Каттақўрғонлик Заршодабегим ҳозир 14 ёшда. Каттақўрғон шаҳридаги 8-сонли мактабнинг 8-синф ўқувчиси. У бугунгача барча тенгдошлари қатори шахсини тасдиқловчи бирор бир ҳужжатга эга эмас эди. Чунки унинг туғилганлиги расман қайд қилинмаган.
Нигора Давронова (Заршодабегимнинг онаси) 2005 йилда оила қургач, 4 нафар фарзанд кўрди. Қонуний никоҳдан ўтмагани боис, фарзандларнинг барчаси ҳам вақтида туғилганлик гувоҳномасига эга бўлмаган. Бири туғилибоқ расман қайд этилган бўлса, бошқалари муддати ўтиб ҳужжатли бўлишди. Иккинчи фарзанди — Заршодабегим айрим сабабларга кўра, уй шароитида дунёга келди. Бироқ у ота-онаси ва катталарнинг бепарволиги сабаб расман фуқаро бўлишни 14 йил кутишига тўғри келди.
Эр-хотин 2013 йилда қонуний никоҳдан ўтишди. Лекин яна боланинг масаласи эътибордан четда қолди. Каттақўрғон шаҳар ФҲДЁ бўлими ходимларининг ёрдами, амалий кўмаги билан Заршодабегим Иззатова жорий йилнинг 31 январида, 14 ёшида туғилганлик гувоҳномасини олди. Энди у ушбу ҳужжат билан ҳар қандай жойда фуқаролигини тасдиқлаши, бошқа ёшлар каби қатор ҳуқуқлардан фойдаланиши мумкин.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, 2021 йилда вилоятда 111 мингдан ортиқ туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувлари расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг 2 881 таси муддатини ўтказиб қайд қилинган.
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати