Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ўзбек Болалар ва ўсмирлар адабиёти: танқид ва таҳлил
21:32 / 2020-01-31

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши фаолиятининг 2019 йил якунлари бўйича ҳисобот-йиғилиши ўтказилди.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши фаолиятининг 2019 йил якунлари бўйича ҳисобот-йиғилиши ўтказилди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, кенгаш раиси Ориф Тўхташ, Шарифа Салимова ва Зулфия Мўминова бугунги кунда ўзбек болалар адабиётининг аҳволи ҳақида гапирди. Ҳали қилиниши керак бўлган устувор вазифалар хусусида сўз юритди.

Замондош ижодкорларнинг болалар учун асарлар ёзиши кераклиги ҳақида танқидий мулоҳазалар билдирилди. Аслида ёзувчи-шоирни катталар учун ёки кичик ёшдагилар учун ёзадиган, деб ажратиш нотўғри, яхши ижодкорнинг ўз “базаси“да болалар учун ёзилган энг сара асарлар бўлиши табиий. Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Миртемирларнинг самарали ижодий йўли бунга мисол.

5.jpg

Тадбирда асосий маърузаларни “2019 йилда болалар учун чоп этилган шеърий китоблар” мавзусида болалар шоири, филология фанлари номзоди Дилшод Ражаб, “2019 йилда болалар учун нашрдан чиққан насрий китоблар” мавзусида болалар ёзувчиси Муҳайё Тўлаганова ҳамда “2019 йилда болалар нашрларида чиқарилган асарлар” ҳақида “Гулхан” журнали бош муҳаррири ўринбосари Муҳаббат Ҳамидова ўқиди.

Йил давомида ёзилган бадиий ижод намуналари таҳлил қилинди.

Сарҳисоб қилинаётган йилда Пўлат Мўмин ва Анвар Обиджоннинг “Чўлпон” нашриётида чиққан сайланмаси, Зулфия Мўминованинг “Болаларга китоб беринг”, Зикрилла Неъматнинг “Марди майдонлар юрти” китоблари чоп этилгани ўзбек болалар адабиёти учун самарали иш бўлгани алоҳида эътироф этилди. Бугун халқ оғзаки ижодига мурожаат этиш камайгани, бу борада саноқлигина асарлар яратилгани ачинарли ҳолга айлангани ҳақида гап борди.

Газета ва журналларда катта авлод ижодкорлари этакларидан тутган ёшлар ҳам пайдо бўлаётгани, бунда Мансур Жумаевнинг ҳикоялари, Фахриёр Бахтиёровнинг шеърлари ва шу қаторда яна янги овозлар борлиги таъкидланди. 

13.jpg

– Ўзбек замонавий болалар адабиётида кўплаб асарлар ёзилаяпти, аммо улар орасида 14-17 ёшдаги болаларга бағишланган асарлар кам, – дейди Муҳаббат Ҳамидова. – Пойтахтимизда чоп этилган даврий нашрлар чекка-чекка қишлоқларга етиб бормаяпти. Газета-журналлар ранг-баранг, ўқишли бўлиб чиқяпти. Аммо улар мактабларда ўқилмаслиги кишини ранжитади. Афсуски, биз кўп ҳолларда болалар нашрлари болани китобхонликка етаклашини унутиб қўйдик.

“Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида Наима Анварова, Мўътабар Ҳасанова, Моҳидил Абдуллаеванинг “Раққос япроқлар”, Саъдулло Қуроновнинг “Галактикада бир кун” номли китоблари ёш китобхонлар эътиборига тақдим этилди.

Ҳисобот йиғилишида болалар учун ёзилган 19 китоб ва 10 га яқин даврий нашрларда чоп этилган асарлар кўриб чиқилди. Кенгаш йиғилиши қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди.