English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Замонавий туризм: имконият, имтиёз ва амалиёт
19:04 / 2022-04-27

Замонавий туризм индустрияси ахборот технологиялари жорий этилиши билан улкан ўзгаришларга эга бўлмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳар қандай соҳада ахборот технологиясидан фойдаланмасдан муваффақиятга эришиб бўлмайди.

Туризм соҳасида ахборот технологияларини жорий қилиш орқали мамлакатимиз туристик салоҳиятини ошириш, уни дунёга янада танитиш ҳамда иқтисодиёт ривожланишига эришилади. Бу борада соҳада замонавий технологиялар асосида ахборот тизимларини жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биргина Бухоро вилоятидаги йирик туризм объектлари “Етти пир” зиёратгоҳлари учун 18 километр, Тўдакўл сув ҳавзасида туризм рекреацион зонасига қадар 9,29 километр, BUKHARA DESERT Oasis&SPA дам олиш маскани учун 16 километр жами 43,29 километр оптик толали алоқа линиялари қурилди.

“WI-FI” технологияси орқали юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилди. Туризм объектларида мобиль интернет қамровини яхшилаш мақсадида бугунги кунга қадар жами 247 та база станциялар ишга туширилди. Вилоятда 150 дан ортиқ туристлар ташриф буюрувчи ва маданий мерос объектларида “Wi-Fi” технологияси орқали интернет тармоқлари ташкил этилди. Бундан ташқари, туризм салоҳиятини ошириш, ушбу соҳада хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш, шунингдек, вилоятга ташриф буюрувчи туристларга қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор веб-ресурслар яратилди. Жумладан, юртимизнинг барча вилоятларидаги меҳмонхоналар рўйхати, гастрономик, ҳунармандчилик ва тарихий обидалари тўғрисидаги маълумотлар келтирилган mybooking.uz портали, вилоятнинг барча гўзаллигини, туристик ва маданий мерос объектларини намойиш этган bukhara-museum.org ва uzbekistan.travel веб порталлари, вилоятда жойлашган туризм объектлари, етти пир зиёратгоҳлари тўғрисида маълумотлар киритилган “7 pirs” мобиль иловаси ишлаб чиқилди.

Вилоятдаги жами 18 та музейларда аудио гид, Арк қўрғонида жойлашган вилоят ўлкашунослик музейи ҳамда Ситораи Мохи-хоса халқ амалий безак санъати музейларида VR технологияси асосида виртуал турлар ва радиогид хизматлари ташкил этилган. Музей экспонатларини электрон идентификация қилиш тизими goskatalog.uzда музейларимиздаги 45 мингдан ортиқ экспонатлар тўғрисида маълумотлар киритилган. Жорий йилнинг якунига қадар вилоят аҳолиси ва ташриф буюрувчи туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида вилоятнинг 45 та объектларида видео кузатув тизимлари ўрнатилиши белгиланган.

Туризм объектлари учун 20 та WI-Fi нуқталари ва 30 та мобиль алоқа база станциялари ўрнатиш ҳамда 180 километр оптик толали алоқа линияларини тортиш режалаштирилган. Индустриал туризмни ривожлантириш мақсадида IT-парк томонидан веб-ресурсларни яратиш, жаҳон ахборот ресурсларига интеграция қилиш, IT-соҳаси бўйича хорижий мутахассисларни жалб қилиш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Бухоро давлат университети дастурчилари ҳамкорлигида музейларда VR/AR технологияларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилмоқда.

Президентимиз раислигида жорий йил 26 апрель куни туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Республикамизнинг туристик салоҳияти ҳамда яратилган шарт-шароитларни ўзида мужассам этувчи мобиль илова яратиш бўйича грант эълон қилиш юзасидан топшириқ берилди. Мазкур грант ғолиблари бухоролик дастурчи ёшлар бўлишига биз, ишонамиз.

Алижон Яхшиев,

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини 

ривожлантириш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи

ЎзА