Ўтган галги кўрсатувимизда Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан сариқ занг касаллигига чидамли янги буғдой нави яратилгани ҳақида хабар берган эдик.
Ушбу нав тажриба-синов майдонларида етиштирилиб, ўзининг занг касаллигига чидамлилиги билан соҳа мутахассисларининг ишончини оқлади. Шу боис мазкур ихтиро эндиликда республикамиз бўйича оммавийлаштириладиган бўлди.
Занг касаллиги буғдой ривожланишида энг хавфли касаллик бўлиб, ҳосилнинг катта қисмини нобуд қилади. Институт олимлари томонидан жаҳон генофонди асосида яратилган “Обод”, “Нурафшон”, “Барқарор”, “Оқсув” навлари юртимиз далаларида кўпайтириладиган бўлди.
Айтиш керакки Ўзбекистонда буғдой ўсимлигида касалликни қўзғатувчи замбуруғларнинг 26та тури қайд этилган. Сариқ ва қўнғирзанг, ун-шудринг, септориоз, сариқ доғланиш, илдиз чириш ҳамда қоракуя кабилар шулар жумласидандир.
Ғалла майдонлари профилактик ишловдан сўнг мунтазам кузатиб борилиши керак. Касаллик белгилари пайдо бўлса, такрорий ишловлар ўтказилиши зарур. Ўртача 23 даражадан юқори бўлган ҳароратда касаллик ривожланиши тўхтайди. Аммо, замбуруғ ўлмайди, ҳарорат пасайганда яна кўпайишни давом этаверади. Албатта унга қарши даво мавжуд, бироқ деҳқонларимизнинг катта маблағи эвазига бартараф этилади. Масалан, бир гектар майдонга ўртача 300минг сўмлик фунгицид пуркаш талаб этилади ва бу бир мартада бартараф бўлмайди. Ушбу дори пуркалганидан сўнг экология, атроф-муҳитга катта зиён етиши мумкин. Бундан ташқари ишчиларнинг иш ҳақлари, техника, ёқилғи сарфини ҳисобга олсак фермерларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур қилса бўлади.
Умуман ҳар бир соҳада илм қилиш, янгилик яратиш игна билан қудуқ қазигандек мураккаб жараён. Институт тадқиқотчилари махсус ажратилган 1 гектар майдонда буғдойнинг 24 хил навидан олинган 2 мингдан ортиқ намуна устида тажриба-синов ишларини олиб борадилар. Ўсимликларни сувсизлика чидамлилиги, унумдорлиги, ўсиш даври ва энг муҳими касалликларга бардошлилиги синовдан ўтади. Уларга турли касалликлар юқтирилади ва охирида энг яхши деб топилган 2-3 та намуна қолади холос.
Албатта олимларимизнинг тинимсиз изланишлари туфайли бугун янги истиқболли навлар яратилмоқда. Бу эса юртимизда ғалла мустақиллигини таъминлаш, халқимиз дастурхони тўкин бўлишига хизмат қилаётир.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CbAZsmP4DzQ" title="Zang kasalligiga qarshi yangi nav ommaviylashtiriladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА