Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Завод директори: Оилалар фаровонлиги ва бунёдкорлик ишлари давом этиши учун ишлаяпмиз
14:26 / 2020-03-30

Бугун коронавирус инфекцияси дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ўз фуқаролари саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда.

Эл бошига иш тушганда

Бугун коронавирус инфекцияси дунё аҳлини ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ўз фуқаролари саломатлигини муҳофаза қилиш, пандемия шароитида инфекция кенг тарқалишининг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, бизнинг мамлакатимизда ҳам аҳоли имкон қадар ўз уйида бўлиши, зарурат туғилмаганда кўчага чиқмаслик талаб этилмоқда.

Таълим муассасаларининг дарс-машғулотлари онлайн усулда йўлга қўйилди. Кўп корхона ва ташкилотларда ҳам ишчи-ходимлар масофадан туриб ишлаш тизимига ўтди.

Албатта, ҳаёт давом этади. Яшаш учун курашиш керак. Инсон организми учун сув ва ҳаво, озиқланиш қанчалик муҳим бўлса, корхона ва ташкилотлар барқарорлиги учун уларнинг ишлаб туриши талаб этилади. Ўз навбатида бу мамлакат иқтисодиётига, ҳар бир оила рўзғорига таъсир кўрсатади.

Шу боис бугунги мураккаб шароитда ҳам аввало, ишчи-ходимлар саломатлигини хавф остига қўймаган ҳолда республика соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тавсия этилган қоидаларга қатъий риоя қилиб, фаолиятимизни давом эттиряпмиз.

Икки юздан кўпроқ ходимларимизни ҳар куни белгиланган вақтда дезинфекция қилинаётган махсус автобусларда заводга олиб келиб, ишдан сўнг уйларига етказишни йўлга қўйганмиз. Корхонада ҳам ходимлар текширувдан ўтказилиб, тиббий ниқоб, антисептик воситалар билан таъминланмоқда. Цехлар ҳар куни бир неча маротаба дезинфекция қилинмоқда.

Ошхонамизда ҳам 200 киши бир вақтнинг ўзида овқатланиши учун имконият мавжуд. Бугунги шароитдан келиб чиқиб, 20-25 кишидан навбати билан овқатланмоқда.

Нима учун бундай йўл тутяпмиз? Чунки ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз – тиббий инвентарлар, спорт жиҳозлари, мебель ва қурилиш материалларига буюртмаларимиз кўп. Бу буюртмаларнинг аксарияти инвестиция дастурлари билан боғлиқ. Мисол учун, бугунги кунда Самарқанд вилоятидаги бир қатор оилавий поликлиникалар, тиббиёт муассасалари учун жиҳозларни етказиб беришни зиммамизга олганмиз. Уларни ўз вақтида етказиб бермасак, бу муассасаларнинг фойдаланишга топширилиши кейинги сурилади. Ёки жорий йилдан бошлаб ишлаб чиқариш йўлга қўйилган композит арматура (Самарқандда фақат бизда тайёрланади), турли профилдаги металл қувурларга ҳам бугун қурилиш ишларида талаб юқори, буюртмаларимиз жуда кўп.

Бугунги кунлар барчамиз учун, бутун халқимиз учун бир синов. Бу синовдан эсон-омон, ортиқча талафот ва йўқотишларсиз ўтиш ҳам аввало ўзимизга, тавсия этилаётган тартиб-қоидаларга риоя этишимизга боғлиқ. Биз ана шу қоидаларга амал қилиб, иқтисодиётимиз барқарорлиги, оилалар фаровонлиги ва юртимиздаги бунёдкорлик ишлари давом этиши учун ишлаяпмиз.

Илҳом ХАЛИЛОВ,
Самарқанд туманидаги
“Стеклопластик” МЧЖ раҳбари