Ўзбек миллий рақсининг жаҳондаги ўрни: биз қачонгача Ғарбга интиламиз?
Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барчани, турли миллат вакилларини бирдек жўшиб, завқлантира оладиган “Лазги“ фақат бизда бор!
Жорий йил май ойида интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларда америкаликларнинг «Лазги» рақсини онлайн тарзда ўрганаётганликлари ҳақида ёзилган эда, тўғриси, ғурурландим. Қачонгача биз Ғарбга интиламиз? Бизда ҳам жаҳон аҳли ўрганса арзигулик санъатимиз, маданиятимиз ва қадриятларимиз мавжуд.
Албатта, миллий рақсларимиз чиндан ҳам бетакрор, жозибали. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барчани, турли миллат вакилларини бирдек жўшиб, завқлантира оладиган “Лазги“ фақат бизда бор!
Давлатимиз раҳбари қабул қилган «Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори «Хоразм лазги рақси» санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Айтиш жоизки, кўп асрлик бой ва бетакрор маданиятимизнинг ажралмас қисми бўлган миллий рақс санъатининг халқимиз маънавияти, бадиий-эстетик қарашларини юксалтириш, ёш авлодни миллий қадрият ва анъаналаримизга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Президентимизнинг мазкур қарори миллий рақс санъатимизни янги босқичга олиб чиқишда кўплаб истиқболларни очиб беради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан сўнгги йилларда Шаҳрисабзда халқаро мақом санъати фестивали, Термизда бахшичилик санъатига оид халқаро фестиваль, Хоразмда “Рақс сеҳри“ миллий рақс фестивалини мунтазам ўтказиш йўлга қўйилди. Эндиликда эса, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали ўтказилади.
Қарорга мувофиқ, фестиваль ва унинг доирасида «Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади. Унда хорижий мамлакатлардан рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар иштирок этади.
Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳамда уларнинг савдоси ташкил этилади.
Маълумки, 2019 йил 12 декабрь куни Боготада (Колумбия) ЮНEСКО Номоддий маданий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ҳукуматлараро қўмитасининг 14-сессиясида Хоразм лазги рақси Ўзбекистоннинг маданий ёдгорлигининг бир қисми сифатида Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Бу билан ЮНEСКО Хоразм рақсини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича зарур чораларни кўриш мажбуриятини зиммасига олди. Бунга қадар эса «Шашмақом» ва «Бойсун туманининг маданий макони» (2008), «Катта ашула» (2009), «Аския» (2014), «Палов маданияти ва урф-одатлари» ҳамда «Наврўз» (2016) мазкур рўйхатдан жой олган эди.
Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз дастурий мақсад ва вазифалари, миллий тикланиш ғоясидан келиб чиқиб, жаҳон моддий ва номоддий меросининг ажралмас бўлаги ҳисобланган Ўзбекистон халқининг маданий, анъанавий ва миллий-маънавий қадриятларини дунёга тараннум этиш, шунингдек, буюк аллома ва мутафаккирлар юрти, улкан ва ноёб бойликлар, иқтисодий ва ақлий салоҳиятлар эгаси бўлган жонажон Ўзбекистонимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузи ва обрў-эътиборини янада юксалтириш йўлида фаолият олиб боришни ўзининг устувор вазифаси, деб билади.
Партия ўзининг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида моддий ва номоддий маданий меросни асраб-авайлашни ва уларни тарғиб этишни устувор вазифа сифатида белгилаган. Партия маданий меросимизни ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига, Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига, шунингдек, Жаҳон хотираси рўйхатига киритиш ташаббусини қўллаб-қувватлайди.
Шу жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори барча юртдошларимиз қатори «Миллий тикланиш» партияси фаоллари ва депутатлари учун ҳам муҳимдир. Биз 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивали ўтказилишини қўллаб-қувватлаймиз ҳамда мазкур ташаббус миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари қўйилган навбатдаги шахдам қадам, деб биламиз.
Дониёр Тошбоев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши
Мафкуравий ишлар, партиянинг дастурий
кўрсатмаларини ишлаб чиқиш ва
ривожлантириш бўлими бошлиғи