Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зарафшондаги “Қўли очиқнинг йўли очиқ” саховат жавонлари эзгуликка хизмат қилмоқда
13:10 / 2021-04-08

Зарафшон шаҳрида эҳтиёжманд оилаларга беғараз ёрдам бериш мақсадида “Қўли очиқнинг йўли очиқ” саховат жавони ва музлаткичлари ташкил этилган.

2018 йилда Навоий вилояти Зарафшон шаҳар ҳокими Анвар Ражабов бошчилигида ташкил қилинган ушбу хайрия лойиҳасидан кўзланган мақсад Зарафшондаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган ва кўп фарзандли оилаларга беғараз ёрдам беришдир. Хайрияга музлаткичлар, кийим ва китоб жавонлари ажратилган бўлиб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак ҳамда китоблар мунтазам жойлаштириб борилади.

Шаҳар ҳокими бошчилигида корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда маҳаллалар томонидан юқорида қайт этилган тоифадаги инсонлар учун музлаткич ва жавонлар мунтазам равишда керакли маҳсулотлар билан тўлдириб борилади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси Шаҳноза Ҳамраева ушбу соховатпешаликка бош-қош бўлиб келаётган экан.

– Корхона ва ташкилотлар, таълим муассасалари ҳамда маҳаллалар масуъллари келиб, хайрияларини шахсан ўзлари жойлаштириб кетишади, бу доимий тарзда назоратда бўлади, – деди Шаҳноза Ҳамраева. Бу тартиб ўртадаги ишончни ҳам орттиради. – Аслида саховат қилишда “ўнг қўл берганини чап қўл билмасин” дейилади. Аммо саховат музлаткичлари юқорисига камералар ўрнатганмиз. Бу саховатли одамларни ошкор қилиш учун эмас, аксинча, хавфсизлик, жавонларни синдириб кетилмаслиги ва керакли қатлам олаётганини назорат қилиш бориш учун қўйилган.

Ҳар қандай жамиятда ўзгалар кўмагига муҳтож кишилар албатта топилади. Бундай одамлар ҳолидан хабар олиш энг гўзал, энг маъқбул амаллардандир. «Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсизлар. Бир-бирингизга меҳр-мурувватли бўлмагунингизча мўмин бўлмайсизлар» дейилади ҳадисларда.

– Аслида бизнинг мақсадимиз фуқароларимизга беғараз ёрдам кўрсатиш, инсонлар қалбида, онгу-шуурида яхшилик уруғини сепишдир. Аниқроғи, бу билан бугун биз миллатни тарбиялаяпмиз. Асосийси, бу жараён ёшларга ҳам намуна бўлаяпти. Тўғри, бугунги кунда корхона ва ташкилотлар ва ҳокимликлар томонидан оилалар ҳолидан хабар олиб турилибди. Лекин қайсидир оилада қайсидир вазият сабабли имконияти йўқ бўлиб қолган оилалар ҳам бор. Ана шу кабилар келиб, бу саховат жавонларидан ўзларига керакли бўлган маҳсулотларни олишлари мумкин бўлади. Шунинг учун ҳам бу лойиҳа ташкил қилинган. Бу лойиҳани бошқа шаҳар ва туманларимиз кесимида ҳам ташкил этишни ният қилганмиз – деди Шаҳноза Ҳамраева.

Аслида Зарафшон сўзи ҳам форсча сўздан олинган бўлиб, зар – "олтин", офшон – "сочувчи" деган маънони англатар экан. 3 йилдан буён кам таъминланган, муҳтожлар корига яраб келаётган “Қўли очиқнинг йўли очиқ” саховат жавони ва музлаткичлари ҳам Зарафшон халқининг номига монандлигининг яна бир исботидир.

 

Умид ҚУРБОНОВ,

ЎзЖОКУ 1-босқич талабаси