Мамлакатимизда аҳоли муаммоларини жойларга чиқиб ўрганиш, ўринли ечим топиш, профилактика ва ҳуқуқий тушунтириш ишларини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Зангиота туманида соҳа раҳбарлари иштирокида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди.
Зангиота тумани Боғзор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди, Садоқат боғи Маънавият марказида сайёр қабул ташкил этилди. Тадбирда Жиноят ишлари бўйича Зангиота тумани суди раиси Тиловов Жамшид Шавкатович, жиноят ишлари бўйича судья Хонкелдиев Азиз Ўткирович, Зангиота тумани ИИБ ЖХХ пробация гуруҳи бошлиғи, лейтенант Султонов Нурбек Рахмонович ҳамда туман пробация рўйхатида турувчи 18 нафар аҳлоқ тузатиш ишлари ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган фуқаролар иштирок этди.


Сайёр қабул давомида фуқароларнинг муаммо ва таклифлари эшитилди, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Шунингдек, жазони ижро этиш жараёнида дуч келаётган қийинчиликлар, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашуви, бандлик масалалари ва профилактик чора-тадбирлар юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.


Учрашув очиқ мулоқот руҳида ўтди ва ҳар бир мурожаат юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юкланди.
Ҳамроз Баянов, ЎзА