Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Завод фаолияти вақтинча тўхтатилди
12:14 / 2026-03-02

Ўтган йилнинг сўнгги ойларида ҳавони ифлослантирувчи манбаларни аниқлаш ҳамда қоидабузарликларни бартараф этиш мақсадида Қашқадарё вилоятида кенг қамровли экологик рейдлар ўтказилган эди. Ушбу тадбирлар давомида айрим ғишт ишлаб чиқарувчи корхоналарда қонун талабларига зид ҳолатлар аниқланиб, уларнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган.

Шу каби ҳолатлардан бири Қарши туманининг Қоратепа маҳалласида жойлашган ғишт заводларида ҳам кузатилди. Маҳаллий аҳоли узоқ вақтдан бери корхонадан чиқадиган қуюқ тутун туфайли саломатликка салбий таъсир кўрсатаётганидан норози. Аниқланишича, заводда ёқилғи сифатида фойдаланилаётган кўмир тутунини тозалаш учун белгиланган меъёрларга жавоб берадиган фильтр ва дудбуронлар ўрнатилмаган.

Экологик рейдлар натижасида фаолияти тўхтатилганига қарамасдан, корхонада тегишли рухсат ҳужжатлари расмийлаштирилмасдан ва техник камчиликлар бартараф этилмасдан иш қайтадан йўлга қўйилгани маълум бўлди. Хусусан, давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олиш, шунингдек, стандарт талабларга жавоб берадиган чанг-газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш чоралари кўрилмаган.

– Қонунчилик талабларига мувофиқ, бундай корхоналар фаолияти экологик экспертиза хулосаси ҳамда замонавий фильтр ускуналари мавжуд бўлган тақдирдагина амалга оширилиши мумкин, – дейди Қашқадарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шуъба бошлиғи Азамат Ҳамдамов.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасининг даъво аризасига асосан Қарши туманлараро иқтисодий судининг 2026 йил 7 январдаги ҳал қилув қарори билан мазкур заводда фильтр ускуналари ўрнатилгунига қадар ишлаб чиқариш фаолиятини вақтинча тўхтатиб туриш белгиланди. Лекин шунга қарамай завод фаолиятини тўхтатмаган.

Суд қарорининг ижроси доирасида корхонадаги энергия таъминоти тизимлари ҳамда транспорт воситалари муҳрланди. Шунингдек, завод масъулларига қонунчиликка мувофиқ юқори самарадорликка эга чанг-газ тозалаш ускуналари ва локал сув тозалаш иншоотларини ўрнатиш, шу асосда давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосасини олиш мажбурияти юклатилди.

Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири