Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зангиотада ишлаб чиқариш тармоқлари ривожланмоқда
18:27 / 2021-08-12

Сўнгги йилларда Тошкент вилоятидаги ишлаб чиқариш тармоқлари фаолияти ривожлантирилиб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш ва аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор бериляпти.

Хусусан, Зангиота туманида ҳам самарали фаолият юритаётган тадбиркорлар сафи кенгаймоқда.

Тошкент вилояти ва Зангиота тумани ҳокимликлари ахборот хизмати томонидан мазкур жараёнлар билан яқиндан таништириш мақсадида журналистлар учун пресс-тур ташкил этилди.

Дастлабки манзил “Бўзсув” ҳудудида жойлашган сут ва сут маҳсулотларини қайта ишловчи “Мелек Бест Милк Агро” масъулияти чекланган жамияти бўлди. Мазкур корхона 3 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида 50 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Абдураҳмон Абдуғофуровнинг айтишича, маҳсулотни қайта ишловчи ускуналар Туркия давлатидан келтирилган. Бу ерда кунига ўртача 30-35 тонна сут қайта ишланади. Қадоқланган маҳсулотлар асосан ички бозорларга чиқарилади. Келгусида четга экспорт қилиш ҳам режалаштириляпти. Айни пайтда корхонада юздан ортиқ иш ўрни яратилган. Шунга қўшимча равишда яна юзта янги иш ўрни яратиш белгиланган.

Корхона қошидаги хўжаликда минг бошдан зиёд Германиядан келтирилган қорамол боқиляпти. Уларнинг ҳар биридан кунига ўртача 25-30 литр сут олинади.

Шунингдек, журналистлар ўйинчоқ ишлаб чиқарувчи “КИДДИ ТОЙС ГРОУП” корхонасида ҳам бўлди. Ҳозир бу ерда Беларусь давлати билан ҳамкорликда 200 дан ортиқ турдаги елим ўйинчоқлар тайёрланади. Маҳсулотларнинг 30 фоизи четга экспорт қилиняпти.

[gallery-3382]

– Ўйинчоқ қолиплари хориж давлатидан олиб келинган, – дейди корхона иш бошқарувчиси Нозим Музаффаров. – Маҳсулотлар ички бозордан ташқари асосан, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон, Беларусь каби давлатларга ҳам экспорт қилинади. Келажакда робототехника ўйинчоқлари ишлаб чиқариш ҳам мақсад қилинган. Айни пайтда юз нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Уларнинг кўпчилиги “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”га киритилганлардир.

Шунингдек, ҳудуддаги “Кенг макон” мебель ишлаб чиқариш фабрикаси ҳам журналистлар нигоҳидан четда қолмади. Корхона қарийб 30 йиллик фаолиятида кўплаб мижозлар ишончини қозонган. Бу ерда 300 га яқин ишчи меҳнат қиляпти. Корхонада 250 дан ортиқ турдаги мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.

– Маҳсулотлар асосан ички бозорларга, шу билан биргаликда, Италия, Туркия ҳамда қўшни давлатларга экспорт қилинади, – дейди корхона раҳбари Ҳикмат Раҳимов. – Рақобатбардош мебеллар яратиш учун баъзи хомашёлар хориж давлатларидан келтирилади. Мақсад, сифатли маҳсулот етказиб беришдир.

Ўтган йилда МЧЖ томонидан қарийб 19,5 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг дастлабки 6 ойида 15 миллиард сўмдан ошди. Корхона замонавий ускуналар билан таъминланган. Бу эса ўз навбатида ишчиларга қулайлик яратган.

Туманда турли ёшдаги болалар учун кийим-кечалар тайёрлашга ихтисослашган “Такро Осиё” фабрикаси мамлакатмизда энг йирик ишлаб чиқариш тармоқларидан ҳисобланади.

– Маҳсулотлар асосан экспорт учун тайёрланади, – дейди корхона раҳбари ўринбосари Абдували Азимов. – Шундай бўлсада, сўнгги икки йилда аҳолининг талабларидан келиб чиқиб ички бозорларда ҳам маҳсулотимиз сотувини йўлга қўйдик. 

Асосий харидорлар Англия, Россия, Польша ҳамда Қозоғистон давлатларидир. Корхонада 250 дан ортиқ ишчи фаолият олиб бораётган бўлиб, аксарияти ёшлардан иборат. Бу ерда ҳодимлар учун барча қулайликлар яратилган. Шу билан бирга ётоқхона, қатнов учун транспорт воситаси йўлга қўйилган.

Пресс-тур давомида журналистлар тадбиркорлар ва ишчилар билан суҳбатлашди.

А.Мусаев, ЎзА