Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зарбдорда мотокултиваторлар орқали даромад манбаи яратилмоқда
10:38 / 2025-08-06

Жиззах вилоятида аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш ва ўзини ўзи банд қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий ишлар изчиллик билан давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги “Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорлари ижросига вилоятда алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Зарбдор туманида ҳам мазкур йўналишдаги ишлар изчил давом этмоқда. Маҳаллаларда фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари томонидан аниқланган ишсиз фуқаролар ва “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да рўйхатда турган оилаларга субсидиялар асосида ёрдам кўрсатилмоқда.

Шу мақсадда, туман ҳокимлиги томонидан 14 нафар фуқарога мотокултиваторлар топширилди. Ушбу техника кичик деҳқончилик билан шуғулланиш орқали аҳолига барқарор даромад манбаи яратиши, оилавий иқтисодни мустаҳкамлаши ва меҳнатга бўлган рағбатни ошириши кутилмоқда. Бу фақатгина 14 нафар ёшга мотокултиватор берилгани эмас, балки 14 оила ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад манбаига эга бўлгани ва камбағалликдан фаравонлик сари дадил қадам ташлаганини англатади.

Мотокултиваторларни тақдим этиш маросими туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Қ. Нурматов, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими раҳбари Б. Мамарасулов ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирокида ўтказилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, давлат сиёсатидаги ўзини ўзи банд қилиш механизмларининг маҳаллий шарт-шароитда амалга оширилиши аҳоли ижтимоий фаоллигини ошириш, турмуш даражасини яхшилаш ва тадбиркорлик руҳини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.

А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари