириш, бу олий таълим даргоҳининг мукаммал тарихини яратиш, унинг қадим илдизлари Улуғбек мадрасаси билан боғланишини халқимизга, жаҳон ҳамжамиятига исботлаб кўрсатиш ҳақида аниқ кўрсатмалар берган эди. Шундан сўнг университетимиз раҳбари ташаббуси билан олимларимиз бу таълим муассасаси тарихи, унинг миллий ва жаҳон илм-фани, таълим тизими тараққиётига қўшган ҳиссаси хусусида тадқиқотларни бошлаб юборди.

Ўша йиллари ҳам СамДУ ректори бўлган Рустам Холмуродов бу таклифни тўла қўллаб-қувватлаб, матбуотда қатор чиқишлар қилди. Мамлакатимизнинг таниқли зиёлилари бу фикрга қўшилиб, фикр-мулоҳазалар билдирди ҳам. Айниқса, филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ботурхон Валихўжаев томонидан Улуғбек мадарасаси тарихига оид мақолалари ва икки рисоласи чоп этилиши катта воқеа бўлди.

Бироқ турли сабабларга кўра, орада бир неча йиллик танаффус юз берди. Рустам Холмуродов яна университетимизга раҳбар бўлиб келганидан кейин бу масалани қайтадан кўтарди. Ўтган йилнинг бошида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайтида унинг шу мавзуга бағишланган мақоласи чоп этилди.

Муҳокама-муносабатлар давом этаверди. 2002 йилнинг март ойида Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган мамлакатимиз олий таълим муассасалари ректорларининг сайёр кенгашида Самарқанд давлат университетининг Мирзо Улуғбек мадрасайи олиясининг асл вориси эканлигини эътиборга олиб, унинг таъсис этилиш санаси тарихини ҳам бу улуғвор даргоҳ бошланган тарих, яъни 1420 йил билан белгилаш масаласи ўртага ташланди.

2002 йили ректоримизнинг “Голос Узбекистана (17 май) ва “Халқ сўзи” (9 ноябрь, 23 ноябрь) газеталарида мақолалари чиқди. “Мулоқот” журналининг 2003 йил 5-сонида Б. Валихўжаевнинг “Теран илдизлар” сарлавҳали мақолалари ҳам чиқди.

Зиёлилар айрим вакиллари матбуотда бу фикрни қўллаб-қувватлаб чиқди. Имом ал-Бухорий халқаро жамғармаси ташаббуси билан 2001 йил Бухорода бошланиб (6 июнь), Самарқанд (20 июнь), Хива (4 июль), Наманган (2 август), Фарғона(9 август)да давом этган ва Тошкент(17 август)да якунланган “Истиқлол йиллари: миллий-диний қадриятларнинг халққа қайтиши” мавзусидаги туркум илмий-амалий анжуманлар хулоса ва тавсияларида, жумладан, шундай сўзларни ўқиймиз: “Самарқанд давлат университетини Мирзо Улуғбек асос солган “мадрасайи олия”нинг вориси деб ҳисоблаш ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлаб, уни илмий асослаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академиясига мурожаат қилиш” (Имом ал-Бухорий сабоқлари. 2001, № 3. ‒ Б. 238).

Бироқ масала ечими охирига етмай қолди. Орадан 15 йиллар ўтиб, бу масала яна кўтарилди. “Ўзбекистон овози”нинг 2017 йил 1 июнь сонида Рустам Холмуродовнинг “Ўзбекистон университетлари неча ёшда?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. У 2019 йилнинг бошида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайти орқали яна чиқиш қилди. Тез фурсатда бу мақолада кўтарилган масалани таниқли зиёлиларимиз, шунингдек, таниқли хорижий муаллифлар қўллаб-қувватлади. Уларнинг бари ЎзА сайтида эълон қилиб борилди.

Кўтарилган ғоя дастлабки расмий қўллаб-қувватланиш топди. Шу йилнинг 26 июн куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгаши “Самарқанд давлат университетининг 600 йиллик юблейини нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Шундай қилиб, Мирзо Улуғбекнинг Самарқандда қурдирган мадрасайи олияси иш бошлаган 1420 йилнинг 21 сентябри ҳозирги Самарқанд давлат университети ташкил этилган кун деб белгиланди. Халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг қарорида СамДУнинг 600 йиллик юбилейини тантанали равишда ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Бу адолатли қарор бўлди. Ахир, ўзимиз ўйлаб кўрайлик: модомики, ҳозирги Ўзбекистон инсоният цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломалар, мутафаккир шоирларни улғайтирган, уларга илму урфон ўргатиб, жаҳон тамаддуни ривожига тақдим этган муқаддас замин саналса, бу зотлар қайси олий таълим муассасида ўқиган?

Шунинг учун ҳам Шарқу Ғарбда тиббиётнинг отаси бўлган, ҳадисшунослик илмига асос солган, араб тили грамматикасини ишлаб чиққан, Ер шари макетини яратган, математика, астрономия фанларининг отаси бўлган (бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин) олимларни етиштирган диёримизнинг таълим, айниқса, олий таълим тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалиши ‒ турган гап.

Мамлакатимизда олий таълим тарихи ХХ асрдан бошланган, деган қараш мустамлакачилик сиёсатининг уйдирмасидан бошқа нарса эмас.

Бунга ёрқин мисол сифатида академик Ботурхон Валихўжаевнинг ўша йиллари матбуотда эълон қилинган “Темурийлар қурган мадрасайи олиялар”, “Олий таълим тизимининг теран илдизлари”, “Медресе олия – университет среднековья”, “Олий таълим тарихи: олий мадрасадан университетгача”, шунингдек, таниқли олим Рустам Холмуродовнинг “Дорулфунунларнинг ворислари” мақолаларини келтириш кифоя, деб ўйлаймиз.

Бундан ташқари, академик Б. Валихўжаевнинг “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” ва “Самарқандда олий таълим – мадрасайи олия. Университет тарихидан лавҳалар” рисолалари ўрта асрлардаги олий таълим тизими ва бугуни, олий таълимнинг ўзига хос хусусиятлари, улар бугунги замонавий университетларнинг илдизи экани асослаб берилди. Айтиш лозимки, “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” рисоласи тез орада Туркия ва Эрон каби мамлакатларнинг таълим тарихи мутахассислари эътиборига тушди. Жумладан, бу китоб 2004 йилда Туркиядаги Халқаро Ислом маданияти ва санъати маркази (IRCICA) тарафидан таржима қилиниб, 5000 нусхада чоп этилди. Марказнинг ўша пайтдаги директори Акмалиддин Эҳсон ўғли: “Ўзбек олими профессор Ботурхон Валихўжаевнинг “Мирзо Улуғбек даври мадрасалари” (туркча нашри номи -“Uluğ Bey devri medreseleri”) китоби чоп этилиши туфайли биз мадрасалар ислом цивилизациясининг илм-фан ва маданиятнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлгани ва Туркистон мадрасалари ўрта асрларда бутун мусулмон оламида ва дунёдаги илм-фан тараққиётида жуда катта маънавий-маърифий ўрин тутганини теран англадик”, ‒ деб юксак баҳо берган эди. Китоб 2005 йилда Эронда форс тилига таржима қилиниб, чоп этилди ва юқори баҳо олди.

Ўтган давр мобайнида таниқли олимларимизнинг мазкур мавзуга доир мақолалари, фикр-мулоҳазалари марказий газета ва журналларда кенг ёритилди. Биз университетларимиз тарихи ХХ асрдан бошланмагани, уларнинг илдизи қадим ўтмишдаги мадрасаларга бориб тақалиши ҳақидаги фикрларни илгари сураётганимиз учун 1927 йилдан университет номи билан атала бошлаган СамДУнинг 90 йиллигини нишонлашга ҳаракат қилинмади. Зеро, Б.Валихўжаев таъбири билан айтганда: “Нега биз олий таълимимизнинг илдизлари ва унинг даргоҳлари мадраса ва мадрасайи олияларнинг қадимий тарихини ҳисобга олмай, олий таълим тизими ва уларнинг даргоҳлари тарихини XX аср бошлари – шўро даврида қайта тикланишидан бошлар эканмиз? Бу билан турли хил ва даражада бўлишидан қатъий назар, узлуксиз давом этган олий таълимимизнинг теран илдизлари, унинг даргоҳлари бўлмиш мадрасалар ва мадрасаи олияларнинг бўлгани ҳамда бой тарихини инкор этмаймизми?”

Миллий таълим тизимини бугунги глобаллашув даври талаблари даражасида ислоҳ қилиш, жаҳон стандартларига жавоб берадиган кадрлар тайёрлаш йўлидан борар эканмиз, замон ана шу масала – миллий олий таълим тизимининг теран илдизлари ҳақидаги масалани кун тартибига қайта қўйгандек бўлди. Чунки ҳеч бир жамият илғор таълим-тарбия тизимисиз мавжуд бўлолмайди. Ахир, Ибн Сино, Беруний, Хоразмий, Форобий каби буюк зотлар ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди-ку! Мовароуннаҳр ҳам ўз-ўзидан илм-фан, маданият ва маърифат марказига айлангани йўқ-ку. Бу ерда улкан таълим-тарбия муассасалари – мадрасалар мавжуд бўлган. Улар темурийлар, айниқса, Мирзо Улуғбек даврида катта мавқега кўтарилди. Самарқанддаги Улуғбек мадрасаси фаолияти XX асрнинг 20-йилларигача давом этган. Шундан сўнггина ўз ўрнини мадрасайи олияларнинг вориси ҳисобланмиш университетга бўшатиб берган.

Шу боис, юртимиз олий таълим тизими тарихини ХХ асрдан бошлайдиган шўро тарихчилигидан қолган ёндашувлардан мутлақо воз кечиш, тарихий ҳақиқатни тиклаш пайти келди.

Шунинг учун ҳам биз халқ депутатлари Самарқанд вилояти кенгашининг Самарқанд давлат университети 600 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қўллаб-қувватлаймиз. Университетимизда бу санани шу йилнинг 21 сентябри куни нишонлашга катта тайёргарлик кетяпти.

Муслиҳиддин МУҲИДДИНОВ,

Самарқанд давлат университети профессори, филология фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

Султонмурод Олимов

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

аъзоси, навоийшунос