Зиёси бир ўзбек билан туркманнинг
Бир дарёдан ҳовучлаб сув ичган эл...
Бир дарёдан ҳовучлаб сув ичган эл,
Дарёси бир ўзбек билан туркманнинг,
Ою қуёш нурлари тенг тушган эл,
Зиёси бир ўзбек билан туркманнинг!
Бир-бирига суянч бўлиб қадимдан,
Ўксиганда юпанч бўлиб қадимдан,
Битта нонни икки бўлиб қадимдан,
Дуоси бир ўзбек билан туркманнинг!
Махтумқули куйларининг сири бор.
Икки қўлни тутган битта пири бор:
Ҳар бир уйда Миралининг шеъри бор,
Навоси бир ўзбек билан туркманнинг!
Гижинглайди туркманимнинг тулпори,
Ер депсинар ўзбегим Бойчибори,
Ҳайт, деганда тарқаб кетар ғубори,
Сафоси бир ўзбек билан туркманнинг!
ʼʼʼТуркманʼʼ- десам ʼʼманʼʼ деб айтар тоғлар ҳай,
Болга тўлган биз ишонган боғлар ҳай,
Бундай чоғлар дилни мудом чоғлар ҳай,
Дунёси бир ўзбек билан туркманнинг!
Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон халқ шоири.