Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Завод ишчи-хизматчилари ҳам референдумга фаол қатнашади
15:14 / 2023-04-05

Жиззах саноат “А” зонасидаги “Volkswagen” автомобил заводида “Конституция – меники, сеники, бизники! Конституция – ўзимизники!” шиори остида жорий йилнинг 30 апрелида ўтадиган референдумга бағишлаб маънавий-маърифий тадбир ва гала-концерт ташкил этилди.

Тадбирда Жиззах “А” саноат зонасида ҳамда вилоятда фаолият юритаётган бир қатор саноат, қўшма, хорижий корхоналар ҳамда пахтачилик, ғаллачилик, уруғчилик ва бошқа соҳа кластерларида фаолият юритаётган ишчи-хизматчилар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.  

Янги таҳрирдаги Конституция Ўзбекистон жамиятининг эволюцион ривожланишидан келиб чиқаётган ҳаётий зарурат бўлиб, бу иш мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Янгиланган Бош қомусимизнинг ушбу матни олиму мутахассислар томонидан кабинетларда ўтирибгина қабул қилингани йўқ, балки бир эмас икки босқичда умумхалқ муҳокамасида бўлди.

Ушбу Конституцияда жамиятнинг барча қатламлари манфаати инобатга олиниб, Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашган ва ушбу янгиланган Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради. Вилоятдаги фаол ишчи-хизматчилар, олов қалбли ёшларни ягона мақсад йўлида бирлаштирган ана шу тадбир давомида “BMB Trade Group” Кузатув Кенгаши раиси Бегзод Маматқулов, Пахтакор туманидаги уруғчилик ихтисослашган “Семруғ” МЧЖ кластери раҳбари Шоҳасан Сувонқулов, “Ўзгидрогеология” ДУК етакчи гидрогеологи Омон Жонгиров, “Жасорат” медали соҳибаси, ғаллаороллик ногирон чевар, миниатюрачи-рассом Барно Нарзуллаева ва бошқалар янгиланаётган Конституциямизга киритилаётган қўшимча ва ўзгартиришлар халқимизнинг турмуш тарзини янада юксалтиришга, инсон қадрини ошириб, Ватанимизни янги босқичда изчил ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этиб ўтди.  

Шунингдек, ушбу тадбир давомида элимиз суйган санъаткорлар Зохиршоҳ Жўраев, “Сетора” гуруҳи, Райҳон Ғаниева ва бошқалар ижросидаги концерт-шоу тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.  

[gallery-11284]

Тадбирда сўзга чиққанлар ва эстрадамизнинг ёрқин  юлдузлари ҳам барчани Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича жорий йилнинг 30 апрелида ўтказиладиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этишга чорлади.  

Конституциявий қонун лойиҳаси бўйича тарғибот тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

А.ҚАЮМОВ,

Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА