Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Зангиота колониясидаги маҳкумлар ҳаётидан кичик лавҳа
14:44 / 2019-11-21

“Мана икки ой давомида 12 нафар болага матога гул босиш ва тикиш борасида машғулотлар ўтдим.


“Мана икки ой давомида 12 нафар болага матога гул босиш ва тикиш борасида машғулотлар ўтдим. Ишни оддий қоплардан бошлаб, янги дизайндаги спорт костюмлари тикишни ҳам ўзлаштиришди. Қизиқиши борлиги учун андоза олишни ҳам тез ўрганишди. Аввалига қўрққан эдим, қандай ўргатаман, эплай оламанми деб, энди эса хурсандман.”

Бу Зангиота туманидаги 24-вояга етмаганлар жазони ижро этиш колониясида болаларга ҳунар ўргатган, “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоси Наргиза Қорабоеванинг сўзлари эди.

Инсон борки, хатолардан ҳоли эмас. Фақатгина буни ўз вақтида англаб, тўғри йўлни танлаш керак бўлади. Энг муҳими эса инсон қилган хато ёки жинояти туфайли фақатгина озодликдан маҳрум этилади. Ўқиш, ўрганиш ёки касб-ҳунар ўрганишдан эмас. Шундай экан муддатини ўтаб қайтган шахслар қайта жиноят содир этмаслиги учун уларнинг бандлигини таъминлаш куннинг муҳим вазифаси ҳисобланади.

Бунда Президентимизнинг 2019 йил 29 январда қабул қилинган “Озодликдан маҳрум этилган шахсларнинг меҳнат бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Унга кўра, жазони ижро этиш тизимида “Уста-шогирд” анъанаси йўлга қўйилмоқда.

IMG_6460.jpg

Бош прокуратура ва “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида Зангиота туманидаги 24-вояга етмаганлар жазони ижро этиш колониясида ўтказилган учрашувда жойларда ҳунар ўрганган 200 нафардан ортиқ маҳкумга махсус сертификатлар берилгани маълум қилинди.

Ушбу жазони ўташ манзилида ҳам икки ой мобайнида уюшма аъзолари бўлган ҳунармандлар ёғоч ўймакорлиги ва тикувчилик йўналишлари бўйича очилган ўқув курсларида 22 нафар ёшга маҳорат дарслари ўтиб, ҳунар сирларини ўргатди.

– Ҳозирда уюшмага аъзо ҳунармандларининг сони 32 минг нафар бўлса, шундан қарийб 10 минг нафарини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади, –дейди “Ҳунарманд” уюшмаси раиси У.Абдуллаев. – Улар сафи янада кенгайиши учун бор имкониятларни ишга солмоқдамиз. Зеро, ҳунари бор инсон ҳеч қачон хор бўлмайди. Ҳунар ўрганиш учун эса қунт, сабр ва озгина ижодкорлик бўлса, бас. Бу ёшлар жазо муддатини ўтаб қайтгач ҳар жиҳатдан, хомашё, ускуна ва жой масаласида доим кўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Улар келажакда эгаллаган ҳунарларини давом эттириб, юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссаларини қўшишларини истаймиз.

IMG_6533.jpg

Албатта, йўл қўйган хатолари ва бебошликлари ортидан бу манзилга келиб қолган вояга етмаган ёшларнинг бўш вақтида ҳунар ўргатиш борасидаги ташаббусини уларнинг ота-оналари ҳар жиҳатдан маъқулламоқда.

– Ўғлим “Дада, дурадгорликни ўргандим, менга сертификат беришади” деган хабаридан қувониб, эрталаб Амударёдан етиб келдим, – дейди Музаффар Машарипов. – Ҳайдовчиликка ҳам ўқимоқда, кейинги ойда ҳайдовчилик гувоҳномаси беришар экан. Ўғлимни ютуқларидан жуда қувондим. Шўх ва қайсарлиги туфайли бебош тенгдошларига қўшилиб, шу ерларга келиб қолган эди. Ўрганган касби ва ҳунари билан ҳаётда ўз ўрнини топишига, бошқа адашмаслигига ишонаман.

Тадбир доирасида колония тарбияланувчилари ва ҳунармандлар тайёрлаган буюм кўргазмаси бўлиб ўтди.