Орамиздаги замондошлар
Нагашибек Куттимуратов “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ га қарашли Шимолий кон бошқармаси 3-сонли гидрометаллургия заводида участка бошлиғи бўлиб ишлайди. Унинг ёшлик йиллари Қизилқумнинг қоқ марказида жойлашган Шалхар овулида ўтди. Ота-бобоси чўпонлик қилиб, оила тебратган. Ва чўпон таёғи сулоланинг яна кўплаб авлодлари учун мерос сифатида қолиши мумкин эди. Чунки бундан чамаси ўттиз йил муқаддам Учқудуқ туманидаги овулларда яшайдиган маҳаллий аҳолининг тирикчилик манбаи асосан Қизилқум саҳросида фақат чўпонликнинг орқасидан келарди. Анча олис ҳудуд бўлгани учун бу ерда ҳамма имконият чекланган. Ҳар замонда 3-4 вагонли поезддан бошқа қатнайдиган улов йўқ. Вилоят маркази билан орадаги масофалар орзулар каби олис эди...

Ўтган асрнинг 80-йиллари охири, 90-йилларида Учқудуқ туманидаги бепоён кенгликларни макон тутган овулларда одамлар одатий тирикчилик машғулоти – чўпонлик билан кун ўтказиб юрган вақтда, бу заминда олтин захираси бор, энди бу кенгликларда катта завод қурилар экан, деган миш-мишлар тарқалди. Ўша пайтда Шалхар овулида яшаган ёш Нагашибек учун ҳам бу миш-мишлар эртак каби туюлсада, у ўз хаёлида завод ҳақида чексиз тасаввурларни яратишга интилар эди. Мактабда эса ҳар бир фан устози “Чуқур билим эгалланг, сиз заводда ишлашингиз керак”, деган эслатмалар билан дарсни бошлаб, тугатишарди.

– Устозларимизнинг “Яхши ўқисангиз, ўз заводингизда ишлайсизлар”, деган ишончи билим олишга бўлган интилишимизни тубдан ўзгартириб юборган, – дея эслайди Нагашибек Куттимуратов. – Ўша мададми, қўллаб-қувватлашми, хуллас, синфимиздаги 10 га яқин ўқувчи овулдан узоқда бўлмаган заводнинг қурилишини кўриш учун ўша иншоот ёнига бориб, соатлаб томоша қилардик. Биз кўрмаган техникалар, қурилиш майдони... Шундан кейин менда қурувчи бўлиш орзуси пайдо бўлди. Ҳар куни заводни кўриб, кейин шу ерда ишлаймиз, деган ният билан ортга қайтардик.
Аммо овул ёшлари учун ўқиш, касб ўрганиш ҳам осон кечмади. Олис йўл, чекланган алоқа воситалари панд берди. Тошкентга бориб, олийгоҳга киролмай қайтиб келган Нагашибек қурувчи бўлиш орзусидан қайтмади.

Оилада ҳеч ким мактабдан бошқа ерни кўрмагани учун йўл-йўриқ кўрсатадиган одам йўқ эди. Шунда овулга Бухородан келиб ишлаб кетган дўхтир опанинг маслаҳатлари асқотди. Чунки фақат угина тўғри йўл кўрсата оларди. Телефонга алоқага чиқиш учун бир неча кунлаб кутишга тўғри келаса-да Нагашибекни Бухородаги қурилиш техникумига олиб борадиган одам топилганидан ҳамма хурсанд эди. У техникумни, кейинчалик ҳарбий хизматни тугатиб, яна жонажон овулига қайтди.
У энди Учқудуқнинг қурилиш бўйича ҳақиқий мутахассиси эди. Ва ниҳоят Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводида иш бошлади.
– Эндигина ташкил топган вақтда завод кичкина эди, – дейди Н.Куттимуратов. – Унинг атрофида айланиб юрган овул ёшлари учун тошдан олтин ажратиб олиш ҳақиқатда ақл бовар қилмас ҳодиса бўлган. Рус олимлари, мутахассисларини кун ора кўрардик, улар билан гаплашгимиз келарди. Аммо тил билмас эдик. Фақатгина тилла олиш учун катта билим, тажриба ва меҳнат кераклигини қалбдан ҳис қилардик. Улкан ҳарсанглар ердан ажратиб олиниб, заводга келтирилади. Бир нечта босқичлардан ўтгач, ундан машаққат билан олтин ажратиб олинади. Бу жараённи мен илм олишга қиёслайман. Илм ҳам машаққатлар эвазига эгалланади.
Бугунги 3-гидрометаллургия заводи, унинг имонияти, техникалар кечагидан тубдан фарқ қилади. Қизилқум саҳросида жойлашган завод мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган биринчи энг йирик саноат объектларидан биридир.
Мазкур завод ишчилари жорий йилда заводнинг 30 йиллигини кенг нишонламоқда. Бу заводнинг қурилиши Учқудуқ туманига нафақат саноат, балки янги ҳаётнинг кириб келишига сабабчи бўлган. 3-ГМЗда бугун мутахассислар маҳаллий аҳоли ва уларнинг фарзандларидан иборат. Улар шу заводда бирга ишлаётганлигидан фахрланишади. Чунки бу завод олис овул одамларининг ҳаётига улкан янгилик олиб кирган, кўплаб ёшлар учун чўпонлик таёғи ўрнига улар қўлига китоб тутқазган, илм йўлига бошлаган, уларнинг ўзига ишончи, орзулари ва мақсадларига муносабати ўзгаришига сабаб бўлган.
Қаҳрамонимиз таъкидлаганидек, бу завод катта тарихий тажрибанинг шаклланишига асосдир. У келажакда янада кенгайиб боради ва бу каби заводлар мамлакат иқтисодини юксалтириш ҳамда олис ҳудудларга тараққиёт кириб бориши учун хизмат қилади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири