Юртимизда тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, замонавий каминвазив жарроҳлик амалиётларининг республика бўйлаб, жумладан, ҳудудий тиббиёт муассасаларида кенг жорий этилаётгани соҳа ривожининг яққол ифодасидир.
Травматология йўналишида мураккаб, юқори технологияли операцияларнинг мамлакатимизда муваффақиятли амалга оширилаётгани, маҳаллий мутахассисларнинг бундай жарроҳлик амалиётларини пухта ўзлаштириб бораётгани ҳар биримизда ғурур ҳиссини уйғотади.
Шунингдек, даволаниш жараёнида бемор атрофида яратилган ижобий муҳит ҳам унинг руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб, тезроқ соғайишига хизмат қилади. Республика Шошилинч Тез ёрдам илмий маркази Бухоро филиали мутахассислари кейинги йилларда айнан шу омилларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Бугунги кунда юқори малака ва замонавий технологияларни талаб этувчи тиббий хизматлар нафақат вилоят марказида, балки туман миқёсида ҳам амалга оширилаётгани соҳанинг жадал ривожланаётганлигидан далолат беради.
Филиалнинг етакчи травматологларидан А.Орипов бошчилигида туман травматологлари билан ҳамкорликда Ромитан туманидаги Туманлараро қўшма жароҳатлар ва қон-томир касалликлари марказида навбатдаги “Маҳорат дарслари” муваффақиятли ўтказилди.
Мазкур тадбир доирасида меҳнатга лаёқатли, ўрта ёшли икки нафар беморда юқори технологияли, каминвазив травматологик амалиёт бажарилди. Хусусан, биринчи беморда “Чап болдир суякларининг пастки учлигидан ёпиқ, майдаланиб синиб, силжиш” ташхиси, иккинчи беморда эса “Ўнг елка суягининг юқори учлигидан ёпиқ, бўлакланиб синиб, силжиш” ташхиси аниқланди. Ҳар икки ҳолатда ҳам “ЭОП остида каминвазив блокловчи интрамедулляр остеосинтез” усули қўлланилди.
Ўтказилган ушбу замонавий амалиётлар натижасида беморлар эрта реабилитация қилиниб, қисқа муддат ичида тўлиқ меҳнат фаолиятига қайтиши учун мустаҳкам замин яратилди.
“Маҳорат дарслари” жараёнида бажарилган операциялар мутахассислар томонидан амалий тажриба асосида кенг ёритиб берилди. Шунингдек, каминвазив даволаш усуллари бўйича жаҳон тажрибаси билан ҳам ўртоқлашди.
Тадбир якунида филиалнинг Травматология бўлими мудири А.Мўминов ҳамда мутахассислар иштирокида Ромитан “Туманлараро қўшма жароҳатлар ва қон-томир касалликлари маркази” фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган аниқ режалар ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.