Тошкент вилояти Паркент туманининг Заркент қишлоғи ҳар йили пишиқчиликнинг энг қизиган палласида нафақат маҳаллий аҳоли, балки хорижлик меҳмонларни ҳам ўзига оҳанрабодек жалб қилиб келади. Жорий йилнинг 22-23 август кунлари Паркент тумани Заркент қишлоғида анъанавий узумчилик тажрибаси ҳамда боғдорчилик маҳсулотларининг ноёб тур ва навларини кенг оммалаштиришга қаратилган “Узум сайли” ва Халқаро виночилик фестивали бўлиб ўтади.
Ҳозирда ташкилотчилар томонидан фестивалга тайёргарлик жараёнлари қизғин паллага кирган. Мазкур фестиваль олдидан ўтказиладиган тадбирлар режаси, дастурлар билан яқиндан таништириш мақсадида журналист ва блогерлар учун соҳа масъуллари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда Тошкент вилоят ҳокими ўринбосари Жамшид Бобожонов, Паркент тумани ҳокими Сардор Исақулов ва бошқа масъул ташкилотлар раҳбарлари томонидан атрофлича маълумот берилди.

Қайд этилганидек, бу йил фестиваль учинчи бор ўтказилмоқда. Унга 40 дан зиёд хориж давлатларидан узумчилик ва виночилик соҳаларида фаолият юритаётган мутахассислар келиши кутилмоқда. Шу билан бирга, хорижлик сайёҳларнинг ҳам қизиқиши катта, албатта. Ўтган йили хорижлик ҳамкорлар билан экспорт шартномалари 32 миллион долларни ташкил этган.
Тадбир доирасида вилоят туризм салоҳиятини намойиш этиш, миллий маҳсулотлар ва брендларни жаҳон бозорида муносиб ўринга эга бўлишини таъминлаш чоралари кўрилади. Шунингдек, мазкур жараёнларни томоша қилиш учун жами бир миллион нафарга яқин сайёҳлар келиши кутилган. Уларга қулайлик яратиш мақсадида белгиланган йўналишларда бепул транспорт қатнови ҳам йўлга қўйилади.
Фестиваль доирасида соҳа мутахассислари иштирокида илмий-амалий семинарлар ташкил этилади. Республика кўрик-танловлари, ҳунармандчилик маҳсулотлари, миллий таомлар ва либослар намойишлари, санъат ва маданий тадбирлар, фольклор жамоаларнинг иштироки ҳам режалаштирилган.

Ўз навбатида мамлакатимизнинг барча вилоятларидан фермер хўжаликлари, вино заводлари вакиллари махсус ташкил этилган павилонларда ўз маҳсулотларини намойиш қилади. Табиий ичимликлар, шарбатлар ва шарбат концентратлари ишлаб чиқариш корхоналари ўз маҳсулотлари билан қатнашади.
Фестивалнинг бизнес зонасида эса тақдимотлар, музокаралар, маҳорат дарслари, халқаро ҳамкорлик шартномалари ва инвестиция битимлари имзоланиши режалаштирилган. Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг етакчи виночилари ва қўшма корхоналар иштирокида вино маҳсулотлари дегустациялари, нодир виноларни сотиш бўйича аукционлар ўтказилади.

– Ҳозир вилоятдаги узумзорлар майдони 13 минг гектардан 19 минг гектарга етди, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ж.Бобожонов. – Узумзорларда етиштирилаётган маҳсулотларнинг 40 минг тоннадан ортиқ қисми 11 та давлатга, вино маҳсулотлари эса 9 та давлатга экспорт қилинмоқда. Келгуси 3 йилда ҳудудда яна 20 минг гектар ҳосилдор узум плантацияларини яратиш режалаштирилган. Натижада узум майдонлари 39 минг гектарга етказилади.
Бугунги кунда юртимизда 28 дан ортиқ хўраки ва винобоп узум навлари етиштирилаётган бўлса, шундан 13 таси айнан Тошкент вилоятига тўғри келади. Асосийси аҳоли хонадонларида узум етиштириш, майиз, шинни каби маҳсулотларни тайёрлашнинг анъанавий усулларини янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Матбуот анжуманида масъуллар томонидан журналистлар берган саволларга жавоб берилди, таклиф ва тавсиялар тингланди.
А.Мусаев,А.Алижонов, ЎзА.