Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек миллий анимациясида малакали кадрлар етишмайди
17:51 / 2019-10-28

"Ўзбеккино" миллий агентлигида “Ўзбек мультипликацияси ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларнинг ечимлари” мавзусида анжуман ўтказилди.

28 октябрь – Халқаро анимация куни

"Ўзбеккино" миллий агентлигида “Ўзбек мультипликацияси ривожига тўсқинлик қилаётган омиллар ва уларнинг ечимлари” мавзусида анжуман ўтказилди.

Унда давлат ва хусусий анимацион студиялар ижодкорлари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Қозоғистон Республикаси аниматорлар ассоциацияси раҳбари Гали Мирзашев ва бошқалар Ўзбекистонда анимациянинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган омиллар ва уларнинг ечимлари ҳақида гапирди.

Анжуманда мультипликация соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди. Мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар айтилди.

Миллий мультфильмлар сонини кўпайтириш, уларда ватанпарварлик, эзгулик ва яратувчанлик каби ғояларни кенг тарғиб қилиш кераклиги таъкидланди.

Мутахассислар фикрича, мамлакатимизда давлат студиялари билан бир қаторда хусусий студиялар ҳам фаолият юритиб, турли мультфильмлар яратмоқда. Булар сирасига “Синема сервис”, “Футурист”, “Астир” каби хусусий анимацион студияларни киритиш мумкин. Ўзбек миллий анимациясида малакали кадрлар етишмайди.

– Бугун миллий мультфильмларимиз савияси анча саёзлашиб кетган. Бунинг сабаби нимада? Анжуманда шу каби саволларга жавоб изладик. Кадрлар камлиги эса бор гап. Анимация тараққий этишига тўсиқ бўлаётган асосий муаммолар сифатида молиявий таъминот ва кадрлар масаласини айтиш мумкин, – дейди “Мультипликацион фильмлар студияси” ДУК директори вазифасини вақтинчалик бажарувчи Дмитрий Власов.

Анжуманда миллий мультфильмларни ривожлантириш учун “Йўл харитаси”ни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ шакллантиришга келишиб олинди.

Маълумот учун айтиш керакки, 1964 йилда ташкил этилган мультипликация цехида болалар учун анимацион фильмлар тайёрлана бошланган. Дастлаб жажжи томошабинлар учун Алпомиш, Спитамен каби тарихий қаҳрамонлар образи гавдалантирилган. Бугунга келиб мультфильмларда тарихий образларни гавдалантириш билан бир қаторда, маиший мавзудаги ва юмор ҳисси билан суғорилган янги асарлар ҳам экранга олиб чиқилмоқда. Жорий йилда 3 сюжетдан ("Совға", "Камалак", "Айпад") иборат "Чархпалак" анимацион фильми тайёрланди. "Қўзичоқ, най ва қароқчи бўрилар", "Сеҳрли танбур", "Пар ёстиқ", "Зағча", "Қалдирғоч билан майна", "Самарқанд нони" каби анимацион фильмлар эса намойишга тайёрланмоқда.

Халқаро анимация куни муносабати билан 26-27 октябрь кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги кинотеатрларда миллий мультфильмлар намойиш этилди.