Сифатли йўллар ҳар қандай жамият тараққиётининг муҳим асосларидан бири ҳисобланади.
Улар нафақат одамларнинг бир жойдан иккинчи жойга қулай ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди, балки иқтисодий ривожланиш, савдо-сотиқнинг кенгайиши, туризмнинг ўсиши ҳамда аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига ҳам бевосита таъсир кўрсатади.

Яхши йўллар вақт ва харажатларни тежайди, транспорт ҳаракатини самарали ташкил этади ва ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайди. Шу боис сифатли йўлларни қуриш ва уларни мунтазам таъмирлаб бориш ҳар қандай давлат учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумотлар тақдим этди.

Қайд этилишича, Навоий вилояти Автомобиль йўллари Бош бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар томонидан автомобиль йўлларининг техник ҳолатини яхшилаш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кунлик амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Хусусан, Томди туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан туман ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида аниқланган нуқсонлар махсус фреза техникаси ёрдамида кесиб олиниб, белгиланган тартибда бартараф этилмоқда. Мазкур ишлар йўл қопламасининг сифатини тиклаш ҳамда транспорт воситаларининг хавфсиз ва узлуксиз ҳаракатини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Конимех туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан ҳудуддаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида огоҳлантирувчи устунчаларни ўрнатиш, йўл чет қисмини текислаш ва мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу ишлар йўл инфратузилмасини сақлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва йўлларнинг узоқ муддат хизмат қилишини таъминлашга қаратилган.
Хўш, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида олиб борилаётган амалий ишлар натижаси қандай?
Мутахассисга кўра, Қораўзак ва Беруний туманлари ҳудудидан ўтувчи А380 "Ғузор–Бухоро–Нукус–Бейнеу" автомобиль йўлининг 673–698-км (25 км) қисмини Осиё тараққиёт банки иштирокида цемент-бетон қоплама билан реконструкция қилиш белгиланган. Ҳозирда мазкур участкада қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Амударё тумани ҳудудидаги Д217А “Жумуртов кони орқали — Амударёга” автомобиль йўлининг 0–3,6- км қисмида ҳам асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ишлар Амударё тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан амалга оширилмоқда.
Хоразм вилояти Хонқа тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси (ТЙФКДМ) томонидан Д 213 “Урганч ш.-Хонқа ш.-Ҳазорасп ш.-Амударё дарёси-А 380” автомобиль йўлининг 16–17-километр қисмида режали таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Мазкур ҳудудда йўл қопламасида юзага келган носозликлар бартараф этилиб, асфальт қопламаси тикланди ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар бажарилди.
Олиб борилган ишлар натижасида ҳайдовчилар ҳамда йўловчилар учун янада қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш шароити яратилди. Бундан ташқари, Урганч туманидан ўтган Д 217 “Урганч ш. – Гурлан ш. – Манғит ш. – Туркманистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 5–15-километрлар оралиғида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Урганч тумани Йўллардан фойдаланиш ДМ томонидан мазкур ҳудудда йўл қопламасидаги чуқурлар ва ёриқлар бартараф этилди, асфальт-бетон қопламаси тикланди ҳамда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган чоралар кўрилди.
Жойларда йўл инфратузилмасини яхшилаш мақсадида олиб борилаётган ислоҳотлар Сирдарё вилоятида ҳам амалда акс этмоқда. Йўловчиларнинг узоқ йиллардан буён ўйлантириб келаётган автомобиль йўлларидаги масалаларига бугун ечим топилаяпти. Ана шундай манзиллардан бири Оқолтин тумани ҳудудидан ўтган халқаро аҳамиятдаги А373а автомобиль йўлидир. Йўлсозларнинг меҳнати туфайли ҳозирда йўлнинг 93-96-км оралиғида таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган.
Наманган вилояти Автомобиль йўллари Бош бошқармаси ҳамда унинг таркибидаги корхоналар томонидан давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлида қатнов йўлининг зарарланган қисмларини бартараф этиш ишлари жадал тусда давом этмоқда.
Бундан кўзланган мақсад ҳайдовчи, пиёдаларнинг хавфсиз ва қулай ҳаракатланишини таъминлашдан иборат.
Поп туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан давлат аҳамиятидаги Д 114 (4Р 121) “Косонсой ш.– Ровот қ.– Чуст ш.– Чуст ТЙБ – Поп ТЙБ – Поп ш. – Навбаҳор ш”автомобиль йўлининг 74–75-километрлари оралиғида автомобиль йўлининг зарарланган қисмларига асфальт босиб, таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, маҳаллий аҳамиятдаги 50В 120 “Уйғур қ.– Мозор қ” автомобиль йўлининг 1-километр қисмида “Шимолий Фарғона канали” устида жойлашган кўприкда ҳам фуқаролар ва автомашиналар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида асфальт босиб, таъмирлаш ишлари бажарилди.
Ҳадемай юртимизга баҳор фасли кириб келади. Ҳудудларда баҳор юмушлари, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари ҳам бошлаб юборилган. Хусусан, марказий йўллар, маҳалла ва кўчалар атрофини тартибга келтириш, тозалаш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари изчил амалга оширилмоқда.
Бухоро вилояти Олот туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси ишчи-хизматчилари томонидан йўлларда йиғилиб қолган тупроқ аралашмалари тозаланмоқда. Йўл четлари, ариқлар, пиёдалар йўлаклари ва жамоат жойлари чиқиндилардан тозаланиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Баҳор олди бундай ободонлаштириш ишлари ҳудудларнинг янада файзли ва кўркам бўлишига, аҳоли учун қулай ва тоза муҳит яратишга замин.
Фарғона вилояти йўлчилари томонидан ҳаракат хавфсизлиги ва қатнов қулайлигини таъминлаш мақсадида жойларда таъмирлаш ишлари изчил олиб борилмоқда. Хусусан, Олтиариқ тумани ҳудудидан ўтувчи Д105 “Фарғона ҳалқа йўли” автомобиль йўлининг 235—236-км оралиғидаги қопламадаги шикастланган қисмлар кесиб олиниб, геометрик шаклга келтирилмоқда ҳамда совуқ асфальт қоришмаси тўлдирилиб, зичлаш ишлари бажарилмоқда.
Марғилон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида йўл инфратузилмаси учун ҳудуд тайёрлаш ишлари изчил давом этмоқда. Айни пайтда ички автомобиль йўллари қурилиши режалаштирилган ҳудудларда ер текислаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Д006 “Тошкент ш. – Чирчиқ ш. – Чимён қ.” автомобиль йўлининг 32 – 33-километрида “Ўзйўлкўприк” кластери ДМ томонидан иккита ерости пиёдалар ўтиш йўлини қуриш ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.
Объектни сифатли қилиб, ўз муддатида фойдаланишга топшириш мақсадида жараёнлар икки навбатда, белгиланган режа асосида жадаллик билан олиб борилмоқда. Ушбу қурилиш ишларини амалга оширишдан кўзланган мақсад йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш орқали ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Бу каби амалий ишлар давом эттирилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА