English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зарафшон шаҳрида байрам тантаналари
09:23 / 2022-08-29

Юртимиз ҳар бир гўшасида бўлгани каби кончилар масканида ҳам мустақиллигимизнинг 31 йиллиги кенг нишонланмоқда. Бутун шаҳар тантана оғушида. “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” ғояси остида ўтаётган тадбирлар юртдошларимизга чексиз қувонч улашмоқда.

Айниқса, шаҳар марказидаги “Қизилқум” ўйингоҳида Марказий кон бошқармаси, Зарафшон қурилиш бошқармаси, “НКМК жамғармаси” ДМ Зарафшон бошқармаси, шаҳар аҳолиси ва меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтган асосий тантана барчага ўзгача шукуҳ бағишлади.

Шаҳримизда мустақиллигимизнинг 31 йиллиги шодиёнаси анъанага кўра, давлат мадҳияси билан бошланди ва унга барча жўровоз бўлди. Зарафшон шаҳар ҳокими Н.Раҳмонов, “НКМК” АЖ бош муҳандиси А.Равшановлар мустақилликнинг аҳамияти ҳақида гапириб, барчани энг улуғ, энг азиз байрам билан қутлади. Бир гуруҳ соҳа илғорлари “НКМК фахрийси” унвони, турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилди.

Санъаткорлар, бадиий гуруҳлар чиқишлари даврага янада жозиба, иштирокчилар қалбига аъло кайфият бағишлади. Айниқса, таниқли хонанда жаноб Расул қўшиқларидан бутун ўйингоҳ тўлқинланиб кетди. Куйлар қўшиқларга, қўшиқлар рақсларга, ўйин-кулгуга уланди.

Зарафшон шаҳрининг сокин оқшомини ҳар хил ёрқин ранглардан мунаввар этган мушакбозлик барчага, шу жумладан, болажонларга қувонч, ҳайрат бағишлади.

Байрам тадбирида иштирок этган одамлар юз кўзида мамнунлик, эртанги кунга бўлган ишонч кишига ўзгача фахр бағишлайди. Зарафшон шаҳрида байрам тадбирлари давом этмоқда.

 

Дилдора Каримова,

Дилшод Бобомуродов олган суратлар

ЎзА