Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зарафшон воҳасини ривожлантириш масалалари муҳокама этилди
13:57 / 2023-11-17

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилганлигининг 65 йиллигига бағишланган “Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш: ютуқлар, муаммолар ва истиқболлар” мавзусидаги IV халқаро илмий-техник конференция бўлиб ўтди.

Маълумки, Зарафшон воҳаси йирик индустриал ва маданий марказ ҳисобланиб, мамлакатимизнинг иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин тутади. Бу ҳудуд нафақат кон-металлургия, кимё, энергетика, машинасозлик ва қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи етакчи саноат корхоналари, балки ўзининг ер ости бойликлари билан ҳам машҳур саналади.  

Шу боис воҳада саноатни жадал ривожлантириш, ишлаб чиқаришга инновацион ишланмаларни кенг қўллаш, минтақа муаммоларини ҳал этишда фан, ишлаб чиқариш ва таълим интеграциясини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга.  

[gallery-14618]

Конференцияда Туркия, Россия, Германия, Польша, Мексика, Чили, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби 10 дан ортиқ мамлакатнинг етакчи университетларидан 50 нафардан ортиқ таниқли олим ва хорижий компанияларнинг вакили билан бир қаторда ёш тадқиқотчилар ҳам иштирок этишди.  

Тадбир аввалида таъкидланганидек, конференцияга геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, қайта ишлаш, кимёвий технология, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳалари бўйича 400 га яқин илмий мақола ва тезислар тақдим этилган.  

– Навоий кон-металлургия комбинати тизимида қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент Молия институти проректори Нарзулла Обломуродов. – Мазкур конференция ҳам дунё тажрибасини ўрганган ҳолда юртимиз олимлари ва хорижий экспертлар ҳамкорлигида Зарафшон воҳасини комплекс инновацион ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, шунингдек, корхоналар ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Бугун бу йўналишларда бир қатор таклифлар илгари сурилди. Бу эса “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ўз самарасини беради, албатта.

Анжуманда иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда геология, фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, кимёвий технологиялар, машинасозлик, энергетика, муқобил энергия манбалари ва истиқболлари, қишлоқ хўжалиги, экология каби тармоқ ва соҳалар фаолиятига бағишланган илмий маърузалар қилишди.

– Таассуротларим чексиз. Зарафшон воҳасида саноат соҳасида, хусусан тоғ-кон саноатида катта салоҳият ва ресурс бор, – дейди Польшанинг Силезия технология университети профессори Александер Сладковски. – Умуман олганда, бундай конференциялар дунё олимларининг ўзаро фикр алмашиши, илм-фан ютуқларини ўртоқлашишида муҳим саналади. Бизнинг университетда ҳам хорижий талабаларни қабул қилишга катта эътибор қаратилган. Бу дунё миқёсида ва халқаро рейтингларда муҳим  ўринга эга бўлишда катта аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистондан ҳам кўплаб талабалар бизда таҳсил олади. Конференция доирасида Навоий давлат  кончилик ва технологиялар университети раҳбарияти билан ҳам кончилик соҳасида ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш масалаларига келишиб олинди. Мазкур университетда логистика соҳасида таълим бериш бошланган экан ва айнан мазкур йўналишда ҳам ўзаро алоқаларни ўрнатиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳудуддаги маҳаллий ёшлар Польшада таълим олса, демак улар ўз диссертацияларини ҳам у ерда ёқлайди, илмий далиллар асосида амалий таклифлар берилади. Маълум маънода улар юртингиз тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Конференцияда хориж ва Ўзбекистон олимларининг фундаментал ва амалий тадқиқотлар, янги инновацион ишланмалар борасидаги ютуқлари, фан ва техниканинг долзарб муаммолари муҳокама қилиниб, Зарафшон воҳасида илмий-техник салоҳиятни ривожлантириш бўйича устувор йўналишлар ва вазифалар белгилаб олинди ҳамда хорижий давлатлар олимлари ва мутахассислари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди.  

Анжуман доирасида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.  

 

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат),

ЎзА мухбирлари