Бўстонлиқ туманидаги Чимбойлиқ, Сижжак, Юсуфхона, Оқсоқота, Қорамозор, Хумсон ва Угам ҳудудларида зарарли чигирткаларга қарши кураш тадбирларини самаралари олиб бориш мавзусига бағишланган дала семинарлари бўлиб ўтди.
Тадбир Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Тошкент вилояти чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизмати ҳамда “Чимбойлиқ” МФЙ томорқа ер эгалари, чорвачилик ва боғдорчилик фермер хўжаликлари ҳамкорлигида ўтказилди.

Агротехник тадбирлар доирасида ҳудудларнинг касаллик ва зараркунанда аниқланган майдонларига пуркагичлик махсус автомашиналар орқали кимёвий дориларни сепиш ва тозалаш ишлари амалга оширилди. Маълумотга кўра, 2025 йилда Тошкент вилояти ҳудудларида 25 минг 460 гектарда зарарли чигиртка тарқалиши прогноз қилиниб, ҳудудларда курашиш тадбирлари апрель ойининг илк кунларидан бошланган.

Ҳозир зарарли чигирткалар Тошкент вилоятининг бир қанча туманларида аниқланган. Уларга қарши кураш тадбирларини самарали олиб бориш учун учта отряд ташкил этилган. Шу билан бирга, учта УМО пуркагичлик махсус автомашиналар, 23 та трактор (ОВХ, ВП-1) пуркагичлар, Cаролла пуркагичи 5 та ва 10 та моторли қўл пуркагичлар бириктирилиб, жами 50 нафар ишчи-ходимлар жалб қилинган.

Бугунги кунда барча ҳудудларда чигиртка ва тут парвонасига қарши кураш хизматлари зарарли чигирткалар ўчоқларини аниқлаш бўйича доимий кузатув-назорат тадбирлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.