Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Зарифа ва Ҳайдар Алиевлар. Абадий яшар муҳаббат” китобининг тақдимоти 
18:18 / 2025-05-02

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Озарбайжон халқ ёзувчиси Элмира Охундованинг “Зарифа ва Ҳайдар Алиевлар. Абадий яшар муҳаббат” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. 

Тадбирда эътироф этилганидек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги дўстлик алоқалари узоқ тарих, мустаҳкам маънавий-маърифий илдизларга таяниши билан қадрли. Икки қардош халқ ўртасидаги биродарлик  ришталарини мустаҳкамлашда оловлар диёри – Озарбайжон умуммиллий лидери Ҳайдар Алиевнинг хизматлари каттадир.  

Элмира Охундованинг “Зарифа ва Ҳайдар Алиевлар. Абадий яшар муҳаббат” номли китоби қардош халқнинг давлат ва жамоат арбоби, умумиллий етакчиси ҳамда унинг умр йўлдоши ҳаёти, фаолияти, инсоний фазилатларига яна бир карра назар ташлаш имконини бериши билан диққатга сазовордир.  

Ушбу китоб Тошкентдаги “Niso” нашриёт-матбаа уйида чоп этилган. Асар Бобохон Шариф Муҳаммад томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. 

Бадиий-публицистик жанрда битилган бу китоб озарбайжон халқининг миллий етакчиси ҳаёти, замон тўфонлари  орасида ўтган фаолияти давомида уни маънан  ва руҳан қўллаб-қувватлаб келган, у билан ҳаётнинг барча аччиқ-чучугини бирга тотган, садоқат ва фидойилик тимсолига айланган аёл ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятлидир. 

[gallery-23139]

Китоб муаллифи Элмира Охундова 2000 йиллардан буён бадиий  публицистика жанрида самарали ижод қилиб келмоқда.  Қаламкаш “Ҳақиқат лаҳзалари”, “Яшаш завқи”, “Шиша сарой”, “Дўстларимнинг гўзал қиёфалари” каби публицистик мақолалар тўпламларининг муаллифи саналади. 

Э.Охундова қардош халқнинг етакчиси Ҳайдар Алиев таржимаи ҳолини адабий йўналишда тасвир этган  биринчи ёзувчи ҳисобланади. У ҳаётининг 11 йилини “Ҳайдар Алиев. Шахс ва замон” кўп томли роман -тадқиқотини яратишга сарфлади. 6 жилддан иборат роман 2014 йилда якунланди. Ушбу роман турк, инглиз, украин, венгер, тожик, грузин тилларига ўгирилган.  

Элмира Охундова 2018 йилда “Озарбайжон халқ ёзувчиси” унвони, 2023 йилда II даражали “Ватан олдидаги хизматлари учун”  ордени билан мукофотланган.  

Ижодкор  Ўзбекистонга ҳам бир неча бор келиб, ўз таассуротларини бир қатор ижод намуналарида акс эттирган. У Тошкентга бағишланган “Қуёш  шаҳрида уч кун” номли мақоласида “Моҳиятан,  Тошкент – улкан боғ-шаҳар. Унинг боғлари ўзининг гўзаллиги, ям-яшил либослари, улуғвор чинорлари, кекса эманлари ва кўм-кўк чиройли арчалари билан кишини ҳайратга  солади. Тошкентликлар ўз боғларини кўз қорачиғидек асрайдилар, ҳар бир дарахт тагига авайлаб ариқча тортиб келадилар. Хуллас, шаҳарнинг яшил ўпкасини эҳтиёт қилиш борасида ўзбек қардошларимиздан кўп  нарсани ўрганиш мумкин”, деб ёзади.  

Тошкентда Элмира Охундованинг иккита китоби чоп этилган. Булар “Илҳом Алиев: Президентнинг ўзгаришлар фонидаги портрети” ҳамда “Зарифа ва Ҳайдар Алиевлар. Абадий яшар муҳаббат” номли китобларидир.   

Тадбирда тақдимоти ўтказилаётган китобнинг икки халқ ўртасидаги  дўстлик ришталарини мустаҳкамлашдаги ўрни хусусида батафсил сўз юритилди. 

Элмира Охундовага Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолик гувоҳномаси  топширилди. Атиш керакки, шу кунгача 4 нафар озарбайжонлик ижодкор Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига   фахрий аъзо сифатида қабул қилинган эди.  

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА