Кадастр соҳасининг асосий фаолият йўналишларидан бири бу топография, яъни техник ускуналар ёрдамида ер ўлчовини амалга ошириш ва аниқ таҳлиллар ёрдамида унинг ҳисобини юритишдир. Мазкур йўналишнинг асосини эса замонавий геодезик ўлчов асбоблари ташкил этади.
Президентимизнинг 2022 йил 20 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия ҳузуридаги Кадастр агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, яъни Кадастр агентлиги органлари ва ташкилотларининг моддий-техника базасини такомиллаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.


Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатасининг Тошкент вилояти бошқармаси ва ҳудудий филиали ходимлари катта ҳажмдаги ишларни бажаришда аниқлиги юқори, вақт тежамкорлиги билан қулайликларга эга бўлган сўнгги русумдаги 22 та топографик-геодезик ўлчов воситаси билан таъминланди.
Шунингдек, ходимларнинг бу борадаги малакасини ошириш, сунъий йўлдош асбобларини доимий станцияларга боғлаб ишлатиш ва ўлчов воситаларидан фойдаланиб ишларни сифатли амалга ошириш бўйича семинар ташкил этилди.


Тақдим этилаётган мазкур ўлчов асбоблари ишлаш қуввати кўп вақтга етиши, ҳар қандай об-ҳаво шароитида ва интернет алоқаси паст ёки умуман йўқ бўлган ҳудудларда ҳам ишлаши билан ажралиб туради. Айниқса, ер ва бинолар ўлчовини амалга ошириш, улар ҳисобини юритишда иш самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА мухбири