English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари
16:18 / 2019-08-27

Ота-боболаримиздан бизга кўп нарсалар мерос қолган. Кишини эзгуликка етакловчи панду насиҳатлар, достону ҳикматлар шулар жумласидандир.


Ота-боболаримиздан бизга кўп нарсалар мерос қолган. Кишини эзгуликка етакловчи панду насиҳатлар, достону ҳикматлар шулар жумласидандир. Алп Эртўнга, Тўмарис, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Амир Темур каби аждодларимизнинг қаҳрамонликлари акс этган ривоятлар, халқимизнинг неча минг йиллик тарихга эга урф-одатлари, миллий фазилатларимизни санъат даражасига кўтарган мақол, қўшиқ, эртак, достон, болаларга бағишланган асарлар халқимиз ижодиёти бой эканлигини кўрсатиб туради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйи томонидан чоп этилган “Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари” 100 жилдлик мажмуаси 15 жилдининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Тадбирни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид олиб борди.

394A2728.JPG

Мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишлаб ўтказилаётган китоб тақдимотида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходими Салим Ашур, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов, академик Тўра Мирзаев ва бошқалар мустақиллик йилларида юртимизда маданий меросни асраб-авайлашга, ривожлантиришга бўлаётган жиддий эътибор ва бунинг самаралари ҳақида гапирди.

– Бу китобни тўплашда энг сара ва асл асарларга мурожаат қилдик, – дейди филология фанлари доктори, профессор Маматқул Жўраев. – Мақсад – халқимизни буюк маънавий меросимиз сарчашмаларидан баҳраманд этиш.

394A2722.JPG

– Бугун яхши шоир, яхши мутахассис ва яхши одам бўлиш учун ҳам халқ оғзаки ижодиётини билиш, англаш керак, – дейди Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим. – Ҳар қандай мураккаб ва нодир санъат турининг асосида ва туб илдизида халқ оғзаки ижоди ётади. Халқ ижодиётини қадрламаган инсон миллати ва халқи олдидаги улкан қарзини ўтамаган саналади. Тўғри, ўзбек халқ оғзаки ижоди жуда катта хазина. Уни бир инсон умри мобайнида ўрганиб, охирига етолмайди. Аммо ана шу уммоннинг бир томчисини англаш бахти ҳам инсон тафаккурини, ўй-хаёлларини ўзгартириб юборади. Ушбу китоб ҳам нашриёт ва тўпловчилар томонидан халқимизга ҳадя этилган улкан маънавий бойликдир.

394A2651.JPG

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон бахши Матёқубов халқ оғзаки ижодиёти ҳақида тўлқинланиб, жўшиб гапирди, хоразмча оҳангда бир жуфт қўшиқ куйлади. У ижро этган халқона қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бахш этди.