Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавийлик ниқоби остида ёшларимиз орасида бир қусур бўй кўрсатаётгани бор гап
11:16 / 2020-04-12

Бизга бир умрга бериладиган ва қайтариб олинмайдиган тенгсиз бир неъмат бор.


Бизга бир умрга бериладиган ва қайтариб олинмайдиган тенгсиз бир неъмат бор. Унинг номи – тил. Бу дунёдаги энг ёмон бахтсизлик эса, тилни йўқотишга маҳкум бўлишдир. Она алласи, миллий қадриятлар асосида қалбимизга синган тил жозибаси, сеҳрига ҳеч бир оҳанг, ҳеч бир товуш тенг кела олмайди.

Шу боис ҳам унга она тили мақоми берилади. Инсон бу ёруғ оламдаги энг меҳрибони бўлган волидасини қанчалик севса, ардоқласа, ўз тилига бўлган меҳр-муҳаббати ҳам шунчалик бўлади.

Жорий йил 10 апрелида қабул қилинган “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни ўзбек тилининг ҳаётимиз маъно-мазмуни, халқимизнинг эзгу интилишлари, пок орзулари, юксак мақсад-муддаолари, истиқболи билан ҳамоҳанг юксалиши ўзига хос тарихий жараёнларнинг давоми бўлди. Мазкур қонун ўзбек тилининг ўзига хос жозибасидан, бой луғатидан фойдаланиш билан, унинг бор бўй-бастини намоён этишда, илмий асосда ўрганиш ҳамда янги-янги атамалар ва сўзлар билан тўлдириб бориш учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Эндиликда Қонун билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди.

Тил – кўнгил ойинаси, кўнгил таржимаси, дейилиши бежиз эмас. Жаҳондаги 300 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳаётига мазмун-моҳият бағишлаб, тутиб турган таянч устунлардан бири, шубҳасиз бу – она тилидир. Бир тилда сўзлашувчи, орзу-мақсадлари, армон-изтироблари бир, муштарак мақсад йўлида ўзлигини намоён қилувчиларнинг енгилмас маънавий қуроли ҳам тил ҳисобланади. У барчани бирлаштирадиган, бир-бирига елкадошликни таъминлайдиган қудратли восита. Шу маънода, дарахтни унинг илдизи ушлаб турганидек, инсонни она тили суяб, кучли қилиб туради. Ақл-тафаккурнинг маҳсули у.

Тўғри, иккита-учта тилни билиш бугунги кун талаби. Тенгдошларимиз шунга интилганлари маъқул. Лекин ўз она тилини унутишни нотайинлик белгиси деб биламан. Замонавийлик ниқоби остида бугунги ёшларимиз орасида бир қусур бўй кўрсатаётгани бор гап. Яъни, айрим ёшлар хорижий тилда сўзлашиш билан ўзларини маданиятли қилиб кўрсатмоқчи бўлишади. Аммо ўзга тилни билган одам бирданига маданиятли бўлиб қолмайди. Бу икки тушунча орасида ер билан осмонча фарқ бор. Тил билиш бошқа, юксак маънавият ва маданият бошқа. Шунчаки тил ўрганиш билан ўша халққа хос маданий қадриятларни ўрганиб олиш қийин. Бунинг учун йиллар керак.

Дунёнинг қайси бурчагида бўлмайлик, қадрдон қиёфадаги она тилимизда сўзлашаётган одамни кўриб қолсак, “ўзбекмисиз?” деб сўраймиз. Бизга шундай савол беришса, ғурур-ифтихор билан “ўзбекман” деймиз. Ана шу туйғуни берган энг улуғ тушунча бу – тилимиздир.

Тил халқнинг ўзлиги. Шунинг учун ҳам ўзбеклигимизни намойиш қилиб турадиган она тилимиз – ўзбек тилимизга ҳамиша таъзимдамиз. Тилни йўқотиш эса, элни ва тўғри йўлни йўқотиш билан баробардир!

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети 
Сиртқи бўлим 2-курс талабаси, ЎзЛиДеП Фарғона вилояти Кенгаши матбуот котиби