Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Завол билмас санъат
09:43 / 2024-02-19

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида санъатимизда ўчмас из қолдирган Шерали Жўраев номини абадийлаштириш бўйича билдирган ташаббусини кимдир ҳаяжон, бошқалар қувонч билан, яна кўплаб ватандошларимиз кўзда ёш билан кутиб олди.

Давлатимиз раҳбари Андижон шаҳридаги санъат мактабига ўзбек қўшиқчилигига беқиёс ҳисса қўшган, Ўзбекистон ва Тожикистон халқ артисти Шерали Жўраев номини беришни таклиф қилди. У Мусиқа ва санъат коллежига айлантирилиб, унда грант асосида янги истеъдод эгалари тарбияланади.  

Миллий қўшиқчилик санъатимизда ўзининг бетакрор истеъдоди билан мухлислар қалбидан жой олган устоз санъаткорлар кўп бўлган. Лекин Шерали Жўраевдек санъат қироли ягона бўлгани бегумон!  

Миллионлаб мухлислар ҳофизнинг ёруғ дунёни бу қадар кутилмаган тарзда, тез тарк этишини хаёлларига ҳам келтирмагани рост. Қўшиқлари билан қалбга нур, қувонч, ёруғлик бағишлай олган санъаткорнинг феномени унинг ўз халқига, Ватанига, санъатга бўлган меҳр-муҳаббатида эди! Бу чексиз меҳр унинг соф ўзбекона, миллий руҳ билан йўғрилган қўшиқларида, мумтоз адабиётимизга бўлган иштиёқида, она тилимизга бўлган беҳад ҳурматида, томошабин олдидаги, санъат олдидаги ўз бурчи, масъулиятини теран англаганида янада яққолроқ намоён бўлади.  

Ҳофизнинг мумтоз адабиётимиз билимдони экани ҳар қандай таъқибу тақиқларга қарамай, “Ишқнинг етти жилоси” номли мусиқа ва шеърият кечаларини мукаммал даражада ташкил эта олганида яна бир бор кўринади. Бу мусиқий оқшомлар мумтоз адабиётга бефарқ бўлган одамни ҳам Жалолиддин Румий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби  алломалар ижодига ошно этиб қўяди. Шеърга, сўзга, оҳангга, создандалар ижросига эътибор, нуқтадонлик билан ёндашиш Шерали Жўраевга хос бўлган жиҳатлар эди. Ижрода сохталик, ўзибўларчилик, ёлғон, юзакилик, фонограмма орқали куйлаш унга бегона эди.  

Сийқаси чиққан, пойинтар-сойинтар, қўшиқ деб аташга арзимайдиган ижролар авж олган, "ўлдим-куйдим" қабилидаги бир-бирига ўхшаш мусиқий клиплар урчиган, на овози, на истеъдоди бор, ҳатто ўз она тилини тузукроқ билмайдиган, билишни истамайдиган хонандаларнинг томошабин дидини бузишга астойдил интилган шундай бир паллада устоз санъаткор Шерали Жўраев ижод йўлини, у яратган қўшиқчилик мактабини ўрганиш, тарғиб этиш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.  

Давлатимиз раҳбарининг савобли ташаббуси замирида ҳам унинг миллий санъатимизга, ёшлар маънавиятига ҳақиқий эътибор ва ғамхўрлиги, устоз санъаткор Шерали Жўраев хотирасига ҳурмати, инсон қадр-қимматини устувор билиши мужассамдир.  

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири