Ҳар қандай корхонада янги технологияларнинг жорий этилиши самарадорликни ошириш, маҳсулот сифати ва ишлаб чиқариш ҳажмини янги босқичга кўтаришнинг муҳим омилидир. Модернизация жараёнлари нафақат меҳнат унумдорлигини оширади, балки энергия сарфини камайтириб, ишлаб чиқариш таннархини ҳам оптималлаштиради.
Хусусан, Марказий таъмирлаш механика заводи – Олмалиқ кон-металлургия комбинатида маҳаллийлаштириш дастурининг асосий ижрочиси ҳисобланиб, йиллар давомида мураккаб механик деталларни қайта тиклаш, металларга юқори аниқликда ишлов бериш, завод ва фабрикаларнинг агрегат ва ускуналарини таъмирлаш каби масъулиятли вазифаларни муваффақият билан бажариб келмоқда.

Мазкур корхона замонавий саноат талаблари билан ҳамнафас тарзда ривожланиб, техник янгиланиш даврига қадам қўймоқда. Жумладан, сўнгги йилларда завод жаҳон стандартларига мос бўлган дастгоҳлар билан таъминланмоқда. Хусусан, механика-йиғув цехининг Асбобсозлик ва термик ишлов бериш участкасида беш ўқли янги фрезерлаш ускунаси ишга туширилгани шулар жумласидандир.
МТМЗ Рақамли дастгоҳларга ишлов бериш устаси Муҳаммадали Дадабоевнинг айтишича, биргина “Avantek ML 800” фрезерлаш дастгоҳи юқори даражадаги аниқлик ва функционаллиги билан ажралиб туради. Ускуна кучли ўқ билан жиҳозланган бўлиб, дақиқасига 12 минг айланиш тезлигида ишлов бериш имкониятига эга. Унинг махсус ўқлари бўйича ҳаракат оралиғи мос равишда 800, 685 ва 630 миллиметрни ташкил этади. Жиҳоз столининг юк кўтариш қуввати 320 килограммга тенг бўлиб, максимал тезкор силжиш тезлиги дақиқасига 60 метрни ташкил этади. Ускунанинг бошқарувида “Sinumerik 840D SL” тизими қўлланилган.

Шунингдек, дастгоҳ асбоблар учун мўлжалланган 40 та сиғимга эга, бу эса жараёнларнинг узлуксизлигини таъминлаб вақт тежалишига хизмат қилади. Бундан ташқари, заводнинг механика йиғув цехи ўчириш клапанларини таъмирлаш участкасига ҳам келтирилган махсус фрезерлаш ускунаси ҳам юқори самарадорликни таъминламоқда.
– Илгари ўчириш клапанларини таъмирлаш ва ишлаб чиқариш жараёнлари бурғилаш, фрезерлаш ва токарлик-карусель дастгоҳлари ёрдамида амалга оширилган бўлса, эндиликда ҳар учала босқич биргина янги ускуна орқали бажарилмоқда, – Ўчириш клапанларини таъмирлаш участкаси бошлиғи Азиз Саркабоев. – Бу эса ортиқча вақт ва энергия сарфининг қисқартирилишига хизмат қиляпти. Махсус фрезерлаш дастгоҳининг юк кўтариш қуввати 2000 килограммгача бўлиб, унинг ишга туширилиши натижасида маҳсулот тайёрлаш кўрсаткичлари 100 тадан 130-140 тага етказилди. Эндиликда участкада меҳнат унумдорлиги ортиб маҳсулот сифатини янада яхшилашга замин яратилди.
А.Мусаев, ЎзА.