“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Президентимиз ташаббусини амлга оширишда завод ишчи-ходимлари 10 минг дона кўчат ўтқазишни режалаштирган. Ҳозиргача муҳандис-техник ходимлар иштирокида Таъмир-механика цехи ва завод автотураргоҳига ёндош майдонда турли мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди.
Ушбу акцияда Ёшлар иттифоқи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи бошланғич ташкилоти кўмагида завод футбол жамоаси Когон шаҳридаги ўқув базаси ҳудудида ҳам кўчат экди. Шунингдек, Қоровулбозор туманидаги Ҳарбийлар шаҳарчасини кўкаламзорлаштириш учун жами 600 дона манзарали дарахт кўчатлари етказиб берилди. Бугунги кунда умумий ҳисобда 2 минг 260 туп манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди.
Лойиҳага кўра цехларга тегишли бинолар, “Нефтчи” аҳоли шаҳарчаси, автойўллар, янгидан барпо этилган олмазор боғи атрофлари кўкаламзорлаштирилади ва дарахтларнинг ҳолатини яхши сақлаш учун кимёвий ишлов ҳам берилади.


Зариф Комилов, ЎзА