Сўнгги йилларда “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ўртасида илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси, муҳандис кадрларни тайёрлаш, “Касб эгаси” дуал таълим тизими асосида талабалар амалиётини комбинат бўлинмаларида олиб бориш, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича мустаҳкам ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Президентимизнинг 2024 йил 12 декабрдаги “Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг Зарафшон факультети ташкил этилди. Куни кеча Зарафшон шаҳрида ушбу факультетнинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

– Зарафшон факультетида таълим жараёни дуал тизими асосида кончилик иши, металлургия, кончилик электр механикаси, технологик машиналар ва жиҳозлар йўналишлари бўйича тажрибали профессор-ўқитувчилар томонидан олиб борилмоқда, – дейди НДКТУ Зарафшон факультети декани Нурбек Полвонов. – Факультетимизда университетнинг юқори курсларида ўқиётган, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларида доимий яшайдиган 500 нафардан ортиқ талабаси таълим олиб, мазкур ҳудудларда жойлашган саноат корхоналари, шу жумладан, Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмаларида ишлаб чиқариш ва битирув иши олди амалиётларини ўтайди. Бундан талаба-ёшларимиз мамнун ва келгусида яхши мутахассис бўлиб чиқишга интилмоқда.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Зарафшон шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида факультет биноси қайта таъмирланди. Ўқув хоналари замонавий жиҳозлар, компьютер техникаси ва ўқув материаллари билан тўлдирилди. Янги таълим маскани Зарафшон, Учқудуқ ва Томди аҳолиси учун олий таълим имкониятларини кенгайтиришда муҳим аҳамиятга эга.

Азиза Ирисова,
“НКМК” АЖ Марказий кон бошқармаси мухбири.
ЎзА