Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зангиота туманида туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилди
15:04 / 2021-06-01

Тошкент вилояти Зангиота тумани Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларида “маҳаллабай” тизим асосида иш ташкил этилган. Аҳоли хонадонларига кириб уларнинг мурожаатлари ўрганилмоқда.

Ўрганишлар жараёнида “Стадион” кўчаси 67-хонадонда истиқомат қилувчи Мавлуда Усмонованинг 2017 йилда туғилган ўғил фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмаганлиги аниқланди. Фуқаронинг мазкур муаммоси бўйича амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, М.Усмонованинг 2017 йил 17 майда туғилган фарзанди Муҳаммадалига ҳанузгача ҳеч қайси ФҲДЁ органларида туғилганлик ҳақида далолатнома ёзуви қайд этилмаган. Жорий йилнинг 31 май куни Муҳаммадали Усмоновга 1-1102-21-01836-сон билан қайд этилган далолатнома ёзуви асосида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома берилиб, бир неча йиллик оворагарчиликка барҳам берилди.

– Ҳар бир инсон фарзанди учун яшайди, уларга умрини бахш этади, – дейди Зангиота туман ФҲДЁ бўлими мудираси Г.Якубова. – Туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома – инсон ҳаётидаги дастлабки расмий ҳужжат ҳисобланади. У фуқаролик паспорти каби боланинг шахсини тасдиқлайди. “Хонабод” қишлоқ фуқаролар йиғини, “Тинчлик” кўчасида яшовчи Алина Ҳафизованинг 2008, 2010 ва 2012 йилда туғилган фарзандларига ҳам ҳужжатлар расмийлаштириб берилди. 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида ҳанузгача туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ололмаётган кўплаб болажонларимизни хурсанд қилиш ниятидамиз.  

Ўтган 5 ой давомида Зангиота туман ФҲДЁ бўлими томонидан ўз вақтида рўйхатдан ўтказилмаган ва туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалари мавжуд бўлмаган болаларнинг 31 нафарига ҳужжатлар топширилди.

 

А. Мусаев, ЎзА